Бош саҳифа / Жамият / Қонунлар ижроси муҳим

Қонунлар ижроси муҳим

Куни кеча вилоят ҳокимлигида халқ депутатлари Сурхондарё вилоят Кенгашининг ХХХIII сессияси бўлиб ўтди. Унда депутатлар, фаоллар, алоқадор корхона ва ташкилотлар раҳбарлари иштирок этди. Сессия ишида кун тартибига қўйилганбир қатор масалалар бўйича депутатларнинг маърузалари тингланиб, муҳокамага қўйилди.

Сессия ишида вилоятимизда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва жиноятчиликка қарши курашишда “Жиноятга қарши курашиш ҳақиқати ва адолати” тизими асосида олиб борилаётган ишларнинг аҳволи хусусида вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи Ш. Сатволдиевнинг қилган маърузасидан келиб чиқадиган хулоса шуки, сўнгги пайтларда жойларда олиб борилаётган профилактик ишлар натижасида жиноятлар сони кескин камайишига эришилган. Аммо истисно тариқасида шуни ҳам айтиш мумкинки, ўта оғир жиноятлар 14,1 фоизга камайган бўлса-да, Олтинсой, Узун, Ангор, Термиз шаҳри ва Термиз туманларида уларнинг сони нисбатан ошган. Қасддан одам ўлдириш, қасддан баданга оғир шикаст етказиш, номусга тегиш, бос қинчилик ва талончилик, фирибгарлик, ўғирлик, безорилик, транспорт воситасини олиб қочиш каби жиноятлар баъзи туманларда ошган. Энг ачинарли жиҳати шундаки, жиноят қидирув соҳасида 123 та жиноят иши фош этилмасдан қолган. Жорий йилнинг 10 ойи мобайнида жиноят содир этиб, қидирувга берилган 709 нафар шахсдан 205 нафари ушланган бўлса, 504 нафарини ушлаш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар иш бермасдан қолмоқда.

Шунингдек, сессия ишида “Аму-Сурхон” ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси тизимларида “Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида”, “Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида”, “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”, “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”, “Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида”ги қонунларнинг бугунги кундаги ижроси ҳамда Президентимизнинг “2017-2021 йилларда қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш дастури тўғрисида”ги қарори, “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ижроси юзасидан махсус комиссия томонидан жойларда ўрганилган ҳолатлар кенг муҳокамага қўйилди. Шундан сўнг, халқ депутатлари вилоят Кенгаши ҳузуридаги ижтимоий шериклик бўйича Жамоат комиссияси раисининг 2018 йилдаги фаолияти ҳақидаги ҳисоботи тингланди.

Аҳоли сони ўсгани сайин табиатга етказилаётган зарар ҳам ўз-ўзидан ортиб бормоқда. Чўл ҳудудларида, хусусан, Каттақум ўрмон бўлимидаги ноёб саналган юлғун, саксовул, черкез ва қандим каби ўсимликларнинг аҳоли томонидан кесиб кетилаётгани бор гап. Баъзида жамоатчилик бу сингари салбий ҳолатларга гувоҳ бўла туриб, ўзларининг муносабатларини билдиришмаётганлиги, муаммонинг янада чуқур илдиз отишига сабаб бўлмоқда. Аксарият ҳолларда эса шу соҳага масъул мутасаддиларнинг ўзлари талон-тарожликка шахсий манфаатдорлик туфайли йўл очиб беришаётганлиги ачинарли, албатта. Бу борада ҳам қатъий топшириқлар, кўрсатмалар берилди.

 Ўзингизга маълум сўнгги йилларда Президентимиз ёшлар спортига алоҳида эътибор қаратмоқда. Бунга алоқадор кўплаб қарор ва фармонлар қабул қилинган. Мактаб, коллеж ва мактабгача таълим муассасаларида бугунги кунда “Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида”ги қонун ижроси кўнгилдагидек, деб бўлмайди. Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг Ижтимоий-маданий ривожланиш, ёшлар сиёсати ва соғлом авлодни тарбиялаш масалалари бўйича доимий комиссия аъзоларининг ўрганиш натижасига кўра, Денов туманида ҳам бу масала талаб даражасида эмас, деб топилди. Шунингдек, Термиз шаҳри, Бойсун, Сариосиё ва Термиз туманлари ҳокимларининг Президентимизнинг “2017-2021 йилларда қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш дастури тўғрисида”ги қарори ижроси талаб даражасида эмаслиги таъкидлаб ўтилди.

Сессия сўнггида молия бош бошқармасининг маҳаллий бюджет параметрларининг 9 ой якуни бўйича ҳисоботи тингланди ва ижроси тўғрисидаги ҳисоботи тасдиқланди. 2018 йилнинг 9 ойлигида вилоят маҳаллий бюджетининг даромад прогноз режаси ошиғи билан бажарилганлиги эътироф этилди. Шунингдек, вилоят ҳокимининг сессиялар оралиғида қабул қилинган қарори тасдиқланди.

Холмуҳаммад ТОҒАЙМУРОДОВ,“Сурхон тонги” мухбири

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Термизда замонавий лаборатория маркази очилди

Вилоятимизда Туркиянинг “Kani-med” компанияси томонидан замонавий лаборатория маркази ишга туширилди. Компаниянинг Термиз шаҳрида марказий офиси …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan