Бош саҳифа / Жамият / Орзулар рўёби

Орзулар рўёби

Музработ туманида бир йўла 4 та ижтимоий объект фойдала-нишга топширил-ди. Маълумки, жорий йил 29 мартда юртбоши-мизнинг “Обод қишлоқ” дастурини 2018 йилда амалга ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғри-сида”ги қарори қабул қилинган эди.

Ўтган ойлар мобайнида мазкур дастур ижросини таъминлаш борасида вилоятимизда ҳам бир талай ибратли ишлар амалга оширилди. Музработ туманидаги “Юртим жамоли”, ат Термизий, “Янги диёр” маҳаллалари ҳудудида “Обод қишлоқ” дастури бўйича кенг кўламда ободонлаштириш ишлари олиб борилаяпти. Кўчаларни кенгайтириш, пиёдалар йўлакчалари устида ноқонуний қурилган бино ва иморатларни олиб ташлаш, бетон ариқлар, ёритгичлар ўрнатиш, ҳар бир кўча ва гузарни замон талаби даражасида чиройли ва фусункор ҳолатга келтиришга жиддий ёндашилаяпти. Аввалига, айримлар қинғир-қийшиқ, захдан тўкилиб битган деворларни бузишга қаршилик қилишганди. Кейинчалик бу нарсани тушунган фуқароларнинг ўзлари катта ҳашар уюштиришди. Ниҳоят, “Обод қишлоқ” дастури дастлабки самарасини берди.

“Юртим жамоли” маҳалла фуқаролар йиғини биноси тубдан таъмирланиб фойдаланишга топширилди. Энг муҳими, бинода ходимлар учун замонавий мебель ва компьютер тўпламлари, маънавият хонаси мавжуд. Шу маҳаллада юз нафар болага мўлжалланган мактабгача таълим муассасаси ҳам капитал таъмирдан сўнг замонавий кўринишга эга бўлди. Барча қулайлик ва шароит мавжуд бўлган боғча кичкинтойлари, мураббий ва тарбиячилар бундай эътибордан ниҳоятда хурсанд.

— Бизнинг боғчамиз чорак асрдан буён таъмир нималигини кўрмаган, — дейди 10-мактабгача таълим муассасаси мудираси Ўралой Тўрабоева. — Бинонинг ташқи кўриниши, хоналар ночор бир аҳволга келиб қолганди. Юртбошимизга раҳмат. Дастурга кўра, жуда катта маблағ эвазига капитал таъмирланиб, пойтахтдагидан қолишмайдиган болалар боғчаси бунёд этилди.

— Бизнинг боғчамиз ҳам дастурга тушган эди. 170 ўринга мўлжалланган бу муассасанинг ишга тушишини ўнлаб оилалар бир неча йиллардан бери интизорлик билан кутишарди. Ниҳоят, бу йил қайта таъмирланди ва қўшимча иморатлар ҳам бунёд этилди. Бугун боғчанинг очилиш маросими нафақат бизнинг жамоамизни, балки шу қўрғонда яшаётган ота-оналарнинг ҳам байрамига айланди, — дейди 9-мактабгача таълим муассасаси тарбиячиси Беғам Нурмаматова. — Бундан биз жуда хурсандмиз. Насиб бўлса, ошхона жиҳозлари, идиш-товоқлар, керакли ўйинчоқларни олиб бўлгач, мактабгача таълим муассасамизга болаларни қабул қилишни бошлаймиз.

Шу куни туман тиббиёт бирлашмасига қарашли 47-қишлоқ оилавий поликлиникасини фойдаланишга топшириш маросими ҳам бўлиб ўтди. Айтиш жоизки, “Юртим жамоли” маҳалласи ҳудудида жойлашган бу қишлоқ оилавий поликлиникаси тумандаги учта маҳалла фуқароларига, яъни 11496 нафар аҳолига тиббий хизмат кўрсатади. Юз қатновга мўлжалланган оилавий поликлиникани мукаммал таъмирлаш ва замонавий кўринишга олиб келиш осон кечмади. Бунинг учун иккита хонадон бошқа жойга кўчирилди. Поликлиникага борадиган йўл таъмирланди. Тиббиёт муассасаси яқинидаги чиқиндихона бошқа жойга кўчирилди. Бир сўз билан айтганда, туман маҳаллий бюджети ҳисобидан 1 миллиард 100 миллион сўмлик маблағ ажратилиб, деярли қайта бунёд этилди. Бу ишларни И. Алимов бошчилигидаги “Самар Қамар Тўхтасин” МЧЖ бунёдкорлари тез ва сифатли амалга оширишди.

Бундан ташқари, оилавий поликлиника ҳовлисида тез тиббий ёрдам шахобчаси ҳам бунёд этилди. Бу ерда 10 киши меҳнат қилади. 2 та олий тоифали шифокор туну кун аҳолидан тушган чақирувларга ўз вақтида улгуришга ҳаракат қилишмоқда.

— Поликлиника қошида тез тиббий ёрдам шахобчасининг бунёд этилиши аҳолини хурсанд қилди. Чунки туман марказидан тез ёрдам чақирсангиз, улар етиб келгунча анча вақт кетарди, — дейди шахобча бошлиғи, олий тоифали шифокор Азимқул Турсунов. — Энг муҳими, янги тез ёрдам машинаси, замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган бу шахобча барчамизнинг орзуимиздаги иш бўлди.

Биз шу ой охиригача туман марказий поликлиникасининг ҳам очилиш маросимини ўтказмоқчимиз, — дейди туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Рустам Одинаев. — Биргина 47-қишлоқ оилавий поликлиникаси учун ҳозирча 55 миллион сўмлик тиббий жиҳозлар олиб келинди. Яқин вақтлар ичида биз бу муассасани замонавий тиббий аппаратлар билан таъминлаймиз. Бу эса шифоркорлар учун ҳам, аҳоли учун ҳам қулайлик яратади.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, “Юртим жамоли” маҳалласида фойдаланишга топширилган барча ижтимоий объектларнинг очилиш маросимида вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Баҳодир Пўлатов ва туман ҳокими Эркин Алимовлар иштирок этди. Маҳалла идораси, боғчалар, қишлоқ оилавий поликлиникасида амалга оширилган ишларни, хоналардаги жиҳозларни синчковлик билан кузатди. Айниқса, тиббиёт муассасасининг очилиш маросими катта тантанага айланди. Унда шифокорлар, жамоатчилик вакиллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари, тегишли ташкилот ва муассаса раҳбарлари ҳам иштирок этишди. Поликлиникадаги фаол шифокорларга тўн ёпилиб, совғалар улашилди. Сўзга чиққанлар Президентимиз ва ҳукуматимиз томонидан кўрсатилган ғамхўрликка жавобан бор имкониятларини ишга солишларини таъкидлашди. Шифокорлар ва меҳмонлар бир пиёла чой устида суҳбатлашиб, туман санъаткорлари ижросида куй ва қўшиқлардан баҳраманд бўлишди.

Сафар ОМОН

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Тадбир ўтказилди

Кўнгилсизликнинг олдини олиш мақсадида ходимларимиз Собир Термизий номидаги вилоят ахборот кутубхона маркази ишчи ходимлари билан …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan