От чопса гумбурлар тоғнинг дараси

0
82

ёки Сурхон элининг булбули Шерна бахши ҳақида қайдлар

Шерназар Бекназар  ўғли — ўзбек бахшичилик санъатида унинг ўрни каттами ёки йўқ, бироқ Шеробод достончилик мактабида  бу  шахс — илк  йирик дарға, асосчидир. Уни билганлар, эшитганлар давраларда Шерна бахши, деб ёдга олишади.

Олов  қўрида, атрофида  дўмбирасини  динғирлатиб, гарданига  урган  оппоқ  соқолини   ўқтин-ўқтин  силаб  ўтирган   нуроний  бахшилар  гурунгида Шерна бахшидан  аввал  ҳам, Сурхон воҳасида довруқли бахшилар бўлганлиги,  фақат улар ҳақида маълумотлар узилиб қолганлиги  ҳақида  гаплар  юради.  Бу  ҳақда  кейинроқ, аввало эса  Шерна бахши  ҳақида сўз…

Шерназар 1866 йилда Бухоро амирлигига қарашли Шеробод  беклигининг Азон  қишлоғида Бекназарбой хонадонида туғилган. Шерназар бахши кейинчалик ўз термаларида отасининг вақтида  карвонсаройи, тўрттадан сув  тегирмони  ва жувози, бир   неча  юз  бош  чорва  моллари  бўлганлигини  таъкидлайди.

Ёш  Шерна гўдаклигиданоқ отасининг қўйчивонларининг  изидан Шеробод қирлари  сари  йўл  олишни хуш кўраркан. Кунларнинг бирида  Газлапон  дараси  томон  йўл олган чўпонларга эргашиб чиққан  болакайни  тушдан сўнг кўздан йўқотишади. Чарчоқ ва чанқоқ забтига олиб, 6 ёшли бола унгурда офтобдан паналаб ўтириб, ухлаб қолади. Кун  ботиб, кеч тушади. Адирдан  қайтганлар  Шернанинг йўқолиб қолганлигини  айтишганида, бутун овул  уни  излаб чиқади.

Болакай туш кўради. Тушида  оппоқ  соқолли  нуроний унинг тепасига келиб, таёғи билан туртиб уйғотади.  Шерназар   салом   берганида, чол  алик  олиб,  — Болам, айт-чи, манглайингга  берайми  ёки  тангла- йинггами? — дея  сўрайди.

Бола ўйлови  билан  у  агар манглайимга  беринг  десам, таёғи билан уради, деб танглайимга  беринг дейди.

Бобо  бош  ирғаб, тасдиқлайди  ва  кўзингни  оч,  дейди.

Шерназар  оғриб,  қизиб уйғонади. Ойдин тунда қўрқув аралаш уй сари йўл излаб чиқади. Чўпонтаёқ  топиб олиб, қўрқувни четлаш ва  овуниш  учун  уни  чертиб, хиргойи қилиб   қир-адир  ошади.

Овулликлар  учун  Шерназар  бедарак  кетади.

Ҳафта  ўтганда  кимдир уни Денов бозорида қўшиқ хиргойи қилиб ўтирганини айтади. Яқинлар 100 чақирим наридаги манзил сари ошиқади.

Кўрсалар болакай бир давра одамни ўз оғзига қаратиб, ўзидан қўшиқ тўқиб ўтирибди. Унинг  бу  ҳолатини   ёши улуғ кексалар  Ҳизр кўрганликка йўйишади.

Ота ўғлига дўмбира олиб беради. Таёқ чалган бола дўмбирани сайрата бошлайди.

Кунларнинг бирида  Шернанинг соҳир овози  Шеробод бегига  эшитилади.

— Бу  қандай  овоз,— сўрайди бек.

— Бу  овозни  ўчирайми? — дейди унга жавобан қўрғон шоири ва ҳофизи Ниёзали.

Бек  индамагач,  юрагида  ғидири бор Ниёзали шоир  овулга тушиб, овоз эгасини  излайди.   Овулдаги  тўй  эгалари  бекнинг одами  келганини эшитиб, қўрқув билан  пешвоз  чиқади.

Ниёзали ҳофиз отда, Шерназар ўтовда туриб, бири-бирини кўрмайин айтишув  қилади. Оқибатда, отдан тушган Ниёзали ўтовга кириб, болакайни  кўради  ва иқтидорига тан бериб, ўзи билан  қўрғонга олиб кетади.

Шерна бахши бекнинг саройида камолга эришади.

Шогирдлар  тайёрлайди. Бўлажак бахшилар Шерна бахшига ҳамроҳ бўлиб, қишлоқма-қишлоқ дос­тонларни тинглаб, камолга етишган. Унинг кузатуви остида шогирдлар, аввало, достонларнинг анъанавий жойларини ёд олишган, сўнг бос­қичма-босқич достоннинг барча матнини хотирасига жо қилишган. Бадиҳагўйликни касб этган. Ҳар олти ойда ўқувчиларидан имтиҳонлар олади. Эл-улусга лойиқ бўлиб етишган бахшиларга, шоирларга  васиқа  беради.

Имтиҳонлардан ўтолмаганларини яна ўзи билан тадбирларга эргаштириб юриб, синовларда  тоблайди. Қачонки, шогирд устоз бисотидаги асарлардан кўпчилигини ёддан ижро эта олса, устоз шогирд учун махсус синов уюштирган: шогирд сараланган ҳайъат олдида бутун бир достонни маромига етказиб куйлаб бериши лозим бўлган. Агар у устоз талабларига мос ижро этилса, шундан сўнггина тарбияланувчи бахши номини олган ва мустақил фаолият олиб бориши мумкин бўлган.

Умрининг  саксонинчи  довонидан ўтган, кўплаб  халқ  бахшиларининг устози, Ўзбекистон  халқ  бахшиси Хўшбоқ Мардонақулов айтганларига кўра, Шерназар  Бекназар  ўғли  кўпгина  улуғ инсонлар каби назаркарда киши сифатида келажакни ҳам башорат қила билган. У  термаларида бу ҳақда баён  этиб  борган. Осмонда  ҳам  йўл бўлишини, қоғоз пуллар чиқишини, минг йиллар давомида қақраб ётган  Чилвир  чўли обод бўлишини  айтади.

Бахши  1920  йилда  вафот этади. У бугун обод манзиллардан бирига айланган абу Исо  имом Термизий зиёратгоҳига дафн этилган.

Ўзбек халқ достончилигида бир нечта мактаблар мавжуд.

Айни пайтда Шеробод бахшичилик мактаби тўғрисида гап кетар экан, мактабнинг бошида Бобо шоир исм ли бахши туришини  айтишади.

Бироқ  мактаб, анъана  айнан  Шерназар Бекназар ўғли томонидан йўлга қўйилади.  Бу санъат равнақида Шеробод бахшичилик мактабининг ҳам ўзига хос ўрни бор. Шеробод бахшичилик мактаби вакиллари “Гўрўғли”, “Алпомиш”, “Рус- тамхон” туркумини куйлаш билан бирга, ўзбек эпосини бойитувчи қатор достон ва туркумлари билан ҳам ном қозонган. Жумладан, “Алпомиш” туркумини тўлдирувчи “Бева Барчин”, “Қўнғирот”, “Қалдирғоч”, “Шомурод”, “Худоёр” (ёхуд Йўлчибек), “Гўрўғли” силсилавий достонларини мукаммаллаштирувчи “Ғарибнома”, “Шаҳиднома”, “40 қасамёд”, “Авазнинг туғилиши”, “Малла савдогар”, “Ота-она дуоси”, “Нурали ва Семурғ”, “Шерали”, “Зулфиддин”, “Жархун мастон”, “Сув париси”, “Таркибадахшон”, бахши-шоирлар эътиқоди, ахлоқини улуғловчи “Олланазар Олчинбек”, “Бахши” сингари достонлар  Шеробод  бахшичилик  мактабига  хос.

Йиллар давомидаги узлуксиз олиб борилган фольк лор-этнографик экспедициялар  натижасида ХVIII асрнинг охиридан ҳозиргача яшаб, ижод қилган ва достончилик  анъанасини  давом эттирган Шеробод дос- тончилик мактабининг 250 дан ортиқ бахшиси фаолияти тадқиқ этилди.

Бугунги кунгача  Шеробод  достончилик  мактабидан 10 га яқин  Ўзбекистон  халқ  бахшиси  етишиб  чиққан. Хўшбоқ Мардонақулов, Шоберди  Болтаев, Боборайим Маматмуродов, Абдуназар Поёнов,  Қора, Чори, Расул  Умиров, Шодмон Хўжамбердиевлар шулар жумласидандир.

Президентимиз томонидан Термиз шаҳрида бахшилар мактабининг  очилиши  ҳам унутилаёзган  боқий  анъаналарнинг қайта тараннумига, юз очишига  сабаб  бўлаётир.

Сарвар  ТЎРАЕВ

ЖАВОБ ҚОЛДИРИНГ:

Илтимос изоҳингизни киритинг
Илтимос исмингизни шуерга киритинг