Бош саҳифа / Жамият / Қора кунлар ёди

Қора кунлар ёди

Уруш олови ҳўлу қуруқни баравар ёндирган вақтларда, ишга яроқли эркаклар қўлига қурол олиб, ҳаёт-мамот жангига сафарбар этилган. Қишлоқда барча юмушлар ёши ўтган эркаклар, хотин-халаж ва ёш ўспиринлар зиммасида қолганди. Барча ишлар фақат қўлда бажарилган.

Ўша қора кунларда юртимизда очликдан, совуқдан ва ҳар хил касалликдан минглаб жонлар ҳаётдан кўз юмган. Фронт ортидагилардан ғалла, пахта, сут, гўшт ва турли қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етказиб бериш талаб этилган. Бошоқ териб, бир килограмм дон билан қўлга тушиб, қамалиб кетганлар кўп бўлган.

Ўша оғир, таҳликали йиллар ҳақида Асадулло ака Хайбилов шундай ҳикоя қилади:

— 1943 йил охирлари эди. Фронтга кетган отамиз ҳақида “Сталинград остоналарида бедарак йўқолди” деган мазмунда қорахат келди. Кўпчилик бундай шум хабардан юрак олдириб қўйган эди. Бизнинг оиламизни ҳам даҳшатли изтироб қоплади. 3 ўғил, онам, бувим, бир касал тоғам ва холам – 7 жон қандай яшаймиз? Бир парча нон тиллога ҳам топилмаётганди. Фақат онам ишга яроқли, холос. Қишлоғимизда урушга кетганларнинг болалари орасида нон ўрнига кунжара еб, шишиб ўлганлари ҳам бўлган эди. Қурби етган оила томорқасига сабзи, мош, ловия, ошқовоқ, макка етиштирар, баҳор келганда қоқиўт, шўра, тактак каби егулик ўтлар кўкаришини орзиқиб кутардик.

Шу аснода юқоридан биз яшаб турган собиқ “8 март” колхозига ҳам “Фронтавикларнинг болалари очдан ўлиб кетмасин, уларни сақлаб қолиш чораларини кўринг”, деган кўрсатма келди. 200 дан ошиқ оч қолаётган болаларни бир ерга тўплаб, бир кунда бир марта атала қилиб берадиган бўлишди. Қозонга тушадиган 5 кило унни ҳар куни раис Саидов ёки ҳосилот Маматқуловлар шахсан назорат қилар эди. Неча юзлаб қора кўзлар атала пишишини кутиб ўтирамиз…

“Очлик илон чаққандан ёмон”, деб бекорга айтилмаган. Бир нарса сира ёдимдан чиқмайди. Бизга атала пишириб бериладиган яқин жойда бир уй бор эди. Шу ерда тўрт ёшлар чамаси бир бола яшар эди. Айни атала қайнаб турган чоғда ҳалиги бола чопиб келиб, қозонга бир идиш солди ва югуриб қочиб кетаётиб, қайноқ аталани йўл-йўлакай ичиб кета бошлади. Бу ёқдан ёши катта болалар уни қувлаб кетишаяпти, парво қилмайди.  Уни йиқитиб олишгунча аталани ичиб олди. Бечора очлик касофатидан шунга мажбур бўлдими, ичаклари куйиб кетиб, тезда оламдан ўтди…

Раис захирадаги ерларга дон эктириб, эркаги фронтга кетган оилаларга қарашиш зарурлигини ҳосилот ва бригада бошлиқларига қаттиқ топширди. Шулар қаторида бизларга бир боғнинг чеккасидан 15 сотихча ер ажратишди. Энди омоч билан ерни ҳайдаб, уруғ сепамиз, деганда яқин хешларимиздан бири келиб омочни отиб юборди.

—     У жойга мен экаман, кетинглар бу ердан,— деб қўшни ҳайдаб чиқармоқчи бўлди.

— Раис буюрди. Бу болаларнинг отаси ўлмай қайтиб келса, юзига қандай қарайсиз? Тирик сағир бўлиб турган шу норасидаларга раҳмингиз келмайдими? Сиз ҳам бир балога дучор бўласиз, — деди қўшчи Олломурод бобо.

Эртаси раис Абдулла Саидовнинг ўзи келиб, ҳалиги қариндошимизни излатди. Ўша вақтларда раислар катта обрўга эга эди, хешимиз олти ойгача қочиб юрди. Сўнг раҳматли онам ўзлари орага тушиб, раиснинг ғазабидан уни сақлаб қолди.

Уруш йилларида омборчи бўлиб ишлаган Раҳмат Даминов бобо шундай дейдилар:

— Ингичка узилиб, йўғон чўзилган оғир уруш йилларида одамларни очликдан сақлаб қолиш учун саъй-ҳаракат қилган инсофли раҳбарлар ҳақида сиз ёшлар ҳам билиб қўйинглар.  Ўшанда колхознинг 2 та омбори бор эди. Бирини ҳамма билар, иккинчисини фақат раис ва мен билар эдик. Унда колхоз тегирмонидан келадиган бироз захира ун бўлиб, очлик жуда таҳдид қилган оилага “бир кило ун беринг, атала қилиб ичиб турсин” деган кўрсатма ёзув билан кечаси керакли уйга ўзим олиб бориб берар эдим.  Шу йўл билан кўпларнинг жонини сақлаб қолганмиз. Ахир бир кило ғаллани яширса, ёки бир кило пахтани чопонга соламан, деб уйга оборса ҳам жавобгар бўлиб кетганлар кўп бўлган…

Хуллас, халқимиз меҳнат фронтида жонбозлик қилди, минг азоб билан уруш жароҳатларини тиклади…

Ахир Ўзбекистондан борган ярим миллиондан ошиқ сара йигитлар урушда қурбон бўлди, неча юзлаб киши бедарак кетди. Ўтганлар хотирасини ёдда тутиш, халқимиз бошидан кечирган даҳшатли кунларни эслаш, бугунги кунларнинг ҳар бир лаҳзасини қадрлаш қарз ва фарздир. Ўтган  қора кунлар ҳеч қачон қайтмасин. Азиз ёшлар, ҳозирги мўл-кўлчилик ўз-ўзидан бўлмаган, бунинг замирида машаққатли меҳнат, буюк келажакни кўзлаб, шижоат билан олдинга интилиш борлигини ёдда тутинглар…

Али Асқар
ҲАЙБИЛОВ,
меҳнат фахрийси

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Жарима тўлади

Бугунги кунда юртимизда тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган шахсларга ҳамма қулайликлар яратилган. Жумладан, кўпчилик шахсий …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE