Бош саҳифа / Қишлоқ хўжалиги / Ортиқчаси ҳам даромад

Ортиқчаси ҳам даромад

Пахта йиғим-терим мавсуми деҳқоннинг эрта баҳордан то август ойигача далада қандай ишлаганини кўрсатадиган кўзгу. Бошқача айтганда ғалвирни сувдан кўтарадиган палла.

Пахтазорда баҳору ёз худди ўз томорқасида ишлагандек ишлаган фермерлар бугун қабул масканларига ҳосил топширишда карвонбоши бўлиб туришибди. Ҳатто кўпчилиги шартнома режасини барвақт бажариб қўйишди.

Айтиш жоизки, Сурхондарёда ҳар йили пахта терими мавсуми охирлаётганда узоқ вақтдан бери давом этиб келаётган салбий бир ҳолат юз беради. У ҳам бўлса, агар таъбир жоиз бўлса, фермерларнинг ғирромлигидир. Бу шундай ғирромликки, пахта тайёрлаш режасини бажарган фермерлар даласида қолган ҳосилни термай қўяди. Сўрасангиз “Кўсаклар очилмаяпти” ёки “режани бажарганимиздан кейин аъзоларимизнинг бели бўшашди, терамиз-да” деганга ўхшаш гапларни айтиб, саволингизга мужмал жавоб қайтаришади. Қолган ҳосил ортиқча харажат дейишади-да, кўпинча режасини бажара олмай турган қўшни фермерларга териб олиш шарти билан “ҳадя” қилиб юборишади.

Албатта, пешқадам, яъни режасини уддалаб қўйган фермернинг “ҳотамтой”лиги, қўшни фермерга “ғамхўрлиги” ўз-ўзидан бўлмайди. Айтилган-ку, “Мушук бежизга офтобга чиқмайди”, деб. “Келгуси йил бизга ҳам кўмаклашиб юборарсизлар” деган шарт билан қолган пахтани қўшни фермернинг аъзолари териб олиши учун ижозат берилади. Бу орада икки фермердан бошқа ҳеч ким сезмайдиган ўзаро келишув бўлади.

Бир қарашда бу ҳолат фермерлар ҳамжиҳат, оғир кунда бир-бирини қўллаётгандай тасаввур уйғотади. Аслида илғор фермернинг қолоқ фермерга кўмаги қимматга тушиши мумкин. Нега дейсизми? Айтайлик, режасини бажарган “Жўра” фермер даласига ўрта толали ғўзанинг “Султон” нави чигитини эккан, қўшниси — ҳали режасини бажара олмай турган, ёзда ишламай ёнбошлаб ётган “Беш ўғлон” фермер эса ерига “Порлоқ” нави ғўзаси чигитини кўкартирган. Ҳойнаҳой, “Беш ўғлон” фермер хўжалигининг аъзолари “Жўра” фермер хўжалигининг даласидан териб олинган “Султон” нав пахтани қабул масканига “Порлоқ” нави сифатида топширадию режасини бир амаллаб уддалайди. Шу ҳисобда йил давомида йиғилишларда “режасини бажармади” деган гап-сўзлардан қутилади. Қолоқ фермер қандай қилиб бўлсада, режасини бажариш ҳақида қайғурадию бу хатоси билан навлар аралашиб кетишини сира ўйламайди. Агар қабул масканидаги бунтланган ўша пахта чигитидан келгуси йил учун уруғлик захира қилинса борми, қарабсизки, келгуси йил бир далада ҳар хил навлар ғўзаси кўкаради. Шу тариқа олимларнинг йиллаб яратган нави бузилади.

Фермер хўжаликларининг бу каби “ҳотамтой”лигига Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 30 августдаги “2018 йил ҳосили пахта хом ашёсини йиғиб-териб олиш ишларини уюшқоқлик билан ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қароридан кейин чек қўйилса керак, деган умиддамиз. Зеро, қарорда белгиланганидек, давлат эҳтиёжлари учун контрактация шартномаларида белгиланган миқдордан ортиқча топширилган пахта хом ашёси харид нархларига 15 фоиз миқдорида устама тўланади. Шубҳасиз, бу фермер хўжаликларининг молиявий ҳолатини янада мустаҳкамлаш баробарида даладаги ҳосилнинг сўнгги мисқолигача териб топширишга бўлган қизиқишини оширади. Чунки фермер хўжаликлари режадан ортиқча топширган пахтасига қўшимча ҳақ олади.

Усмонали НОРМАТОВ

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

СОТИХИДАН БИР ТОННАГАЧА

Уй-жойи, томорқаси бор, тоғни урса толқон қиладиган йигитларнинг оиламни  боқаман, деган баҳона билан  хорижий мамлакатларда …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan