Бош саҳифа / Жамият / Оролбўйи – жасорат майдони

Оролбўйи – жасорат майдони

Сурхондарёлик ҳашарчилар Мўйноқ туманида хайрли ва тарихий ишга муносиб ҳисса қўшишмоқда

Президентимиз ташаббуси билан бошланган Орол денгизининг қуриган ҳудудларини ўрмонзорга айлантириш ишларида бутун мамлакатдан ҳашарчилар иштирок этмоқда. Ана шу умумхалқ ҳашарида вилоятимиздан 25 та замонавий техника, қишлоқ хўжалиги ва фавқулодда вазиятлар идоралари ходимларидан иборат 60 нафар тажрибали мутахассис-ишчилар астойдил меҳнат қилмоқда.

Яқинда Мўйноқ туманида Оролбўйидаги экологик вазиятни яхшилаш, ўрмонзорлар барпо этиш ишида иштирок этаётган сурхондарёлик ҳашарчилар билан вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Баҳодир Пўлатов учрашди. Вилоятимиз вакилларининг хайрли ишга қўшаётган ҳиссаси билан шахсан танишиб, улар учун яратилган шарт-шароитни кўздан кечирди. Воҳалик ҳашарчиларга вилоятдан олиб борилган сархил озиқ-овқат маҳсулотларини топширди. Б. Пўлатовнинг ташрифи воҳамиздан борган механизаторлар, мутахассис ходимларни янада руҳлантириб юборди.

Шуни айтиш лозимки, муҳтарам Юртбошимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида Оролни қутқариш, унинг қуриган ҳудудларида жорий йилнинг ўзида 500 минг гектарлик ўрмонзор барпо этиш алоҳида таъкидланганди. Бу улуғ иш айнан қиш чилласида бошланганлигининг сабаби бор. Чунки саксовул уруғи қор тагида қолиб, тупроққа қорилса, униб чиқиши бехато бўлади. Агар кунлар исиган ойларда бу иш амалга оширилса, натижа ва самарадорлик анча пасайиб кетади. Шуни ҳисобга олган масъул мутахассислар ишни айнан январь ойида бошлашди. Қорақалпоғистон ва бошқа вилоятлардан умумхалқ ҳашарига мингдан ортиқ ишчи мутахассислар, 549 та техника, 2 та самолёт жалб қилинган. Олинган маълумотларга қараганда, техника ва ишчи кучи ёрдамида 326 минг 60 гектар майдон ва 622500 килограмм саксовул уруғи тайёрланган. Жумладан, 13235 гектарга саксовул уруғи экилган. Самолётлар ёрдамида эса 51800 гектарга 156600 килограмм саксовул уруғи сепилган.

Алоҳида қайд этиш лозимки, Ўзбекистон тарихида бу учинчи энг катта ҳашардир. Биринчиси, 45 кунда Катта Фарғона каналининг битиши, 1966 йилда Тошкент зилзиласи туфайли шаҳарнинг қайта қурилиши ва учинчиси Оролнинг қуриган ҳудудларида 500 минг гектар шўр ва қумлоқ ерда ўрмонзорлар барпо этилишидир. Дарҳақиқат, ойнаи жаҳон ор- қали Оролбўйидаги ҳашар жараёнини кўриб, нафақат ватандошларимиз, балки хорижий мамлакатлар фуқаролари ҳам тан беришганлигини бугун ижтимоий тармоқлар ҳам тасдиқлаб турибди.

Муҳтарам Юртбошимиз раҳнамолигида Оролни қутқариш, унинг қақраган ҳудудларида ўрмонзорлар барпо этиш, бу макон бугун жасорат майдонига айланганлиги тарих зарварақларида олтин ҳарфлар билан битилиб қолажак. Мутахассислар берган маълумотларга кўра, яқин икки-уч йилда ўрмонзорлар самарадорлиги 30 фоизга, 8 йилдан сўнг эса 100 фоизга етиши муқаррар экан. Бу эса нафақат Қорақалпоғистон Республикасида, балки Марказий Осиё давлатларининг экологик вазиятини яхшиланишига асосий омил бўлади.

Сафар ОМОН

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Энди «TikTok», «Twitter” га кириш имкони йўқми?

Ўзбекистон ҳудудида «TikTok», «Twitter»  ва «ВКонтакте»» ижтимоий тармоқлар фаолияти  чекланди. Бу ҳақда «Ўзкомназорат» ахборот хизмати …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan