Бош саҳифа / Жамият / Оталар ибрати – умр безаги

Оталар ибрати – умр безаги

Ота — оиланинг устуни, чинакам ва мустаҳкам қўрғони. Бу қўрғон ота тарбияси билан мустаҳкамланади. Бола тарбиясида онанинг ўрни беқиёслиги ҳаммамизга аён ҳақиқат. Лекин тарбия жараёнида отанинг ўрни жуда муҳим эканлиги ҳаётда ва фанда аллақачон ўз исботини топган.

Оилада отамнинг мав қеи ниҳоятда баланд эди. Отажонимнинг ўтирган ўрни аллақандай оҳорли, оҳанграболи эди. У кишининг ўрни уйнинг ва дастурхоннинг энг тўрида жойлашган бўлиб, бу тартибни ким, қачон ўйлаб топган ёки буюрган буниси бизга қоронғу эди. Отамдан ўтиб ҳеч ким, ҳатто онам ҳам таомга қўл узатмасдилар. У киши дуо қилмасдан ҳеч кимнинг туриб кетишга журъати етмасди. Биз оилада олти фарзанд – бир ўғил, беш қиз эдик. Онажонимнинг табиати ниҳоятда юмшоқ эди. Болалик қилиб, бирор ножўя хатти-ҳаракатлар қилсак ё хатога йўл қўйсак, онамиз номигагина койиб қўяқоларди. Отамиз ранжиса, аҳволимиз чатоқ эди: икки қўлимизга иккита ғишт кўтариб, йиқилиб қолгунимизча бурчакда тик туришга мажбур эдик. Кейин ўша хатони такрорламасликка ҳаракат қилардик. Тўғриси, отамизни ҳам ҳурмат қилардик, ҳам ҳайиқардик. Шунинг учун ҳам қадамимизни минг марта ўйлаб босардик. Бизнинг яхши фазилатларимиздан, мактабда олган яхши баҳоларимиздан, одобимиздан, китоб ўқиб, шеърлар ёд олишимиздан отам бениҳоя хурсанд бўлардилар. “Фахрий ёрлиқ” олсак ёки бирор ютуққа эришсак ўша куни уйимизда ҳақиқий байрам бўларди.

Биз фарзандлар ота уйимизда тез-тез йиғилиб туришни одат қилганмиз. Ҳар сафар йиғилганимизда биринчи галда тилга олинадиган улуғ зот отамиз бўладилар. Отажонимнинг ибратли гапларини, панду насиҳатларини ўртаниб эсга оламиз. Ҳали-ҳамон ҳаётга отамизнинг нуқтаи назари билан қараймиз. Гўё у киши ҳозир ҳам бизнинг юриш-туришимизни, хатти-ҳаракатимизни кузатиб тургандай.

Онам ҳамиша болаларнинг тарбиясида отамнинг обрўсидан фойдаланардилар. Оилада укам ёлғиз ўғил бўлиб, отам укамни бирор ножўя иши учун жазоласа, онамнинг аралашишга ҳадди сиғмасди. Бир гал укам мактабдан қайтаётганида ўртоқлари билан ҳамқишлоғимизнинг томорқасида ғарқ пишган анорзорга кирганини эшитган отам қаттиқ ғазабланди. Ҳеч қачон отамни ўша кундагидек важоҳатда кўрмаган эдик. 5-синфда ўқийдиган укамни отам камар билан сийлагани етмагандай, кўз ўнгимизда ҳолдан тойгунча икки қўлига ғишт кўтартириб, бурчакка тикка қилиб қўйганди.

Онам озроқ эмраниб, “балки етар”, деганларида бир тарсаки еганлари ҳали ҳануз шундоққина кўз ўнгимда. Таълим тизимидаги 18 йиллик тажрибамдан билдимки, бу хатти-ҳаракат педагогик аҳамиятга эга экан. Чунки агар ота фарзандини жазолаганда она уни ҳимоя қилса, бола ўз хулқ-атвори, хатоларига тан қидий қараш шаклланмайдиган, ўзини асоссиз жазоланган ҳисоблайдиган ва бора-бора ота-онасини писанд қилмай қўядиган худбин инсон қиёфасига кираркан. Кейинчалик отажоним бу фазилатларини куёвларига ҳам юқтириб кетдилар. “Турмуш ўртоғинг ярим пир, пирнинг юзига тик боқсанг, сендан рози эмасман”, деяверар эдилар. Мен эса ҳадеганда бу гапларга парво қилавермасдим.

Бир гал турмуш ўртоғимнинг яқин дўсти қарз сўраб келди, уйда озроқ жамғариб қўйган маблағимизга эса менинг режалаштириб қўйган ишларим бор эди. Лекин турмуш ўртоғим ўша маблағни олиб чиқ, дўстимга зарил бўлиб қолибди, дедилар. Мен эса бундан норози бўлдим. Норозилигимдан ғазабланган эрим мени қаттиқ жеркиб ташладилар. Ҳали эсини танимаган болаларимни олиб, ота уйимга аразлаб кетдим. У ерда эса менинг ёнимни олади деб ёйлаган отамнинг қаттиқ эътирозига дуч келдим. “Эссиз умрим, сенга тарбия беролмаган эканман, сенинг хатти-ҳаракатинг нотўғри, оилада, жамиятда эрингнинг обрўси, аввало, уни сенинг қанчалик ҳурмат қилишингга боғлиқ. Чунки турмуш ўртоғини эъзозламаган аёлнинг жамиятда, одамлар олдида ҳурмати бўлмайди, қолаверса, болаларинг ҳам отасига ҳурмат руҳида улғаймайди. Бу эса сенинг чинакам фожиангдир”, дедилар. Ўшанда бу қилмишимдан қаттиқ уялгандим. Отамнинг ўгитлари билан турмуш ўртоғимга бўлган муносабатимни идора-ислоҳ қилишни ўргандим. Оиламизнинг барча ички ва ташқи тизими, ўз-ўзини идора қила билиш ва мукаммал интизомга бўлган интилиш турмуш ўртоғимнинг раъйига қараб белгиланадиган бўлди.

Яқинда қизимизни узатадиган бўлдик. Тўй куни белгиланди. Тўйга бир ҳафта қолганида турмуш ўртоғим қизимизни ёнларига ўтирғизиб, узундан узун дуо қилдилар. Узатилаётган қизимизга шундай талаб қўйдилар:

Қизим, сенинг ҳар бир хоҳишинг мен учун қонун бўлди, сени ўқитдик, яхши мутахассис қилиб етиштирдик, мустақил ҳаёт остонасида турганингда биргина талабим бор, шу талабимни адо этсанг, сендан тоабад розиман”, дедилар. “Талабим шуки, телефонинг ни уйда қолдириб кетасан, токи куёв рухсат бермагунча у менда тура турсин, сен билан алоқада бўлиш учун куёвнинг, қайнонангнинг телефонига чиқамиз, улар рухсат берган тақдирдагина сен билан сўзлашамиз. Сенинг ўзингга тўғридан тўғри чиқишни ҳаммага, ҳатто онангга ҳам тақиқлайман, ўз ўрнида сен ҳам уларнинг рухсатисиз биз билан боғланмайсан, — дедилар. Мен аввалига, ҳайратландим.

— Ахир бу қанақаси, бутун бошли бир инсонни бегона хонадонга бериб юборамизу, у билан тўғридан тўғри суҳбатлашмас эканмизми, ҳозир замон бошқа-ку? — дедим норозилигимни яширолмай.

Гапим гап! Изоҳга ҳожат йўқ!

Дадасининг қатъий тутуми раҳматли отамни эсимга тушириб юборди. Тўй куни отасининг оёғига тавоф дуосини олган қизимизни остонадан кузатиш жараёнидаги кечинмаларим бир ёқ бўлса, куёвни бағрига босиб қулоғига ниманидир шивирлаган дадамизнинг, нималар деганига қизиқардим. Тўйдан кейин энг керакли нарсамни йўқотиб қўйгандек бўлиб юрдим. Қизимнинг қўлида телефон йўқ, куёвга ёки қайнонасига телефон қилиш ноқулай, ишқилиб, боласи билан қизиқмаяпти, деган бўлмағур фикрларга боришмасинда, дейман ўртаниб. Ҳаловатсиз юришим дадамизнинг парвойига ҳам келмаслиги эса асабимни қайрайди. Кеча, дастурхон бошида оила бошлиғимизнинг ўзини тутиши эса ўзгача бўлди.

— Ўғлимиз телефон қилди, — дедилар ғайриоддий оҳангда.

— Тинчликми, пули тугабдими?, — дедим пойтахтда ўқиётган ўғлимдан хавотирланиб.

Йўқ. Тўнғич ўғлимизни айтаяпман, — дедилар жилмайиб.

Онам яхши юрибдиларми, деб сени ҳам сўради. Тўй куни бағримга босиб, қизимни сенга, сени Худога топширдим, унинг аҳволини фақат сен орқали биламиз дегандим, мана бугун телефон қилиб, менга “Отажон саломатмисиз, қизингиз ишончли қўлларда”, сизларга раҳмат, деб мени эсанкиратиб қўйди. Лекин бу гаплар мен учун чақмоқ каби таъсир қилди. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир муборак ҳадислари ёдимга тушдики, ота-она фарзандига бера оладиган энг яхши туҳфаси бу гўзал одоб-ахлоқ экан.

Шу топда дадамиз кўзларимга жиддийлик тимсоли ва одобнинг юксак намунаси бўлиб кўриниб кетди. Негаки, у кишининг тарбиясида ўзига хос бутунлик ва яхлитлик, қандайдир ёзилмаган қатъий интизом борлигидан, шу интизом туфайли яна бир ўғилли бўлганимизу, қудаларимиз олдида юзимиз ёруғлигидан фахру ғурурга тўлдим.

Бундай бахт ҳар кимга насиб қилсин!

Райҳона РАҲИМОВА

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

“Аёл ва замон” марказида янги лойиҳа

Воҳамиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётида нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳам ўз ўрни бор. Бу борада “Аёл ва замон” …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan