Бош саҳифа / Жамият / Ота бўлиш осон, аммо…

Ота бўлиш осон, аммо…

Малика эндигина беш ёшни қаршилаган бўлса-да, кўп нарсага ақли етади. Онаси билан момосининг пичир-пичир қилиши ундан қандайдир улкан сирни яшираётгандек туюлади. Кўчадаги болаларнинг “дадам”лаб гапириши унинг юрагига наштардек ботади. Дугоналаридай у ҳам дадасига эркаланиб, “қўғирчоқ ёки шоколад олиб келинг”, дегиси келади. Аммо у дадаси бор-йўқлигини билмайди. Назарида, аяси ва момоси  яширинча суҳбатларда шу ҳақида гаплашишади.

Бир куни аясининг “Алимент тўламаяпти, шуни олсам, Маликага туфли олиб берардим” деган гапини эшитиб қолди. Алимент нима экан, деб ўйлади. Балки у сеҳрли таёқчадир ёки пулмикан? Агар шундай бўлса, уни ким беради? Малика шу хаёллар билан ухлаб қолади. Тушларида эса ўзи ҳеч қачон кўрмаган сирли дадажони унга катта, кўзлари юмилиб очиладиган қўғирчоқ олиб келаётган бўлади…

Оилада фарзанд дунёга келгач, ота-она наслим давомчиси дея қувонади. Унга ўзига раво кўрмаган энг яхши нарсаларни тортиқ қилади. Оқ ювиб, оқ тараб, бекаму кўст вояга етказади. Вақтини, кучини сарфлаб бўлсада, уни ҳаётда ўз йўлини топишига, яхши касб эгаси бўлишига кўмаклашади. Хўш нега? Албатта, эрта бир кунимга ярасин, қариганимда суянчиғим бўлсин, деб умрини фидо қилади. Аммо бугун ҳамма ота-оналар ҳам мақсадга мувофиқ иш тутаяптими?

Маълумотларга кўра, Ўзбекис- тон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармаси давлат ижрочиларига шу кунгача алимент ундирувлари бўйича келиб тушган ижро ҳужжатлари 18 490 тани ташкил этади. Улардан 2 592 таси жорий йил бошидан буён қайд этилган. Бу эса ўтган саккиз ой мобайнида фарзанди бор шунча оила пароканда бўлди дегани. Албатта, бу ачинарли ҳолат. Мавжуд ижро ҳужжатининг сонидан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, бугун  минглаб болалар ота меҳрисиз, носоғлом оила муҳитида улғаймоқда.

Рўйхатда кўрсатилгани билан алимент тўловини ишсизлиги ёки бошқа важларни рўкач қилиб, тўламаётган оталар ҳам афсуски, кўпчиликни ташкил этади. Ўз фарзандининг моддий таъминоти, яъни унинг нима еб, нима ичишию, қандай кийим кийиши билан мутлақо қизиқмайдиган субутсиз оталарни ким деб аташ мумкин? Бироқ, фарзанд олдидаги бурч, оталик масъулияти-чи?

БОЛА ҚАЛБИГА ДАРЗ ЕТМАСИН

Бир сафар таниш ўқитувчи аёл ўқувчисининг унга ёзган мактубини ўқиб берганди. Унда шундай жумлалар бор эди: “Биз отам, онам, укам ва мен бахтиёр яшар эдик. Мен отамни ҳаммадан кўпроқ яхши кўрардим. Улар билан бирга ачомлашиб ухлардим. Аммо онам оғир касалга чалинди. Отам эса бизни ташлаб, хорижга кетди. Кейин билсам, у ерда бошқа аёлга уйланиб олибди. Менинг жиззаки, ёмон қиз бўлиб қолганимнинг ҳам сабаби шунда. Ўшандан кейин, менга ҳеч ким, ҳеч нарса ёқмай қўйди. Айтилган ишнинг тескарисини қиладиган, уришқоқ бўлиб қолдим. Сиз эса менга меҳрибонсиз. Менинг бемаъни қилиқларим учун кечиринг, устоз.”

Бу қизчанинг юрагида кўмилиб ётган оғриқлари, дардлари эди. Мактубдан отасининг ташлаб кетгани, унинг руҳиятига, ҳаттоки, хулқ-атворига ҳам қанчалик салбий таъсир кўрсатганини фаҳмлаш қийин эмас. Ваҳоланки, бола қалби гулдан нозик. Шу боис уни синдириш осон. Бироқ, бу синиқ чизиқлар унинг таълим-тарбияси, камолотига қандай таъсир кўрсатаркин?

— Тарбиясида кемтиклик кузатилган болалар жиззаки, қайсар ва атрофдагилардан аламзада бўлиб яшайди, — дейди руҳшунос Абдулла Зиёдуллаев. — Энг ёмони, бора-бора бу ҳис жамиятга нисбатан шаклланиши ҳам мумкин. Кейин, отасиз ўсган қизларимизда бетгачопарлик, шарм- сизлик қусурлари урчиб, ўғлонларда эркакларга хос мардлик, тантилик, ирода кундан кунга заифлашиб боради.

Нега бу ҳақида турмушнинг муштига чидай олмай, ўз ҳузур-ҳаловатини, тинчини ўйлаб, ажрашиш учун судга югуриб борган қадрли оталар, оналар ўйлаб кўрмайди? Ахир, фарзанд бу — қўлимизга тутиб ўйнайдиган қўғирчоқ-ўйинчоқ эмас. Унинг ҳам ўз сўзи, хоҳиши, ҳақ-ҳуқуқи бор. Энди бир ўйлаб кўринг, бола пайтиданоқ бундай ҳуқуқдан, бахтиёр яшаш имкониятидан маҳрум бўлган фарзанд ота-онасининг эртасига ярармикан?

ОИЛА УСТУНИ

Биз барча ота-оналарни тамомила қоралаш, масъулиятсизликда айблаш фикридан йироқмиз. Негаки, орамизда шундай олийжаноб, мард инсонлар борки, улардан ўрнак олсак арзийди.

Яқинда Шўрчи тумани “Эгарчи” маҳалла фуқаролар йиғинида бўлдик. МФЙ котиби Умрзоқ Эрматов аҳолининг муаммоларини ўрганиш жараёнида бизга ҳамроҳлик қилди. Йўл-йўлакай оилавий низолардан гап очилидию  ҳамроҳимиз бахтсиз ҳодиса сабаб фалаж бўлган аёлининг етти йил тўшакка михланиб қолганини айтиб қолди. Бу вақт ичида ҳам ишлаб, ҳам рўзғордаги юмушларни: сигир соғишдан тортиб, кир ювишу овқат қилишгача ўзи бажариб, ҳам икки нафар қизалоқнинг тарбиясию эндигина туғилган чақалоғини катта қилганини сўзлаб берди. Етти йилдан сўнг, мураккаб операциядан муваффақиятли чиққан аёли тузалганини қийинчиликлар эвазига берилган тақдир туҳфаси, дея қабул қилганини эшитиб, орамизда шундай метин иродали, оилани муқаддас қўрғон, деб билган оталаримиз борлигига қувондик. Ўшанда оилада эркак жуфтига, фарзанд- ларига меҳр кўрсатмаганда аёл дардига дард қўшилиб, бир умрга касалманд бўлиб қолиши, фарзандлари эса аро йўлда қийналиши ҳам мумкин эди. Аммо оиланинг устуни бунга йўл қўймади.

Баъзан алимент тўлашдан бош тортган ёки арзимаган сабаб билан оиласини ташлаб кетиб, фарзандларини тирик етим қилган оталарга қараб, сизлар ҳам мана шундай олижаноб, мард оталардан ўрнак олинг, дегим келади.

Феруза РАҲМОНҚУЛОВА

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Осойишталик посбонлари эҳтиёжманд 1000 оилага ўн турдаги озиқ-овқат маҳсулоти етказиб бермоқда

Сурхондарё вилояти ички ишлар идоралари ходимлари Президентимиз томонидан илгари сурилган “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатини …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan