Бош саҳифа / Таълим / Отахон талаба бўлса…

Отахон талаба бўлса…

Интернет тармоғида 79 ёшли отахон Маматқул Бердиевнинг университетга топширганлиги ҳақидаги хабарлар тарқалганлиги кўпчиликнинг эътиборини тортди. Айримлар отахоннинг бу ҳаракатини қоралагандай бўлди. Уларнинг фикрича, отахоннинг бу иши шунчаки пиар, кўзбўямачилик эмиш. Бошқа томондан қараб, отахоннинг шижоати, илм олиш хоҳиши устуворлигидан чиндан завқланганлар борлиги эса фикрларнинг турфа эканлигини изоҳлайди. Маматқул ака аллақачон аграр соҳанинг пири бўлиб кетган, у кишига олий маълумот керак ҳам эмас, — дейди у кишини танийдиганлар. Бугун ҳам деҳқончиликнинг ҳадисини олган отахонни полиз пайкалларидан топасиз. Қовун-тарвуз, мева-чеваларнинг уруғидан то пишиб етилгунига қадар бўлган жараённинг ипидан игнасига қадар ўрганган отахоннинг ўтган асрнинг ярмида Ангорга кўчиб келган пайтлари, урушнинг асоратли дамлари хотиралари таниш, ҳамнафас. Маматқул ака билан суҳбатлашганимда:

— Олий маълумотим бўлмаганлиги кўп ўринларда панд берган. Бугун болаларим олий маълумотли, уй-жойли. Энди менинг навбатим, — дейди. — Университетга топширганимда кўпчилик кулди. Олган балимни эшитганлар, ўтган йилги уринишим беҳуда эканлигини юзимга солганлар ҳам бўлди. Йил давомида китобларни ўқидим. Қизиқтирган саволларимга мутахассислардан жавоб олдим. Бу йилги тестга тайёрландим. Ўқишга кириш учун билим керак.

Қийналмаган инсон роҳатини кўрмайди, деб ҳисобловчи Маматқул аканинг феъли кенг, суҳбатлари қизғин, фикри теран. — Бу ишим, ҳечқурса, сабоқ бўлади, — дейди отахон. — Қани бизни даврларда шундай имкониятлар бўлганда ўқимасмидик. Ҳозирги ёшларнинг ўқимаслиги ёмон…

Гаплашган сари завққа тўлиб борардим. Ўқишни битирсангиз, нима қиласиз дея қизиқдим.

— Насиб, ўқишга кириб битирсам, балки энди ишга кира олмасман. Аммо, ҳали кучим бор. Ишлашим ҳам мумкин. Ҳозир ҳам ишлаяпман-ку, — дейди отахон.

Суҳбатнинг шу пайти бу мавзуга фикр билдирган баъзи ёшлар отахоннинг ўқишга кириши дарснинг сифатига таъсир қилади, дейишгани эсимга келади. Боболар кўп гапиради, деб қўшимча қилишганди улар. Аммо, ишонинг, мен суҳбатлашдим. У кишининг ҳар бир гапи муҳим, ортиқча эмас. Агар шундай имконият берилиб, имтиҳонсиз, истисно тариқасида ўқишга қабул қилинсалар ҳам бу жамиятнинг ютуғи бўларди. “Ўқимайдиган” ёшларни тергаб, илмли қиладиган инсон билан бир гуруҳда ўқиш бошқача. Ахир, у кишигина бу кунларнинг, шароитларнинг қадрини яхши билади. Ким қандай фикрда бўлмасин, журналистга хос бўлмаган нохолислик десангиз ҳам, Маматқул Бердиевнинг Тошкент давлат аграр университети Термиз филиали талабаси бўлишини ўзидан кўра кўпроқ истаяпман.

Хуршид Каршиев

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Дарс тайёрлаётганда болага тазийқ ўтказманг!

Ҳозирги кунда фарзанд билан ота-она ўртасидаги муносабатлар долзарб муаммолардан биридир. Чунки ота-она фарзанд тарбиясида турли …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan