Оромгоҳлар мавсумга шайми?

0
107

Бола бўлиш истаги ҳар қанча юрагимизни ўртамасин, энди у масъум паллаларни фақат орзу қилмоқ мумкин. Бу дамларни эслашнинг ўзида ҳам қалбга ёруғлик инади.

Биз зумга бўлса-да, бола бўлиб қолмоқ истаги шодлантиради биз катталарни. Ёрқин хотиралар билан қалбга муҳр ланган онлар яна кимгадир оромгоҳда ўтган йилларни ҳам ёдга соладики, ўша бетакрор табиат қўйнидаги ажойиб ҳордиқ, орттирилган дўстлар ва эсда қоларли воқеалар бир умрга таътигуликдир.

Ўлкамизга яқинлашаётган ҳароратли ёз фасли болаларда “бу йилги таътилни қаерда ўтказсам экан, оромгоҳлар қачондан иш бошлайди?”, деган саволни пайдо қилиши табиий. Болаларнинг бу саволига жавоб излаётган ота-оналарнинг эса “оромгоҳлар мавсумга шаймикан, боламни у ерга жўнатиш учун нима қилмоғим керак ёхуд оромгоҳ йўлланмасининг нархи қанча?” каби саволлар ўйлантираётгани ҳам бор гап.

Маълумот ўрнида айтиш жоизки, вилоятимизда 10 та стационар оромгоҳ мавжуд бўлиб, жорий мавсумда уларда 7 ёшдан 14 ёшгача бўлган 7 минг 150 нафар бола дам олиши кўзда тутилмоқда. Шунингдек, ташкил этиладиган халқ таълими муассасалари қошидаги 153 та оромгоҳда 12 минг 500 нафар, касб-ҳунар таълими муассасаларидаги 15 та оромгоҳда 1 минг 700 нафар бола кундузги оромгоҳларга қамраб олинади. Бу вилоятимиздаги шу ёшгача бўлган болаларнинг 6.7 фоизи демакдир. Хўш, бу йилги мавсумга қандай ҳозирлик кўрилмоқда, тайёргарлик ишлари кўнгилдагидекми?

— Стационар оромгоҳларимизнинг 7 таси тўла шай ҳолатда, — дейди вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси маданий-маърифий ва спорт ишлари бўлими мудири Ўктам Ўтаганов. — Фақатгина Сариосиё туманидаги “Сардор Парвин”, Денов туманидаги “Чашма-Тошпўлатбой” ҳамда Олтинсой туманидаги “Вахшивор” оромгоҳларида ноқулай об-ҳаво шароити туфайли тайёргарлик ишлари бироз ортга сурилиб, аниқроғи 25 майга қадар якунланишига муддат берилган.

Қолган оромгоҳлар мавсумга шай ҳолатга келтирилди. Туманлардаги доимий комиссиялар оромгоҳларнинг тайёрлиги ҳақида қабул қилиш далолатномасини тузиб, бирлашмамиз кенгашига тақдим этди. Бунда энг аввало, болаларнинг хавфсизлиги таъминланиши, жараёнга масъул ҳисобланган тарбиячилар, тиббий ходимлар йўриқнома билан таништирилиши ва кўрсатмалар берилишига оромгоҳдаги таъмирлаш ва ободонлаштириш ишларини сифатли бажариш, электр асбоблари ва кабелларининг созлигини синовдан ўтказиш, озиқ-овқат захирасини тайёрлаш, дори-дармон ва тиббий анжомлар билан таъминлаш, кутубхоналарни янги адабиётлар билан бойитиш, ошхона, спорт анжомлари билан тўла таъминлаш ҳамда атрофини ўраш каби талаблар бажарилишига эътибор қаратилди.

Шунингдек, оромгоҳларнинг шай ҳолатда бўлиши учун мавсумга болаларни тиббий кўриксиз рухсат этмаслик уларни режага мувофиқ қабул қилиш, тарбиячи ва етакчилар масъулиятини ошириш, оромгоҳ ошпазлари ва ходимларини тиббий кўрикдан ўтказиш, кунлик сарф харажатларни тўғри ҳисоб-китоб қилинишини назоратга олиш, доимий навбатчиликни юритиш, дезинфекциялаш тадбирларини вақти-вақти билан ўтказиш ҳам муҳим талаблардан саналади. Қолаверса, оромгоҳ қувватидан тўлиқ фойдаланиш, навбатлар сонини 4-5 тага етказилиши ҳам айни муддао.

Режага мувофиқ 7 минг 150 нафар дам олувчи боланинг 5 минг 800 нафари касаба уюшмалари, ижтимоий суғурта, 350 нафари Ёшлар иттифоқи вилоят Кенгаши, 200 нафари “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, 800 нафари эса ҳомий ва бошқа ташкилотлар маблағлари ҳисобидан амалга оширилиши мўлжалланмоқда. Айнан Ёшлар иттифоқи, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ва ҳомийлар томонидан бериладиган йўлланмалар кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож ҳамда кам даромадли оила фарзандларига етказилиши кўзда тутилган.

Стационар оромгоҳимиздан “Амударё” болалар оромгоҳи 1 июндан, қолган 9 та оромгоҳларимиз 8 июндан фаолият бошлаши кутилаяпти. “Амударё”, “Хонжиза”, “Бешбулоқ Сурхон Шеробод” оромгоҳлари учун йўлланмалар нархи 690 минг сўм, “Сардор Парвин”, “Х.Қулниёзов”, “Чашма Тошпўлатбой”, “Мироб”, “Вахшивор”, “Вандоб олтин булоғи” оромгоҳлари учун 503 минг сўм этиб белгиланган бўлиб, ота-оналар унинг 27.5 фоизини тўлайди. Йўллланма суммасининг қолган қисми касаба уюшмаси, ижтимоий суғурта ва хўжалик органлари ҳисобидан тўланади.

Дарҳақиқат, оромгоҳдаги бир мавсум 12 кун давом этиб, болалар ва ўсмирларни дам олдириш ва соғломлаштириш тадбирлари тузилган кун тартиби асосида ташкил этилади. Унда эрталабки бадантарбия, нонушта, табиатга саёҳат, тушлик, тўгараклар фаолияти, китобхонлик ва тунги мусиқий тадбирларнинг ўтказилиши белгилаб қўйилган. Вилоят маданият бошқармаси, ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими, “Нуроний” жамғармаси томонидан маданий-маърифий тадбирлар, ижодий учрашувларни, Ёшлар иттифоқи томонидан эса турли танловларни ўтказиш назарда тутилмоқда. Бундан ташқари оромгоҳлар жойлашган ҳудудлардаги тарихий қадамжолар ва зиёратгоҳларга саёҳатлар уюштириш ҳам эътибордан четда қолмаган. Шунингдек, болаларнинг хавфсизлигини таъминлаш учун ички ишлар ва фавқулодда вазиятлар вазирлиги ходимлари томонидан доимий равишда суҳбатлар ва тушунтиришлар олиб борилади.

— Оромгоҳимиз Шеробод туманининг сўлим гўшасида, Кўҳитанг тоғ ёнбағрида жойлашган,— дейди “Бешбулоқ Сурхон Шеробод” оромгоҳи раҳбари Илҳом Шайматов. — Қўйилган талаблар доирасида тайёргарлик ишлари якунланди. Барча ходимларимиз билан болаларни кутмоқдамиз.

Вилоят халқ таълими бошқармасидан олинган маълумотга қараганда, мавсумда фаолият юритадиган етакчи ва тарбиячилар учун ўқувлар ташкил этилмоқда. Улардан бири бўлиб ўтди ва иштирокчиларга 2-7 май кунлари “Бешбулоқ Сурхон Шеробод” оромгоҳида ўқитилиб, сертификатлар топширилди. Бундан ташқари, шу кунларда “Амударё” соғломлаштириш оромгоҳи негизидаги халқаро ёшлар оромгоҳида жорий мавсумда болалар ва ўсмирларни дам олдириш ва соғломлаштириш мавсумини уюшқоқлик билан ташкил этиш мақсадида ҳудудий семинар ўтказилиши режалаштирилган.

Баҳром НОРМУРОДОВ

ЖАВОБ ҚОЛДИРИНГ:

Илтимос изоҳингизни киритинг
Илтимос исмингизни шуерга киритинг