Ортиқча товарга тўлов ундирилади

0
116

Охирги пайтда мамлакатимизнинг қўшни давлатлар билан олиб бораётган дўстона алоқалари иқтисодий жиҳатдан ҳам манфаатли бўлаётир. Юртимизнинг чегара ҳудудларида қўшимча ўтказиш пунктлари-нинг қайта очилиши, ўтиш қоидаларининг соддалаштирилиши мамлакатлараро ўзига хос ишонч кўпригига асос солди.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 6 февралдаги “Жисмоний шахслар томонидан божхона чегараси орқали товарларни олиб ўтилишини янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3512- сонли қарори билан автомобиль ҳамда пиёдалар қатнови амалга ошириладиган божхона ўтказиш пунктлари орқали товарларни божхона тўловларисиз олиб киришга рухсат этиладиган миқдор 10 АҚШ долларидан 300 АҚШ долларигача бўлган миқдорга кўпайтирилди. Натижада, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Афғонистон каби давлатлардан товарлар оқими кўпайди. Мазкур жараённи тартибга солиш ҳамда жисмоний шахслар томонидан мамлакатимизга товарларни олиб ўтиш тартибини такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 22 июндаги 463-сонли қарори билан мамлакатимизга кираётган жисмоний шахслар учун божхона тўловлари ундирилмайдиган айрим товарларнинг миқдор меъёрлари тасдиқланди. Таъкидлаш жоиз, мазкур қарор 2018 йилнинг 1 июлидан бошлаб кучга кирган бўлса-да, юртимиз божхона чегараларида ушбу янгича тартибнинг талаблари хусусида тарғибот тадбирлари, профилактик суҳбатлар ўтказиш тўхтагани йўқ. Масалан, Афғонистон Ислом Республикасидан Ўзбекистонга кириб келган 25 ёшли Фақири Мустафо Сурхондарёга деярли ҳар ой келиб туришини, жорий йилнинг февралидан буён божхона чегарасидан 300 АҚШ доллари миқдоридаги товарларни ҳеч қандай тўловларсиз олиб ўтиш ҳуқуқига эга бўлгани учун ҳар гал термизлик дўстларининг буюртмасига асосан турли маҳсулотларни олиб келишини таъкидлади. Бу гал 46 дона футбол чарм тўпининг ҳар бир донасини Афғонистон бозоридан 2 АҚШ долларига сотиб олиб (тўпларнинг умумий оғирлиги 17 килограммдан иборат) чегарадан ўтаётган Мустафога ушбу буюмларнинг 2 килограммдан ортиғига 75 АҚШ доллари қийматидаги божхона тўловлари ҳисобланиши ҳамда ундирилиши ҳақида тушунтирилганда қарангки, у амалга киритилган янги тартиблардан бехабарлигини айтиб, тўпларни Афғонистонга қайтариб юборишни лозим топган.

Афғонистондан Ўзбекистон Республикасига ўтиш учун “Айритом” чегара божхона постига кириб келган навбатдаги йўловчи 36 ёшли Гул Муҳаммад Насруллоҳ ёнидаги бир дона совутгич (холодильник)ни олиб ўтар экан, Ўзбекистон Республикасида 1 июлдан кучга кирган янгича тартибдан хабардорлигини билдирди.

Дарҳақиқат, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 22 июндаги 463-сонли қарори иловаси рўйхатида келтирилган буюмларни 300 АҚШ доллари миқдорида Ўзбекистонга олиб кирган шахс кейинги ойгача ушбу рўйхатдаги маҳсулотларни олиб кирган тақдирда унга нисбатан божхона тўловлари ҳисоблаб ундирилади. Демак, фуқаролар совутгич, музлатгич, кондиционер, кир ювиш машинаси, чангютгич, газ ёки электр плитаси, телевизор, микротўлқинли ёки духовкали печь, электр гўшт қиймалагич, дазмол, фен, ошхона комбайни, телефон, планшет, ноутбук, компьютер техникалари, ошхона идишининг бир тўпламини ҳар ой бир маротаба божхона тўловларисиз имтиёзли равишда олиб кириш ҳуқуқига эга бўлиб, шу ой мобайнида ке- йинги сафар мамлакатимизга олиб кирган шундай товарлар учун тегишли тартибда божхона тўловлари ундирилишини эътиборга олиши зарур. Шунингдек, ҳар бир номдаги товардан 2 килограммдан (юқорида чарм тўпи ушбу ҳолатга мисол бўла олади), аммо умумий оғирлиги 10 килограммдан ошмайдиган товарларни бир кун даврийликда божхона тўловларисиз олиб кириш имконияти яратилган.

Афғонистондан “Айритом” чегара божхона постига кириб келган навбатдаги йўловчи Бурхани Сайид Нориддиннинг таъкидлашича, номланиши “ҳинд панжуби” бўлган аёллар кийимлик матолар тўпламини Мозори Шариф бозоридан 84 АҚШ долларига харид қилган. Унга Ўзбекистонда жорий йилнинг биринчи июлидан ўрнатилган тартиблар тушунтирилганда, Бурхани Сайид Нориддин олиб кираётган матолари учун тегишли тартибда 255 минг сўм божхона тўловларини тўлади.

 

Хулоса шуки,

мазкур тартиб мамлакатимизга олиб кирилаётган товарларнинг нафақат олиб ўтиш тартибини такомиллаштиради, шу билан бирга ички бозорларимизни сифатсиз маҳсулотлардан ҳимоя қилишга хизмат қилади.

 

Г. МАҲМУДХОНОВА,
“Айритом” чегара божхона пости
катта инспектори

ЖАВОБ ҚОЛДИРИНГ:

Илтимос изоҳингизни киритинг
Илтимос исмингизни шуерга киритинг