Бош саҳифа / Жамият / Оролга бугунги нигоҳ

Оролга бугунги нигоҳ

Нафақат Ўзбекистон, балки бутун жаҳон фожиасига айланган Орол денгизи муаммоси ҳозирда долзарб мавзу ҳисобланади. Экологик масалалар ичида энг хавфлиси дея тилга олинадиган Орол денгизи Ўзбекистоннинг жануби ғарбида, Қорақалпоғистонда жойлашган.

Шимолий-шарқий тарафдан эса Қозоғистон ҳудудига тегишли. У кўллар ичида катталиги жиҳатдан дунёда тўртинчи ўринда, Евроосиё материгида эса иккинчи ўринда турган. Ҳудуди 68, 9 минг кв. км, сув миқдори 1083 куб. км бўлган. Ўртача чуқурлиги 50,5 метр атрофида эди. Орол бўйи атрофида яшовчи аҳоли, асосан, балиқчилик, ондатра овлаш, қисман чорвачилик ва деҳқончилик билан шуғулланган. Қадимда денгиз йўллари ҳам мавжуд бўлиб, Аралск ва Мўйноқ туманларида портлар фаолият кўрсатган.

 Денгизга Амударё 38,6 км. куб, Сирдарё 14,5 км. куб сув олиб борган. Қисқасини айтганда, денгиз шитоб билан мавж урган. Минг надоматлар бўлсинки, ҳеч нарса абадий эмас. 1960 йилга келиб Орол қурий бошлади. Айниқса,1980 йилларда бу жараён жадал суръатда ошди. 2007 йилда денгиз ярим аср аввалгига қараганда 90 фоиз қисмини йўқотган учта алоҳида-алоҳида кўлга айланди. Сув сатҳи йилига 80-110 сантиметр пасайиб борди. Унга қуйиладиган Амударё ва Сирдарё сувлари микдори кескин камайди. Шундай қилиб, Орол денгизининг 90 фоизи, Ирландия ҳудудига тенг майдони саҳрога айланди. Унинг қуриб, шундай аянчли аҳволга тушишига икки омил сабаб бўлди.

 Биринчидан, суғориладиган ep майдонларининг кенгайтирилиши. Собиқ совет даврида қишлоқ хўжалигида, айниқса, пахта экинининг кўпайтирилиши ва ирригация ишларида сувнинг ўйламасдан сарфланиши сабаб бўлган.

Иккинчидан, Туркманистонда Қорақум каналининг қурилиши . У 1959-1967 йилларда қурилган бўлиб, Амударёдан бир сонияда 300 метр куб сув олган. Ўша пайтдаги эътиборсизлик туфайли ҳозирда у улкан муаммога айланди. Аммо халқимизни бу ҳолга беэътибор қараган, дейиш нотўғри бўларди. Чунки ўша пайтда ҳам бу ҳолга қарши чиққанлар сони кўп эди. Бир қанча чора-тадбирлар ҳам кўрилди, лекин самара бермади. Уринишлар зое кетган бўлса-да, ҳар ҳолда Оролни қутқариб қолишни истаган юртдошларимиз бор эди. Булардан бири Шароф Рашидов бўлиб, денгизни қутқариб қолишга астойдил ҳаракат қилган.

Одамлардан денгиз тез қуриганми ёки секин қуриганми, деб сўралганда, улар секин қуриган, деб жавоб беришганди. Аксинча, денгиз тез қуриган деган фикр тўғрироқ. Чунки у шунчалик тез қуриганки, қисқа фурсат ичида, ҳаттоки илғаб олишга ҳам улгуришмаган. Орол денгизидан ҳар йили 100 миллион тонна қум ва туз зарралари ажраларкан. Бу ҳол ҳайвонот ва наботот оламига, айниқса, инсон саломатлигига ҳам катта зарар етказади. Ўсимликлар қуриб, ҳайвонлар нобуд бўлди. Одамларнинг турли хил юқумли ва аллергик касалликларга чалиниши, оналар ва болалар ўлими кўпайди. Экологик муаммо хавфи кучайди. Бу нарса иқлимга ҳам таъсир кўрсатди. Яъни қишнинг ўта совуқ, қуруқ ва узун келиши, ёзда эса жазирама иссиқ кунларнинг ортишига сабаб бўлди.

Ҳозирда бу фожиа устида ўзбек ва бутун жаҳон олимлари бош қотирмоқдалар. Энг самарали йўл деб, улар саҳрони ўрмонга айлантириш маъқул, деган фикрга келишди. Бу йўл саксовул экиб, ердаги туз ва қум зарраларини камайтириш усули эди. Чунки саксовул 10 тоннагача қум ва тузларни илдизида ушлаб турар экан.

Президентимиз бу борада ташаббус кўрсатдилар. Ушбу усул тежамли ҳамда самарали бўлгани учун барчага маъқул тушди. Унга мувофиқ, 500 минг гектар ерга кўчат экиш топшириғи берилди. Гарчи Орол денгизи аввалги ҳолига қайтмаса ҳам, ҳар ҳолда табиатга, инсон саломатлигига зарар етказмаслигига умид қиламиз.

Ҳамма нарсанинг ниҳояси бор. Маълумотлар ичида яхши хабар ҳам мавжуд. Денгизда ер остидан чучук сув чиқаяпти. Бу ҳам бизга берилган имконият. Умид бор экан, мўъжизалар ҳам содир бўлаверади. Кемалар қабристони ҳисобланмиш Орол денгизи фожиаси ҳақида Асқад Мухторнинг “Чинор” романида Комила тўғрисида келтирилган бобида ўқиган эдим. Ана ўшанда денгизнинг тўлқинланиб оққан, кемалар сузган пайтини яққол кўз олдимга келтиргандим ва жудаям қизиқиб қолгандим. Бу асарда фожианинг бошланиш даври ҳикоя қилиб берилган эди.

Хулоса қилиб айтганда, биз ҳеч қачон атрофимизда, айниқса, табиатимизда рўй бераётган хавфли муаммоларга, ўзгаришларга бефарқ қарамаслигимиз лозим. Табиат неъматларини борида асрасак, мана шундай аянчли вазиятларга дуч келмаймиз. Денгиз олдида турсанг ҳам бир томчи сувни увол қилма, деган гапнинг маъноси шу бўлса керак. Ҳозирги кунга келиб сув хўжалиги тармоқлари анча ривожланди.Сувнинг ишлатилиши назорат остига олинди. Деҳқончилик хўжаликларида экинларни томчилатиб суғориш бўйича лойиҳалар амалга оширилди. Сув камроқ сарфланадиган экинлар экилаяпти. Биз Орол денгизи мисолида жуда катта сабоқ олдик.

Мунира ТУРСУНОВА,
Қизириқ қишлоқ хўжалик касб-ҳунар
коллежи 3-босқич талабаси

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Ўзимизни қачон топамиз?…

Эл нетиб топгай мениким, Мен ўзимни топмасам.А.Навоий Мавзуни бежиз Навоий ҳазратларининг ҳикматли иборасидан бошламадим. Хўш, …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE