Бош саҳифа / Жамият / Осон эмас пок айламоқ Ватан тупроғин!

Осон эмас пок айламоқ Ватан тупроғин!

Ҳаёт аслида чинакам жанг майдонига ўхшайди. Унда кимдир адолатнинг туғини кўтариб жон бериб олишади, кимдир эса молу дунё, мансабу манфаат учун кураш олиб боради. Биров юз йил яшаса-да ҳеч кимсага нафи тегмай, бу дунёдан ном-нишонсиз ўтиб кетади. Бошқаси эса қисқагина умрида улуғвор ишларни бажаришга улгуради.

1978 йил 7 сентябрда Термиз шаҳрида ҳозирги “Гулираъно” маҳалласида туғилган оддий аскар Фарҳод Абдуллаев умри эрта завол топган бўлса-да унинг шу муқаддас тупроқ учун кўрсатган жасорати мангуликка дахлдордир. Бу жўмард йигит азиз жонини ҳурлигимизга чанг солмоқчи бўлган малъунларга қарши курашда Ватан учун қурбон қилганида ҳали эндигина 22 ёшни қаршилаган эди.

— Фарҳоджон ўғлим табиатан оғир, босиқ меҳнатсевар эди, — деб эслайди онаси Бибигул Абдуллаева. — У болалик чоғидан зийрак эди. Бир гал Хонжиза дам олиш масканига борганимизда болалар ўртасида асфальтга расм чизиш мусобақаси ўтказилди.  Фарҳоджон ўшанда тўққиз ёшда эди. У ҳам болалар қатори расм чизиб, биринчи ўринни олди. Қарангки, ўшанда ракетанинг суратини тасвирлаб, устидан чизиқ тортиб қўйганди. Яъни уруш бўлмаслигини истаганди. Йиллар ўтиб эса юрт тинчлигини асрашга бел боғлаган ҳарбий хизматчи бўлди.

Мактабни тамомлагач, Фарҳод Абдуллаев Ўзбекис- тон Республикаси Ички ишлар вазирлигига қарашли ички қўшинларда ҳарбийлик бурчини ўтади. Ва тез орада гуруҳ командирининг ўринбосари даражасига кўтарилди.  Йигитлик бурчини ўтаб қайтгач, Фарҳод ҳарбий хизматчи бўлиш орзусида эди. Бироқ, негадир махсус имтиҳон синовларидан ўта олмади. Лекин у аҳдидан, ўз олдига қўйган мақсадидан чекинмади. Аксинча, янада кўпроқ спорт билан шуғулланишга, билимини оширишга ҳаракат қилди. Ўз устида ишлаши, ўқиб-изланиши натижа берди. Фарҳод иккинчи синовдан муваффақиятли ўтди. 2000 йилдан эса Термиз шаҳридаги ҳарбий қисмлардан бирида тез тарқалувчи ва қуршаб олувчи отрядининг катта ўқчиси вазифасида шартнома бўйича хизмат қила бошлади.

У ҳарбий хизмати давомида бурчини ва хизмат вазифаларини сидқидилдан адо этишга киришди. Кўрсатмалар ва буйруқларга сўзсиз амал қилиб, ўз устида тинимсиз машғулотлар ва изланиш олиб борди.

Мамлакатимизнинг жанубий сарҳадлари Сариосиё ва Узун туманлари тоғли ҳудудларида 2000 йил  бўлиб ўтган жанговар ҳаракатларда сарҳадларимизга суқилиб кирган бир гуруҳ террорчиларга қарши олиб борилган жангда ўқчи оддий аскар Фарҳод Абдуллаев чинакам мардлик намунасини кўрсатди.

—     18 август куни мамлакатимиз тинчлиги ва халқимизнинг осойишта ҳаётига рахна солган жангариларни батамом яксон қилиш мақсадида разведка-қидирув гуруҳи таркибида ҳаракатланаётган Фарҳод қуролланган террористлар билан юзма-юз келиб, уларга қақшатқич ва беаёв зарба бериб, бир нечта жангариларни яксон қилди, — дейди у билан бир сафда жанг қилган сержант Оқилжон Холмуродов. — Ҳаёт-мамоти ҳал бўладиган жанг майдонида сўнги нафасигача курашди ва ўзига юклатилган махсус жанговар вазифани матонат билан бажарди. Аммо мард ўғлон хизмат бурчини ўташ вақтида қаҳрамонларча ҳалок бўлди.

 Оддий аскар Фарҳод Абдуллаев Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президентининг фармони билан “Жасорат” медали билан тақдирланди. Шундан сўнг ҳам ҳануз Фарҳоджоннинг мардлиги, жасорати унутилмади. У давлатимиз томонидан “Ўзбекистон Қуролли Кучларига 10 йил”, “Ўзбекистон Қуролли Кучларига 15 йил”, “Ўзбекистон Қуролли Кучларига 20 йил”, “Ўзбекистон Мустақиллигига 25 йил”, “Ўзбекистон Конституциясига 25 йил” эсдалик нишонлари билан тақдирланди.

“Ҳар қанча оғир бўлмасин, айтишим керак, Ватанимизни душманлардан ҳимоя қилиш ҳар бир Она юрт фарзандининг бурчидир. Мен ўғлим билан фахрланаман. Чунки ўғлимнинг қисқа ўтган умри зое кетгани йўқ!”. Бу қаҳрамонимизнинг отаси Шоазим Абдуллаевнинг юрагидан отилиб чиққан иқрорнома эди. Зеро, Ўзбекистонни, унинг халқини, осойишта ҳаётимизни ҳимоя қилиш учун жон фидо қилганлар ёрқин юлдуз каби қалбларимизда абадий порлаб туради.

Феруза РАҲМОНҚУЛОВА

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Ёмон гумон омад йўлимизни боғлайди

Толҳа ибн Абдурроҳман ибн Авф ўз замонасида Қурайшнинг энг саховатли кишиси эди. Бир куни унга …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan