Бош саҳифа / Қишлоқ хўжалиги / Ота касбини ардоқлаб

Ота касбини ардоқлаб

Қорамол, қўй-эчки деймизу, лекин  чорвани эплаш ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди. Деҳқон йиғганда тинаркан, лекин чорвадорга қишин-ёзин тиним йўқ. Чунки жониворлар этига-эт қўшиши, сут бериши учун ҳам доимо кавшаниши шарт. Чорванинг ана шу ташвишларига чидаган одам соҳанинг ортидан нон ейди.

Шерободлик Баҳодир Тошпўлатовга чорвачилик ота касб. Отаси Жўраниёз бобо узоқ йил хўжалик молларини боқди, чорва ортидан топган даромадидан фарзандларини камолга етказди, ўқитди, уйли-жойли қилди. Шу боис, ширкат хўжаликлари тугатилиб, замирида фермер хўжаликлари ташкил этилаётганда Жўраниёз бобо фарзанди Баҳодирни собиқ сут-товар фермасининг биттасини хусусийлаштириб олиш ва фермер хўжалиги ташкил этишга даъват этди.

Ферманинг иморатлари деярли нураш ҳолига келиб қолганди. Баҳодир ўз сармояси ва банкдан олинган 52 миллион сўм кредитга қишки ва ёзги бостирмалар қурди. Фермадаги қорамоллар ҳоли ҳам ўзига яраша эди. Уларни сифатли озуқа билан таъминлаш учун ажратилган ерни асосан шўра ва ажириқ босганди. Отаси маслаҳатига амал қилган ёш чорвадор биринчи навбатда ернинг мелиоратив ҳолатини яхшилашга эътибор берди. Ўз маблағи ҳисобидан техника жалб қилиб, ёпиқ зовурларни тозалатди. Натижада, анча вақтдан бери яроқсиз ҳолга келиб қолган заминнинг 19 гектарида  озуқабоп ўсимликлар ўстирилди ва сифатли озуқа жам ғарилди.

Айтиш керакки, ўша пайт- да ширкат хўжаликларининг чорвачилик фермаларига эга бўлганларнинг кўпчилиги қорамоллар тугул, фермаларни ҳам сотиб юборишди. Лекин Баҳодир фақат мол бош сонини кўпайтириш, маҳсулот ишлаб чиқаришни ошириш ҳисобига фермер хўжалигини оёққа турғазди.  Дастлаб жайдари сигирларни парваришлаган чорвадор 2005 йилда Польша давлатидан келтирилган зотли молларга харидор бўлди. Тажрибали чорвадор биринчи галда сотиб олинган наслли молларни иқлимга мослаштириш ва сунъий қочириб, кўпроқ соғлом бузоқ олиш йўлида бор тажриба ва маҳоратини ишга солди. Самар- қанд қишлоқ хўжалиги институти олимлари билан ҳамкорликни йўлга қўйиб, хориждан келтирилган зотли молларни соғлом сақлаб қолиш чораларини излади. Олимларнинг тавсиясига амал қилган ва жониворларни сифатли озуқалар билан парваришлаган, сунъий қочиришга алоҳида эътибор қаратган чорвадорнинг қўрасида зотли моллар кўпайиб борди. Бугун хўжаликда 120 бош қорамол боқилаётган бўлса, уларнинг 90 фоизи хориждан келтирилган сигирларнинг бузоқларидир.

Чорвачиликка ихтисослашган “Тошпўлатов Баҳодир Жўраниёзович”  фермер хўжалиги ҳар йили қарийб 50 гектар майдонга ҳар хил озуқабоп экинлар ўстираяпти. Омухта емнинг бир қисмини давлат корхоналаридан харид қилишаётган бўлса, бир қисмини ўз далаларида бошоқли экинлар экиш ҳисобига кўпайтиришаяпти. Шунинг учун ҳам бугун фермер хўжалиги мол- хоналарида боқилаётган сигирларнинг ўртача тирик вазни 700-750 килограмм тош босиб, бир кунда ҳар бир сигирдан 35 килограмгача сут соғиб олинаяпти. Гўшт учун боқилаётган зотдор буқаларнинг тирик вазни 800 килограмгача тош босмоқда. Зооветеринария қоидалари асосида парваришланаётган ва ўз вақтида сунъий қочирилаётган сигирлардан соғлом бузоқ олинаётир. Ҳозирда чорвачилик фермасида 54 бош бузоқ ўстиришга қолдирилиб, 20 бош бузоқ гўшт учун алоҳида-алоҳида парваришланаётир. Янги туғилган 46 бош зотли бузоқ намунали парваришланаяпти.

Ўрни келганда айтиш керакки, жониворларни парваришлашда Баҳодир Тошпўлатов ҳамиша илмий асосланган хулосаларга таянади. Қишлоқ хўжалигига оид янгиликлардан доимо хабардор, ўқиб-изланишдан чарчамайди. У илмий изланишларини амалиёт билан уй- ғунлаштиргани боис қишлоқ хўжалик фанлари номзоди илмий даражасига эришди.

Фан номзоди ва тажрибали фермер Баҳодир Тошпўлатов фақат чорвачилик билан шуғулланиб қолгани йўқ. Хўжалигини кўп тармоқли бўлиши учун анчадан бери 1 гектар майдонда боғ ташкил қилиб, мевали дарахтлар ўстирмоқда. Ҳар йили 3-4 гектар майдонда полиз ва сабзавот экинлари етиштиради. 2005 йилда хўжалик даромади ҳисобига Украинадан сут маҳсулотларини қайта ишлаш технологиясини келтирганди ва бугун фермер хўжалиги қошидаги цехда ўзлари етиштираётган сутдан қаймоқ, кефир, бринза ва музқаймоқ ишлаб чиқарилаяпти. Жамоада 26 нафар киши доимий иш билан таъминланган, уларнинг 11 нафари касб-ҳунар коллежларини битирган ёшлардир. Мавсумий ишларда эса мудом 30-35 киши иштирок этади.

Баҳодир фермер саховатпешаликда ҳам кўпларга ўрнак. Кейинги уч йилда кам таъминланган оилаларга 71 тонна буғдойни бепул тар- қатганлигини маҳалладагилар яхши билишади. Термиздаги 12- “Меҳрибонлик уйи”га мудом кўмак бериб келаяпти. Кам таъминланган оилаларнинг беш нафар фарзандини сафарбарлик чақируви резерви хизматига жўнатиш учун 7,8 миллион сўм маблағ ажратди. Қишлоқдаги 17-умумтаълим мактабини таъмирлашга ҳар йили моддий ёрдам кўрсатмоқда. Фермер хўжалиги ташкил этилгандан бери қишлоқдан олийгоҳларда ўқиётган 14 нафар ўғил-қизнинг контракт-шартнома  пулини тўлашга кўмаклашган. Байрамларда, тантанали кунларда бўрдоқи молларни сўйиб, элни арзон нархдаги гўшт билан таъминлаб келаяпти. Қисқаси, Баҳодир Тошпўлатов замон ишбилармони, у раҳбарлик қилаётган фермер хўжалиги халқимизни чорвачилик маҳсулотлари билан таъминлашга муносиб улуш қўшмоқда.

Усмонали НОРМАТОВ

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

ПАРИҚИШЛОҚЛИК АНГУБИН

Бежизга қариялар умринг узун, ризқинг бутун бўлсин, деб дуо қилишмайди. Яна шу нарса айни ҳақиқатки, …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan