Бош саҳифа / Жамият / Ҳосил тақдири – Сизнинг қўлингизда!

Ҳосил тақдири – Сизнинг қўлингизда!

СУРХОНДАРЁ  ВИЛОЯТИДАГИ БАРЧА ЖАМОАТ ТАШКИЛОТЛАРИНИНГ ВОҲА АҲЛИГА
 М У Р О Ж А А Т И

Қадрли воҳадошлар!

Серқуёш воҳамиз азалдан пилла, ғалла, сифатли пахтаси, сархил ноз-неъматлари билан довруғ таратиб келган. Сурхон деҳқони эл-юрт равнақи йўлида фидойилик билан меҳнат қилиб, тўйларга, байрамларга ҳамиша ёруғ юз билан пешвоз чиқади.

Саховатли куз фаслининг иккинчи ойи ҳам бошланди. Ушбу баракали дамларда бободеҳ- қоннинг қалб қўри, пешона тери эвазига етиштирилган пахта ҳосилини нес-нобуд қилмасдан, ёғин-сочинли кунларга қолдирмай йиғиб-териб олиш ҳар биримиздан катта масъулият талаб этади.

Қолаверса, йил бўйи далада тер тўкиб, меҳр билан ҳосил етиштирган деҳқону миришкорларга мададкор, қувончига шерик бўлиш инсонийлик бурч эканини доимо дилдан ҳис этмоғимиз керак.

Қадрли воҳадошлар!

Жорий йилги мавсумда пахта терим нархи ҳар йилгига нисбатан кескин ошди. Терим пуллари кунлик ҳисоб-китоб қилинмоқда. Бу эса ўз навбатида аҳоли учун қўшимча даромад деганидир. Меҳнат қилсак, унга яраша маблағ топиб, рўзғоримиз бутлиги, турмушимиз фаровонлигига ҳисса қўшган бўламиз.

Пахта вилоятимиз аҳлининг асосий бойлиги, дастурхонимиз тўкинлигининг бош манбаидир. Унинг чигити ва толасидан элликдан ортиқ маҳсулот олиниши барчамизга маълум.

Қадрли воҳамиз аҳли!

Барчамиз ташаббускорлик ва фидойилик билан йиғим-теримда фаол иштирок этиб, юртимиз равнақига, оиламиз фаровонлигига, дастурхонимиз тўкин-сочинлигига ўз ҳиссамизни қўшайлик!

Биз бу борада садоқатли ва жонкуяр опа-сингилларимизга, нуроний  отахону онахонларимизга, қалби қайноқ ёшларимизга ишонамиз. Ўз маҳаллангиз, қўни-қўшнилар билан жипслашиб, аҳил ва ҳамжиҳатликда зарбдор отрядлар тузиб, пахта йиғим-теримида фаол иштирок этсангиз, хирмонимиз баракали, юзимиз ёруғ, ҳаётимиз бундан-да фаровон бўлади.

Меҳнат инсонни улуғлайди. Меҳнат қилиб, вояга етган инсонда ҳеч қачон эл-юрт манфаатига хилоф иш тутиш, худбинлик ва боқимандалик кайфияти бўлмайди. Ҳалол меҳнат билан топилган ризқ  баракали бўлиб,  рўзғорни обод қилади.

Бугун ғурури баланд, ўзини шу юрт фарзандиман, деб билган инсоннинг ўрни далада, пахтазорда бўлиши керак. Ишончимиз комилки, воҳамизда ғурур ва ифтихор билан меҳнат қилиш истагида бўлган уюшмаган ёшлар, уй бекалари, отахон ва онахонлар кўпчиликни ташкил этади.

Азиз воҳадошлар!

Куз фаслининг ёғин-сочинли кунлари яқинлашмоқда. Фурсатни бой бермай, ғайрат-шижоат билан пахта йиғим-теримига киришайлик. Вилоятимиз ори учун барчани сидқидилдан меҳнат қилишга, пахтани тез ва сифатли териб олишга даъват этамиз.

Бу эзгу йўлда барчангизга Яратгандан кучқувват тилаймиз, аждодларимизнинг руҳипоклари мададкор бўлсин!

2017 йил 5 октябрь,
Термиз шаҳри

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Япониялик журналистлар воҳамизда

Япониялик журналистлар Сурхондарё вилоятидаги ижодий сафарини Термиз туманидаги Султон Саодат меъморий мажмуаси ва Қирққиз тарихий …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE