Бош саҳифа / Жамият / От кишнаган манзиллар

От кишнаган манзиллар

Ўзбек насрининг етук намояндаларидан бири Тоғай Муроднинг “От кишнаган оқшом” номли қиссасини ўқимаган одам кам топилса керак. Асар қаҳрамони Зиёдулла чавандоз бутун борлиғини тилсиз жонивор отга бағишлайди. Жумладан, асарда отни: “Тўрт оёқли жонивор от бўлаётиб… ҳа, ҳа, от бўлаётиб… нима феъл-атвор топса, шу феъл-атворида қолади. Нима қилиқ топса, шу қилиғида қолади. Нима кўрса, нима билса, нима ўрганса, барча-барчаси танасида қолади, миясида қолади.

Ана шундан кейин чавандоз отни тузатаман деса, ўзига жавр қилади. Отни тузатиб бўлмайди!

Биродарлар, сара от, чавандоз ақл-заковатидан бино бўлади! Сара от, чавандоз қалб қўридан бино бўлади! ” дея таърифлайди. Аслини олганда, ҳар бир жонзотни қўлга ўргатса, тарбия қилса бўлади. Аммо қандай тарбия қилишда ҳам ҳикмат кўп. Айниқса, кўпкари чопадиган отни парваришлаш энг мушкул иш. Энг қизиғи, мақоламиз қаҳрамонининг исми ҳам Зиёдулла. Балки бу шунчаки тасодифий ўхшашликдир, аммо Қумқўрғон туманидаги “Қорабайир” йилқичилик фермер хўжалиги бошлиғи Зиёдулла Алмановнинг “Метан” лақабли оти бутун вилоятда машҳур бўлганлигини кўпкари ишқибозлари жуда яхши билишади.

— Шу отни 7 ёшлигида 4 миллион сўмга сотиб олган эдим. Зоти яхши экан, тарбия қилдик, кам бўлмади. Лақаби — “Метан”. Шу от 11 йил мобайнида кўпкарида юзлаб зот айирган. Бир мавсумда кўпкарида 15-20 тагача от, той айирган пайтларимиз кўп бўлган. Бойсунлик Нурилла, Шўрчидан Одил, Музработдан Шоберди, Бойсундан Чори чопағонлар кўп маротаба “Метан” лақабли от билан кўпкарида ғолиб бўлишган. Шу отимизни яқинда 125 миллион сўмга сотдик, — дейди З. Алманов.

Худо баракасини берса, ўз-ўзидан молга мол, бошга бош қўшилавераркан. Зиёдулла ака гап орасида отаси, раҳматли Сафар бобо ҳам ўз вақтида йилқичилик билан шуғулланганлиги, от миниб, улоқ чопганлигини таъкидлайди. Бугунги кунда фермер хўжалигида 210 бош турли хил зотдаги отлар бор. Энг аҳамиятлиси шундаки, қаҳрамонимиз ҳеч қандай банк кредитларисиз, ўз имкониятлари ҳисобидан йилқичилик соҳасини ривожлантирди. Сирасини айтганда, йўқни йўндирди. Аслини олганда, бунча йилқини боқишнинг ҳам ўзи бўлмайди. Шу жиҳатлари ҳисобга олиниб, ўтган йили “Қорабайир” йилқичилик фермер хўжалиги ташкил этилди. Шунинг ҳисобига фермер хўжалигига 300 гектар яйлов ер майдони ажратилди. Ва ўз навбатида, от зотларини тоза сақлаш мақсадида, ҳар йили бошқа вилоятлардан биялар олиб келинади.

— Президентимиз билан юзма-юз гаплашиш шарафига муяссар бўлдим. Бундан жуда ҳам миннатдорман. Муҳтарам Юртбошимиз биз сингари тадбиркорларни қўллаб-қувватлаб, хонадонимизга ташриф буюрганлиги жуда катта қувончли воқеа бўлди. Юртбошимиз ташрифлари чоғида йилқичиликни ривожлантириш борасида ўзининг қимматли тавсияларини бериб ўтдилар. Насиб бўлса, ушбу тавсияларга асосан, Қирғизистондан 100 бош қорабайир зотли отларни олиб келишга ҳозирлик кўраяпмиз, — дейди З. Алманов.

Йилқичилик билан бақамти равишда чорвачилик ҳам ривожлантирилмоқда. Айни пайтда фермер хўжалигида 12 нафар ишчи-хизматчи фаолият юритади.

Машҳур ўзбек ёзувчиси Саид Аҳмад бир асарида шундай эпиграф келтиради: “Минган отингни, белингдаги пичоғингни, никоҳингдаги хотинингни зинҳор бировга ишонма, болам!” Ҳақиқатан, от жуда ҳам вафодор, ақлли жонивор. Отни боқиш, тарбиялаш эса жуда ҳам эътиборталаб иш. Гапнинг индаллоси, ҳар ким қурби етган иш билан шуғуллангани маъқул. Инчинун, Зиёдулла Алманов бошлиқ фермер хўжалигининг бугунги кундаги ютуқлари ҳамда истиқболи хусусида фақат илиқ фикрлар айтиш мумкин. Келгусида фермер хўжалигида йилқилар сони янада кўпайтирилиб, янги иш ўринлари яратилади. Бундан нафақат тадбиркор, балки эл ҳам манфаатдор. Вилоятимизда тобора камёб соҳага айланиб бораётган йилқичилик ривож топса, нур устига, нур бўлар эди.

Холмуҳаммад ТОҒАЙМУРОДОВ

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Сувга чўкишдан сақланинг!

Сўнгги вақтларда вилоятимиз ҳудудида фуқароларнинг, айниқса вояга етмаганларнинг сув ҳавзаларида чўкиб кетиши билан боғлиқ нохуш …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE