Бош саҳифа / Жамият / “Орият”ликлар депутатдан розими?

“Орият”ликлар депутатдан розими?

Одатда депутатларнинг фаолиятидан қониқмаймиз. Сабаби, уларнинг фидойилиги ҳа деганда кўзга ташланавермайди. Аммо улар орасида ўз ишини билиб, кўпчиликнинг корига яраётганлари ҳам йўқ эмас. Бунга Музработ туманидаги айрим депутатлар фаолиятини кузатиш жараёнида амин бўлдик.

Тумандаги “Орият” маҳалласида 5191 нафар аҳоли истиқомат қилади. Маҳалла ҳудудини “Анорзор” гузари билан боғловчи қисмидаги кўприк анча йиллардан бери таъмирталаб аҳволга келиб қолганди. Маҳалла аҳли халқ депутатлари Музработ туман Кенгаши депутати Абдусаид Муҳаммадиевга мурожаат қилишди. Муаммони ўрганган А.Муҳаммадиев дарҳол ишга киришди. Қанча елиб-югуришлардан кейин ҳомийлар ҳам топилди. Ўтган йили ҳашар йўли билан икки гузарни боғловчи кўприк қайтадан қурилди.

Шу кунларда “Обод маҳалла” Давлат дастури бўйича бошқа маҳаллалар каби “Орият” маҳалласидаги ички кўчалар ҳам таъмирланмоқда. Кўчаларга тош ётқизилиб, асфальтлашга ҳозирланмоқда.Шунингдек, маҳаллада мини футбол майдони ҳам қурилмоқда. Бундай хайрли ташаббуснинг амалга оширилишида депутатнинг ҳам ҳиссаси бор.

“10 кишини ишли қилдим”

Шу маҳаллада яшовчи Наима Юнусова неча йилдирки, тикувчилик цехи очиш ниятида эди. Аммо бунинг учун кимга мурожаат қилиш, бизнес режани қандай ёзиш кераклигини, қонунларда тадбиркорга қандай имтиёзлар берилганини билмасди. Бу ҳақида А. Муҳаммадиевга айтганди, депутат унга йўл-йўриқ кўрсатди.

—     У кишининг кўмаги билан бизнес режа туздим ва ташландиқ бир бинони хусусий мулк сифатида расмийлаштирдим, — дейди Наима Юнусова. — Керакли ҳужжатларни тахт қилгач, тижорат банки менга 24 миллион сўм имтиёзли кредит ажратди. Дастлаб, иккитагина тикув машинаси билан фаолият бошлаган цехга яна 6 та шундай машина сотиб олдим. Депутатнинг тавсияси билан “Ҳунарманд” уюшмасига аъзо бўлиб, солиқ имтиёзларига ҳам эга бўлдим. Бу менга ишни яхши йўлга қўйиб олишим учун анча енгиллик туғдирди. Айни пайтда маҳалламиздаги 10 нафар хотин-қизни иш билан таъминлаганман. Агар менга бундай кўмак беришмаганида ҳали ҳам ҳеч нарсадан бехабар, ўз муаммоларига кўмилган уй бекаси бўлиб ўтираверардим. Ҳозир эса кичиккина бўлса-да ўз бизнесимни юритишни бошладим. Бу рўзғоримга ҳам барака олиб кираяпти.

Ушалган орзу

Яна бир гап. Неча йилдан буён олий маълумот олишни орзу қилиб юрган депутат бугун талаба бўлиш бахтига ҳам муяссар бўлди.

—     Кўпдан бери олий маълумот олишни орзу қилардим, — дейди 25-Таллашқон сайлов округи депутати, “Орият” маҳалласи раиси Абдусаид Муҳаммадиев. — Давлатимиз томонидан берилган имконият туфайли 2018 /2019 ўқув йилида Термиз давлат университетига жисмоний тарбия йўналиши бўйича сиртқи бўлимга ўқишга кирдим. Олий маълумот олишим муносабати билан бу йил маҳалла раислигига ҳам сайландим. Бундан жуда хурсандман. Бундан буён ўз вазифамни сидқидилдан бажаришга, ўзгаларнинг дарди билан яшашга ҳаракат қиламан.

Фермерларнинг пули ундириб берилди

А. Муҳаммадиев билан суҳбатимиз жараёнида депутатлик гуруҳи вакилларининг хайрли иши ҳақида эшитдик. Буни Музработ туман фермерлар кенгаши ҳуқуқшуноси Зебо Худойназарова ҳам тасдиқлади.

— Музработ туман фермерлар кенгашига 19 та фермер хўжаликларидан “Био Агро Амударё” масъулияти чекланган жамиятидан қарздорлигини ундириш бўйича ариза келганди, — дейди Зебо Худойназарова. — Ушбу ариза юзасидан туман фермерлар кенгаши томонидан Шеробод иқтисодий судига даъво ариза киритилганда суд туман мажбурий ижро бўлимига фермерларнинг 184 миллион 471 минг сўм пул маблағини ундириш бўйича ижро варақасини чиқарди. Аммо туман мажбурий ижро бюроси бунга беэътибор қарагач, O’zLiDeP Музработ туман Кенгаши депутатлик гуруҳи туман прокуратурасига хат билан мурожаат қилишга мажбур бўлди. Шундан сўнг, жабрдийда 19 нафар фермернинг пул маблағлари ундириб берилди.

Юрган дарё, ўтирган бўйра, дейдилар. Сайловлар пайтида ҳамманинг кўнглини олиб, “ундоқ қилиб бераман, бундоқ қилиб бераман”, дея тоғ-тоғ ваъдаларни бериб, кейин ойда-йилда қорасини бир кўрсатиб қўядиганларнинг бўйрадан фарқи йўқ. Аксинча, халқнинг ишончини елкасида кўтариб юриш масъулиятини ҳис қилганлар эса дарё каби оқишда, ҳаракатланишда давом этади. Ва йўл-йўлакай кимларгадир умид бериб, кимларгадир тўғри йўл кўрсатиб, эл корига ярайди.

Феруза РАҲМОНҚУЛОВА

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Жарима тўлади

Бугунги кунда юртимизда тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган шахсларга ҳамма қулайликлар яратилган. Жумладан, кўпчилик шахсий …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE