Бош саҳифа / Жамият / Орзуимдаги муаллим

Орзуимдаги муаллим

Инсон унга билим ва маърифат дунёси сари йўл очиб берган, унинг қалбига юксак инсоний фазилатлар ҳиссини сингдириш йўлида заҳмат чеккан устоз-мураббийларга нисбатан кўнглида ҳамиша миннатдорлик туйғуси билан яшайди. Халқимиз уларни эъзозлаб “Устознинг умри — мангу, чунки шогирдлар умрига уланади” дейди.

Аммо бир аён ҳақиқат борки, чинакам устозлик мақомига эришиш, унинг масъулияти-ю залворини елкада кўтариб юриш ҳам осон эмас. Хўш, бугунги замон болаларининг  орзуидаги устоз-мураббийлар уларнинг наздида қандай бўлиши керак? Ана шу саволга жавоб топиш мақсадида айрим ўқувчи ва талабаларнинг фикр-мулоҳазалари билан қизиқдик.

—     Бир гал фан олимпиадасида она тили ва адабиёти фанидан барча синовлардан яхши ўтишимга қарамай, отаси мансабдор рақибим билан йиққан балимиз тенг бўлиб қолди. Охирги синовда иккаламизни ёнма-ён қўйишиб, оғзаки савол-жавоб қилишди. Мен рақибимга нисбатан кўпроқ саволларга жавоб бердим.

Аммо, натижалар унинг фойдасига ҳал бўлди.  Бу мен учраган илк ноҳақлик эди. Руҳим синганини кўриб, ўқитувчим далда берди: “Қизим, билимли киши ҳеч қачон ютқазмайди. Сен сира руҳингни чўктирма. Энди яна ҳам кўпроқ ўқиб-излангин, албатта, олий ўқув юртига ўқишга киришинг ва келажакда яхши касб эгаси бўлишинг керак, мен сенга ишонаман”, деганди.

Орадан вақт ўтиб, мен олий ўқув юрти талабаси бўлдим. Истардимки, ҳамма ўқитувчилар ана шундай ғамхўр ва жонкуяр бўлишса, ҳаётда учрайдиган адолатсизликдан болаларнинг кўнгли ўксимайди.

Фарангиз
ҚОРЁҒДИЕВА,
Тошкент  давлат санъат ва маданият институти талабаси, Сариосиё тумани

— Бу йил мактабларда 10-синф очилишига қарамай, мен ўқишни касб-ҳунар коллежида давом эттиришга қарор қилдим. Ҳозир эса бундан сира афсусланмайман, чунки бу ерда ҳам ўқиб, ҳам ҳунар ўрганяпман. Биласизми, ўқитувчимиз Шавкат ака ҳар бир дарсни бошлашдан олдин беш дақиқа ким қандай янгиликни билиб келганини сўрайди. Ва биз синфдошларим билан газета, радио, телевидение ва интернетдан билиб келган янгилигимизни айтишга киришиб кетамиз. Ҳатто, бу жараён баъзан қизғин баҳсларга сабаб бўлади. Дарс охирида эса энг қизиқарли янгилик айтган ўқувчи аъло баҳо билан рағбатлантирилади. Ва кейинги дарсга синфдошларим билан янада қизиқроқ янгиликларни топиш учун кутубхонага югурамиз. У ерда аввало, газеталарни мутолаа қиламиз. Агар ҳамма ўқитувчи дарс ни ана шундай ноанъанавий усулдан бошласа, ўқувчи зерикиб қолмайди ва албатта, атрофидаги воқеаларга лоқайд бўлмайди.

Нурмуҳаммад
МЕНГЛИЕВ,
Қизириқ педагогика  касб-ҳунар коллежи ўқувчиси

—     Мен орзуимдаги устозни дарс ни қизиқарли тарзда: турли ўйинлар, саҳна кўринишлари ёки замонавий педагогик технологиялар асосида ўтадиган инсон сифатида тасаввур қиламан. Аммо, мактабимиздаги инглиз тили фани ўқитувчимиз дарс давомида кўпроқ қўл телефони билан “овора” бўлиши  ўқувчиларни зериктириб юборади. Одатдагидек, дарсликдаги машқни ишлаш, янги сўзларни ёзиб, ёдлатиш эмас, балки ўқувчилар иштирокида ҳар хил усуллардан, ақлий ўйин турларидан фойдаланишини хоҳлардим. Шунда, биз, ўқувчиларнинг ҳам инглиз тилини мукаммал ўрганишга бўлган қизиқишимиз янада ортарди.

Мафтуна ЎРОЛОВА,
11-ИДУМИ ўқувчиси,
Қумқўрғон тумани

—     Болалигимдан мусиқага қизиқаман. Шу  сабабли ота-онам мени 1-болалар мусиқа ва санъат мактабига олиб боришди. У ерда  Елена Оскановадан фортепиано чалиш сирларидан сабоқ оляпман. У киши нафақат фортепиано, балки санъатнинг бошқа йўналишларидан ҳам сабоқ бериб, тушунмаганимни эринмасдан ўргатади. Айниқса, шу йил апрель ойида Боку шаҳрида бўлиб ўтган ёш ижрочиларнинг VI халқаро кўрик-танловида фортепиано йўналиши бўйича учинчи ўринни олганимда ҳаммадан кўра улар қувондилар. Ҳар гал танловлардан совриндор бўлиб қайтсам, устозим менга: “Сендек ўқувчим борлигидан фахрланаман”, дейдилар. У кишини жуда қаттиқ яхши кўриб қолганимдан  бир гал “устоз” дейиш ўрнига “ойи” деб юборибман. Ҳамма устозлар ҳам ана шундай меҳрибон бўлишини истардим.

Ҳилола  МАУЗЕРОВА,
1-БМСМ ўқувчиси, Термиз шаҳри

Ф.РАҲМОНҚУЛОВА
ёзиб олди

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

“Аёл ва замон” марказида янги лойиҳа

Воҳамиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётида нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳам ўз ўрни бор. Бу борада “Аёл ва замон” …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan