Бош саҳифа / Жамият / ОРАСТА ҚИЗЛАР БЕЛЛАШДИЛАР

ОРАСТА ҚИЗЛАР БЕЛЛАШДИЛАР

Хонадонда қиз бола туғилдими, ёшлигидан унинг тарбиясига жиддий қаралади. Қизларни мустақил ҳаётга тайёрлаш, нафақат ота-оналарнинг, балки жамиятнинг олдида турган бурч ва масъулият саналади. Ҳар бир қиз бўлажак она, келажак авлодни дунёга келтиргувчидир. Шундай экан, улар қалбида ватанга бўлган муҳаббатни янада юксалтириш, миллий ва маънавий қадриятлар борасидаги билимларини бойитиш, дунёқарашини кенгайтириш лозим. Бу борада вилоятимизда қилинаётган ишлар ва тадбирлар диққатга сазовордир. Вилоят ҳокимлиги, хотин-қизлар қўмитаси ташаббуси билан 12 йилдан буён ўтказиб келинаётган “Ораста қиз” кўрик-танлови ана шундай эзгу ишларнинг амалдаги исботидир.

Ёшлар марказида ташкил этилган танловнинг вилоят босқичи баҳорнинг илк куни, шоира Зулфияхоним таваллуд кунига тўғри келди. Саҳна ажойиб сурат ва гуллар билан безатилган. Томошабин қизларнинг эгнидаги атлас ва адрас либослар кишига баҳорий кайфият улашди.

Тадбирни вилоят ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси М. Қобулова очиб берди ва баҳор ҳамда 8 март – Хотин-қизлар байрами билан йиғилганларни табриклади. Шу билан бирга иштирокчиларга омад ва зафарлар тилади.

Шундан шўнг, танловда Термиз шаҳри ва барча туманлардан ташриф буюрган иштирокчилар икки шарт – биринчи шартда Зулфияхоним ҳаёти ва ижоди, иккинчи шартда эса қизларнинг дарсдаги давомати ва эрта туғруқнинг олдини олиш, мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсатининг амалга оширилиши борасидаги саҳна кўринишлари билан иштирок этдилар.

Ҳакамлар ҳайъати иштирокчиларнинг саҳнада ўзларини тутишлари, одоб-аҳлоқи, нутқининг нечоғлик равонлиги, фикр теранлиги ва истеъдодларига қараб баҳоладилар. Иштирокчи қизларнинг ҳар бир чиқишларидан Шарқ аёлларига хос гўзаллик ва нафосат, одоб ва андиша сезилиб турди.

Ёшларнинг кийиниш маданияти ва сўзлашув одоби, ота-она ва фарзанд ўртасидаги муносабатлари, “Оммавий маданият”нинг салбий оқибатлари, миллий қадриятларимиз, қўни-қўшничилик, тиббий маданият, 12 йиллик мажбурий таълим ва эрта никоҳнинг оқибатлари мавзуларидаги бири-бирини такрорламайдиган саҳна кўринишлари томошабинларнинг олқишига сазовор бўлди.

Ангорлик М. Тўхтаева 3-ўринга, Термиз туманидан М. Ҳамроқулова 2-ўринга, узунлик М. Файзуллаева эса 1-ўринга лойиқ топилди. ўолиблар ҳомийлар фахрий ёрлиқлари ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

Сайёра АЛЛАЕВА,
“Сурхон тонги” мухбири

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Газетанинг янги сонини ўқинг!

“Сурхон тонги” газетасининг 2020 йил 5 августдаги сонида сиз кутган мақолалар нашр этилган: — “Тез …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan