Бош саҳифа / Жамият / Оролни қутқариш мумкин…ми?

Оролни қутқариш мумкин…ми?

Орол денгизи акваториясининг кескин камайиши натижасида ҳудуддаги қушларнинг 160 тури, сут эмизувчи-ларнинг 32 тури, балиқнинг 6 тури камайиб кетди. Ҳар йили 75 миллион тоннагача бўлган чанг бўрони 500 километр масофагача тарқалмоқда. Денгизнинг қуриб қолган ҳудудида йиғилган туз 1 сантиметр қалинликда ёйиб чиқилса, бутун Ўзбекистон ҳудудини қамраб олади.

Орол денгизининг асосий сув манбаси бўлмиш Амударё ва Сирдарёдан келадиган сув ҳажмининг 90 фоизга камайиши оқибатида Орол 80 фоизга қисқариб, ўрнида Орол қум чўли пайдо бўлди.

Денгизнинг қуриши фақатгина Марказий Осиё давлатларининг муаммоси деганлар бармоқ тишлаб қолишди. Чунки бугунги кунда бу фожиа глобал экологик муаммога айланиб, бутун дунё ташвишига, Она сайёрамизнинг кўксидаги оғриққа айланди. Орол денгизидан кўтарилган туз тўфони дунёнинг узоқ минтақаларигача бориб етаётганлиги афсуски, аччиқ хақиқат.

Оролбўйи ҳудудини у ерда пайдо бўлган саҳро эгаллаб олмоқда. Оқибатда сув ресурслари тақчиллиги, ичимлик суви сифатининг ёмонлашуви, тупроқнинг деградацияга учраши, биохилма-хилликнинг кескин камайиши, жиддий иқлим ўзгаришлари яққол сезилиб турибди.

Сўнгги бир неча йил давомида юртимизда Оролбўйи ҳудудида бир қатор кенг кўламли лойиҳалар амалга оширилди. Оролнинг қуриб қолган ҳудудида саксовул ва бошқа шўрҳокликка чидамли ўсимликлардан иборат 350 минг гектарлик бутазорлар барпо этилди. Бундай ҳудудларнинг умумий майдони ҳозирги кунда 700 минг гектарни ташкил этмоқда. Орол денгизи инқирози оқибатларини юмшатиш ва Оролбўйи ҳудудини ривожлантириш бўйича 2013—2017 йилларга мўлжалланган комплекс чора-тадбирлар дастури доирасида 500 дан ортиқ лойиҳа амалга оширилди. 2018—2021 йилларда Оролбўйи ҳудудини ривожлантириш бўйича Давлат дастури қабул қилинди. Шу билан бирга, Ўзбекистон Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик асосида траст фондини ташкил этиш борасидаги ташаббусни илгари сурди ва бу БМТ томонидан қўллаб-қувватланди.

Шу йилнинг июнь ойи да Тошкент шаҳрида Орол фожиаси оқибатларини юмшатишга бағишлаб ўтказилган халқаро конференциянинг асосий хулоса ва тавсияларига кўра, бир нечта лойиҳалар ишлаб чиқилганди.

Минтақамизда ноқулай экологик вазиятни тубдан яхшилаш учун қатъий ва ностандарт чора-тадбирлар зарур. Оролбўйи ҳудудини Экологик инновация ва технологиялар зонаси, деб эълон қилиш масаласини кўриб, экологик тоза технологияларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишга хорижий инвестицияларни жалб этиш учун шароит яратиб, энергия ва сув тежайдиган технологиялардан фойдаланиш лозим. Бундай мақсадлар узоқ муддатли имтиёзли кредит ва грантлар ажратишни талаб этади.

Қум кўчкиларини мустаҳкамлаш, Оролнинг қуриган қисмидан ҳавога заҳарли аэрозол чанг лари кўтарилишини камайтириш масалалари эътибор марказида бўлиши зарур. Шу мақсадда чўл шароитига чидамли ва озуқа ўсимликлари кўчатларини етиштириш бўйича Минтақавий марказ ташкил қилиш лозим.

Олимларимиз берган маълумотларга кўра, 10-12 йил давомида денгизнинг қуриган қисмини дарахтзор ва бутазорларга айлантириш мумкин. Янги унумдор яйловлар яратиб, чорвачиликни изчил ривожлантириш ва ўн минглаб одамларни иш билан таъминлаш имконияти пайдо бўлади.

Минтақамизнинг ноёб ҳайвонот дунёсини сақлаш масаласида ҳам умумминтақавий ёндашув зарур. Оролбўйи зонасида муҳофаза қилинадиган трансчегаравий табиий ҳудудлар ташкил этилса, йўқолиб бораётган ноёб жониворларни сақлаб қолиш мумкин.

Сувни тежаш, трансчегаравий сув ресурсларини бошқариш ва улардан оқилона фойдаланиш масалаларидаги минтақавий ҳамкорлик даражасини кескин ошириш лозим.

Энг муҳими, мазкур таклиф ва лойиҳалар Оролбўйи экологиясини яхшилаш ва аҳолисига қулайликлар яратишга хизмат қилади.

Э.ЗИЁЕВ
Ўзбекистон экологик ҳаракати
Сурхондарё ҳудудий бўлинмаси раҳбари

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Ғолиблик кубоги ва миллионлар кимларга насиб этди?

Ватанимиз мудофаа қобилиятининг мустаҳкамланиши тинч ва осуда ҳаётимизни таъминлашга хизмат қилади. Бунинг учун эса ҳуқуқ-тартибот …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan