Бош саҳифа / Спорт / Ор учун курашганлар

Ор учун курашганлар

Раззоқ полвон умри давомида устозлари Сафар Қосимов, Жума Тошпўлатовларнинг ўгитларига амал қилиб самбо ва дзюдо бўйича ўтказилган халқаро мусобақаларда бир неча бор ғолиблик шоҳсупасига кўтарилди.

1981 йил Россиянинг Чайковский шаҳрида дзюдо кураши бўйича мамлакат биринчилиги мусобақаси давом этарди. Нав- бат етмиш килограммлик полвонларга келганда ҳакам:

— Олимпиада ва жаҳон чемпиони Шота Чачашвили ва Ўзбекистон чемпиони Раззоқ Устоев гиламга чиқади, деб эълон қилди.

Раззоқ полвон рақиби жаҳон чемпиони эканлигини билгач, бир оз ҳаяжонланди. Аммо устози Сафар Қосимовнинг “Майдонга чиқдингми, рақибингнинг кимлигидан қатъий назар, дадил ҳаракат қил”, деган сўзлари далда бўлди. Аввалига қочиб олишди. Учинчи марта қўлма-қўл бўлган заҳоти Раззоқ полвон ўзига хос бир услуб ишлатиб, рақиби устидан ғалаба қозонди. Томошабинлар олқиши остида майдондан чиқиб кетар экан, анчагача ҳаяжонини босолмай турди.

— Ўша ғалаба менга руҳан катта таъсир қилганди. Кейинчалик, ҳар қандай номдор полвон билан майдонга чиққанимда. Олимпиада ва жаҳон чемпиони, устидан ғалаба қилганимни эслаб, бу рақибимни ҳам, албатта  енгаман, деган фикр миямда чарх урарди, — дейди полвон. — Фаолиятим давомида йигирмадан ортиқ республика ва халқаро мусобақаларда қатнашиб совриндор бўлганман.

Бир гал Сайробга борганда амакиси Чоршанби полвон: “Бир нарса ҳамиша ёдингда бўлсин, отанг Қурбон полвон, акаларинг  Расул, Ғаффор, Мўмин полвонлар эл-юрт орияти учун курашиб ном қозонишган. Полвон халқи, энг аввало, танти бўлиши керак, иккинчидан, мол-дунё учун эмас, балки ор-номус учун курашиши лозим, — деган ўгитини бир умр шиор қилиб олди.

Раззоқ полвон курашиб юрган даврларни эслар экан:

— Мен кураш тушиб юрган даврларда воҳамиздан: Холиёр, Тоир, Ўрол, Йўлдош, Нортожи, деновлик Жаббор, Абдуназир, сариосиёлик Абдувоҳид, шерободлик Бобомурод, қизириқлик Соат, Умурхон, бойсунлик Турди, Ҳаким, Холмаҳмад, музработлик Нормамат, Жумақул, Сафар, Тоҳир, Тўра, Бойбўри, Аҳмад, термизлик Чори, Шафоат, Ҳусан, Ражаб, Панжи каби юзлаб номдор полвонлар майдонга чиқиб, эл-юрт орияти учун курашишган. Ҳозир уларнинг кўпи ёш полвонларга кураш сирларини ўргатишмоқда. Мен ҳам ҳар бир шогирдимни кураш майдонида ғалаба билан қайтганини эшитсам, унинг бу ютуғида заррача бўлса-да ҳиссам борлигидан қалбим қувончга тўлиб фахрланаман, — дейди Раззоқ полвон.

Раззоқ Устоев кўп йиллардан буён вилоят спорт қўмитаси қошида бунёд этилган самбо курашига раҳнамолик қилиб келаяпти. Шунингдек, Термиз давлат университетининг жисмоний тарбия факультети талабларига миллий ва самбо курашининг сир-синоатларини ўргатиб келмоқда. Унинг шогирдлари ҳар йили республика ва халқаро мусобақаларда қатнашиб катта совринларга сазовор бўлишмоқда.

Биз, моҳир полвон, тажрибали мураббий Раззоқ Устоевга узоқ умр, сиҳат-саломатлик, ёш авлодни тарбиялашдек шарафли ишига улкан ютуқлар тилаймиз.

Н. ОРИФИЙ,
А. ЭСОНҚУЛОВ

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

“Сурхон” мухлисларини шодлантираяпти

Футбол бўйича Ўзбекистон чемпионати суперлигаси баҳсларида қатнашаётган жамоалар яна олти турдан сўнг бу йилги мавсумни …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE