Орият

ёхуд ақлдан озган одамлар

Беназир, кўҳна ва мўйсафид Шарқнинг юраги бу ориятдир. Миллион йилдан бери қуёш Шарқдан чиққани каби шунча йилки шарқ одамлари, айниқса эркакларнинг ҳамияти, ор-номуси оиласи ҳимоясига қаратиб келинган.

Аёлига бўлган ҳурмати, меҳр-муҳаббати ва ҳатто, рашки ҳам иймондан саналади. Бугун ер юзида жуда кўплаб маърифатпарварларнинг юрагига оғриқ солаётган шундай бир ҳодисалар рўй бермоқдаки, буни ақл мезонига солиб бўлмайди.

Эмишки, “ўз хотинини бошқа эркакка никоҳлаб бериш мумкин”. Уларнинг бу фикрларини нима деб изоҳлашни ҳам билмай қоласан. Чўчқада ҳамият бўлмагани учун ҳам у ҳаром ҳисобланган. Бу орсизларда рашк бўлмаса, нима қилиб яшаб юрибди экан? Қай юз билан “эркакман” деб айтаяпти ўзини? Бу кимсалар гўё иймонидан ақл қочган, ҳаётини ҳам бутунлай ақл тарк этган одамларга ўхшайди.

Иймони бутун, ҳаёт ҳақиқатларини англаб етган зиёли одам бу сўзлардан қанчалар нафратланса, иймони суст, турли оқимларга кириб қолган, уларнинг чизган чизиғидан чиқмайдиган орсизлар бундай ҳаёсизликни “бурч” деб билаётганликларига чидаш қийин.

Виждонини сотган одамни тушунса бўлар, бироқ номусини сотган одамни қандай тушуниш мумкин? У нафратдан бошқа нарсага лойиқ эмас. Шу ўринда фақатгина эркакларнинг эмас, аёлларнинг ҳам номус ҳақидаги тушунчасига ёт оқимларнинг қанчалар ёмон таъсир қилганлигини келтириб ўтиш жоиз.

Нима эмиш, “Аёл танаси орқали жиҳод қилиши мумкин” эмиш. Бу нима деган гап? Ахир турган битгани енгилтаклик эмасми? Қўли қонга ботган жиҳодчиларнинг “бир кечалик” никоҳида бўлиш аёл, она деган муқаддас номга доғку! Кўриб билиб, англаб турилган ҳақиқатни улар англаб етмаётганлиги ҳайратланарли. Бундай оқимларнинг таъсири шу қадар кучли эканки, салгина маънавиятимизда дарз борми, ана шу ерга жойлашиб олиб, сизни парчалаб ташлашга қодир. Бундай номуссизликка йўл қўймаслик учун аввало, тарбия масаласини, айниқса, оила масъулиятини жондай азиз билишимиз шарт. Ахир, шаънимиз, ор-номусимизгина бизни инсон қилиб яратди, ҳайвон эмас!

Сардор ЭРГАШЕВ

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Газетанинг янги сонини ўқинг!

“Сурхон тонги” газетасининг 2020 йил 5 августдаги сонида сиз кутган мақолалар нашр этилган: — “Тез …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan