Онажоним – Зараут

0
41

ёхуд  Ашурой момо ҳақидаги хотиралар

Инсон дунёга келиб вояга етганида кўп нарсалар ҳақида мушоҳада қила бошлайди. Менинг ҳам ёшим олтмишга етганида болалик хотираларини ҳикоя қилиш ҳаваси қўлимга қалам тутқазди. Ҳикоям волидаи муҳтарамам Ашурой момо ҳақида. Эсанқул полвон ва Турдихол момоларнинг фарзанди ўз даврининг энг оқила, оилапарвар, шу билан бирга, тадбиркор аёлларидан бири бўлганлар. Аёллар онамга ҳавас билан қарашган, ҳурмат қилишган ва ҳар соҳада ул кишидан ибрат олишган. Онам кечирган ҳаёт йўли фарзанд лар учун ҳаёт мактаби бўлгани балки шу сабабдан.

БЕТАКРОР САДОҚАТ

Уруш йиллари кўпчилик Зараут қишлоғини ташлаб марказга яқин бошқа жойларга кўчиб кетган. Лекин ота-онам бу нарсани хаёлга ҳам келтиришмаган. Бунга сабаб, аввало, туғилиб ўсган қишлоғини яхши кўрган бўлсалар, иккинчидан отамнинг зиммасида Зараутсой тарихий ёдгорлигини сақлаш вазифаси бор эди. Бошқалар ўша атрофдаги Хатак, Хўжанқо, Ёруқсой, Чинор ва бошқа қишлоқларни макон тутишганида отам Ваҳоб бобо Давлатов қийинчиликларга бардош бериб Зараутни тарк этмаганлар.

 САОДАТЛИ ЁЛҒИЗ УЙ

Ҳувиллаган ёлғиз қишлоқда ягона оиланинг яшаши осон эмасди, аммо отам буни ўзи учун қийинчилик ҳисобламаган. Акаларим отамнинг жонига оро кириб  қолган дамлар. Улар қиш учун ўтин йиғишарди. Қуриган катта-кичик дарахтларни чопиб майдалаб, сўнг эшакка ортиб ва судраб уйга келтиришарди. Шундай пайтларда онам қувониб кетар, руҳланганидан қўшиқ хиргойи қиларди.

Чориғини чангидан,
Ўтинини тангидан,
Қилгангина ишидан
Онагинанг айлансин!

Мен миттигина қиз, акаларим билан ўйнагим келиб, уларнинг йўлига кўз тикиб турган пайтларимда, онам айтган қўшиқ уларга қувват бераётганини гўё ҳис қилардим ва бундан беҳад қувонардим.

Рўзғорнинг бори бор, йўғи бор. Бир сиқим буғдойни топганда уни емасдан экиб кўпайтиришган. Ҳўкизни онам тортган, омочни отам ушлаган. Униб чиққан буғдойни ўриб-йиғиб, иссиққина нон бўлиб дастурхонга келгунига қадар бўлган барча ишларни онам бажарган. Отам кўпинча даромад топиш учун бошқа жойларга чиқиб кетарди. Тоғда қишлоқлар ораси узоқ бўлганлиги учун баъзан  ҳафта-ўн кунлаб отам уйга қайтиб келмасди. Онам билан биз —болалар ёлғиз қолган пайтимизда гала-гала бўри ва тўнғизлар молимизга дориб, экинларни пайҳон қиларди. Чиябўри ва тулкидан етган зарарлар ҳам кам эмасди. Шундай пайтларда онам, кечалари қачон ухлаб қачон уйғонди экан, деб ўйлаб қоламан. Чунки, тун бўйи чор-атрофда айланиб юриб, экинларга қирон келтираётган ёввойи ҳайвонларни милтиқ отиб қувалаб юрган онам, тонг саҳар уйқудан уйғонган пайтим жойнамоз устида ўтирган бўларди.

ДАРДЛИГА ЙЎЛДОШ,
ТЎЛҒОҚДА БАРДОШ ОНАМ

Мен туғилмаган пайтлардан буён онамни нафақат ўз қишлоғи, балки қўшни қишлоқлардан ҳам одамлар обкетиб-обкелиб туришган. Чунки, онам ўша давр аёлларининг дояси ҳисобланган. Тоза-озода қиладиган ишлари, эпчил-чаққонлиги, куйинчак-меҳрибонлиги учун одамлар доим ундан миннатдор бўлишган.

Эслайман: кўпинча ярим тунда, баъзан тонг саҳар уйга кириб келган онам отамга юзланиб: “Тоғлар наъра тортиб, тошлар ёрилди шу кеча”, —  дер эдилар. Яъни бу гап фарзандини қийналиб дунёга келтирган аёлларга нисбатан айтиларди. Яна бир сири бор эдики, баъзи  аёлларда тўлғоқ деб аталувчи оғриқ бўлганда, шу оғриқ онамда ҳам сезиларкан. Шу сабабли ўз қўлида кўзи ёриган  аёлларга туғруқдан кейин ётиши учун жойни онам тайёрламаганлар, ўша уйдагилардан ёши каттароғини имлаб: “Жой тайёрланг, менинг сўнг тўлғағим бор, мабодо бу кишига юқиб қолиб, оғриб юрмасин дейман, —  дер эканлар.

Мени ҳозиргача ҳайратга солиб келадиган яна бир нарса шуки, онам ҳомиладор бўлган пайтларда отам сира ҳам хавотирга тушмасдилар. Сабаби, онам ўзига ўзи туғруқ қабул қилган. “Ё Оллоҳ, ўзингдан бошқа эгам йўқ, сен асраган жойда бало йўқ, асрамасанг пано йўқ, ўзинг мададкорим, халоскорим бўл!” —  деб чақалоқ ва ўзи учун керак бўладиган барча нарсани тайёрлаб, болакайларни ташқарига чиқариб юборарди. Биз эшик тагида чақалоқ йиғисини кутиб ўтирардик. Чақалоқ йиғлагач, ким олдин кириб чақалоқни кўради, деб талашардик.  Пайти келиб ўзим она бўлганимда волидаи муҳтарамамнинг довюрак полвонликларига қайта-қайта тасаннолар айтганман. Эсимда қолган яна бир манзараки, отам бир кетсалар бир ой-икки ойда қайтмасдилар, шунда, онамни қийналиб қолди, деб  яқинлари бир неча марта кўчириб олиб кетмоқчи бўлишган, лекин онам Зараутни ташлаб кетмаган… Ўша йиллари бир журналда берилган мақоладан (унда онамнинг расми ҳам бор эди), бу ерлар уларники, деган иборани эслаб қолганман. Ёлғиз қишлоқда бир ўзи сабру қаноат ва бардош билан истиқомат қилаётган оиламизга нисбатан мухбирнинг ўз ҳайрати ва хайрихоҳлигини ифода этиб тан бергани, миннатдорчилик изҳор этганими бу, билмадим, аммо нима бўлганда  ҳам ўша мақолада чуқур маъноли ибора ишлатилганлиги аниқ.

МАТОНАТЛИ МЕҲНАТ —
ҚИШ УЧУН ҲИММАТ

Онам Ашурой момонинг ҳеч ким билмаган тадбиркорликлари бўларди. Масалан, у ғарқ пишган тут, олча, наъматак мевасини териб олиб ва ювиб, тозаланган катта тошга оби нон қалинлигича ёярди ва кейин устига юпқароқ тошни бостирарди. Тут  ва наъматак ширасидан ёз иссиғида худди кулча нонга ўхшаб қотиб  қолган кулчаларни қиш учун ғамлаб қўярди. Беҳисоб ёнғоқ-бодом, жийдалар, ҳар бири тарвуздек келадиган беҳиларни ўзи тўқиган катта-катта қопларга жойлаб қўярди. Қишнинг изғиринли совуқ кунлари ўтов ўртасидаги ўчоқ атрофида, сандалга оёқ солиб, онажонимнинг эртакларини тинглаган ҳолда ёзда йиғилган мевалардан еб  ўтирардик. Шамоллаганда ёки бошқа бирон сабабга кўра иштаҳамиз бўлмаса онам олча ош қилиб берарди. Бунинг учун ўзининг шираси билан қуёшда қотган олча кулча сувга солинади, сўнг эса ийлаб-ийлаб тайёрланган умоч қўшиб қайнатилади. Таъбга кўра икки-уч дона туршак ҳам солинарди. Бундай ошнинг таъмини бошқа ҳеч қайси таомда учратмаганман. Онам бошчилигида ўриб йиғилган шувоқ кулидан таралган хушбўй ифор, ўтовнинг ўнг қанотига кўгалланган (боғланган) қўзи-улоқнинг кавш қайтарган овози, чарчаб ҳориган онам айтган маҳзун эртаклар ҳамон қулоғимда янграб туради…

ЙЎҒИ БОРДАЙ ЗАМОНИ, ҚУЛЛУҚ БЎЛСИН ЧАКМОНИ

Зараутда яшовчилар Хатак қишлоғига сайловга бориши керак бўлган. Онам раҳматли назар солиб қараса, қишлоқда эркак ва аёлларнинг усти юпун, аҳволи жуда абгор. Шунда ўйлаб-ўйлаб  отажонимга рўян деган ўсимликдан олиб келиб беришни  илтимос қилади. Туя жунидан силлиқ мато тўқиб ва уни рўянга бўяб, сўнг чакмон тикади. Аввал уни отамга кийдиради, ўнгу сўлга айлантириб камчиликларини тўғирлайди, чакмон четига чирозлар тўқийди. Шунда чакмон қизил алвондай товланадиган, чўғдек кўзни қувонтирадиган даражада бўлади. Кейин шу тартибда қишлоқдошларига ҳам чакмон тикишга киришади. У даврда бировдан пул олиш ёки бошқа нарса таъма қилиш бўлмаган, бу нарса ҳеч кимнинг хаёлига ҳам келмаган.

Сайловга чиройли либосларда жўнаган зараутликларни кузатиб чиққан онамнинг кўзларида порлаган қувонч ва фахр ҳалигача  менинг кўз ўнгимда! Атрофдаги  қишлоқлардан сайловга келган кишилар зараутликларнинг куёвларники каби кўркам либосига ажабланиб ва ҳавас билан қараганлар. Кейинчалик райком (ҳоким), раис ва бошқа  казо-казолар онам ҳузурига  чакмон тикдириш учун келганлари ҳамон эсимда…

ЙЎҚЛИК БЕРОЛМАГАН ПАНД, ЭПЛИ ЭНАМ ҲУНАРМАНД

Қишнинг изғиринли кунлари. Оила аъзоларимиз оёқ кийимдан қийналиб қоларди. Буни кўрган онам  кармакдан бўёқ тайёрларди. Кармак олиш учун ёзда пишиб етиладиган зардоли, тут дарахтларининг илдизи пўстлоғи билан бирга кавлаб олиниб, қуёшда қуритиларди. Зарур бўлганда улар катта қозонга солиниб, сувда қайнатиларди. Маълум вақтдан сўнг қайнаётган илдиз қизғиш-малла тусга кирарди. Ана шу нарса кармак дейиларди. Энди навбат отам билан унинг амаки укаси Абдулаъли бобомга келади. Улар ҳайвон териларини эпақага келтириш билан шуғулланишади. Ишлов бериб тайёрланган туя ва ҳўкиз терилари кармакка солинади ва терилар хам қизғиш-малла рангга киргунича қайнатилади. Керакли тусдаги рангни олган теридан отам, Абдулаъли бобом ва кичик шогирди Ғани билан   биргаликда этик, маҳси, мўкки тикишга киришадилар. Ип ва уғ боғи  тасмаларини ҳам ўша теридан тайёрлашган. Меҳр-оқибатли бўлиб, бирикиб қилинган иш баракали бўларди. Ҳамма давр- ларда ҳам шундай бўлган, албатта. Шунинг учун бўлса керак, оға-инилар ўз даврининг катта ҳунарманд усталари бўлиб етишдилар. Отам раҳматли кексайган пайтларида ҳам киядиган маҳсисини ўзлари тайёрлаб киярдилар. Ўша маҳси тайёрлаш жараёнларини набиралари жуда яхши эслашади.

ОНАДАН КЎРГАН ТЎН ПИЧАР

Табиатан синчков ва қизиқувчан онам уй ўтов ясаш ишларини ўша даврнинг моҳир уй устаси Анзир момодан ўрганганлар. Бобом келин-куёвлар учун бежирим  уй анжомларини тайёрлаган бўлсалар, онам уларни ясатганлар.  Аслида бобом ўтов анжомларини ясашни хўжанқолик уста Муқим бободан ўрганганлар. Айтишларича, ўша даврда уста Муқим бободан ўтадиган ёғоч  устаси бўлмаган экан. Масалан, уйнинг керагаси ва уғни  фақат уста Муқим бобо ясай олган. Шогирдларидан ҳеч ким у киши даражасига етолмаган. Ўтов ясашнинг ўзига яраша сир-синоати, яъни ҳозирги тил билан айтганда технологияси бор. Бунинг учун  дастлаб толдан керага деб аталувчи ёғоч девор тайёрланади. Керагага роса ишлов берилади: пўстлоғи тозаланади, тол новдаси ийнов деб номланган мосламада эгилади, иссиқ-совуққа чидамли бўлиши учун туя терисидан ясалган тасма билан бириктирилади. Тасма туя терисидан ишланади. Бунинг учун эндигина сўйилган туянинг териси совумай туз сепилади, тузга бўктирилган тери жунлари осонгина юлиб олинади ва сўнг терига ошлов деб номланувчи хамиртуруш, яъни ачитқи солиб ўраб қўйилади. Тери тайёр бўлиши учун саккиз-ўн кун керак бўлади. Ачитқи сурилган тери кунора қуёшга ёйиб қўйилади, ҳар сафар ачитқи текислаб турилади,  маълум вақтдан сўнг эса тери ўртасига тўпланиб қолган ачитқи билан ўраб қўйилади. Тери тайёр бўлганда ундан қўл бармоқлари ўлчамида тасмалар кесиб олинади. Ана шу тасмалар тайёр ҳолатга келган уй керагасини бир-бирига бириктиришда қўлланади, Тасма билан боғлаш учун керага ёғочининг учи пичоқ билан озроқ ўйилиб,  қиздирилган махсус сим билан тешилган ва ўша тешикчалар орқали тасмалар ўтказилган. Тасманинг икки чети бир тугиб бириктирилган. Керагани йиғиш ва лозим ҳолатга келтириш осон бўлиши учун тасма ёғочга тенг ҳолатда кесилмасдан маълум бир узунлик ҳам қолдирилган. Тик холатларда айлана шаклга келтирилган керагани уйнинг эшиги билан бириктирганлар. Сўнгра уйнинг чанғароқ (чамбарак) деб аталувчи шипи(чердаги) тўртта-бешта уғ (увуқ) деб аталувчи уй устунлари билан кўтарилади. Уғлар чанғароққа жойлаштирилиб, махсус тўқима безак берилган уғ боғи билан боғланади. Чевар аёллар  уғ боғини жун ёки пахтадан тўқишган. Ҳар ким ўз диди ва маҳоратидан келиб чиқиб уғ боғларига безак беради. Чанғароқнинг чанбарон пастидан  то тепасигача ва бутун уй бўйлаб қўй жунидан ясалган кигиз ёпилади.  Кигиз усти тармоқ деган махсус оқ пахта иплар билан  умумий қилиб боғланади. Кигизлар мустаҳкамлиги шу даражада эдики, ундан иссиғу совуқ тугул ёмғир ҳам умуман ўтмаган.  Қамишдан тўқилган чиғ деб аталувчи махсус тўқима уй атрофига айлантириб жойлаштирилади. Ана шу чиғ туфайли ҳар хил заҳарли ҳашарот, сичқон-каламуш уй ичига киролмайди. Чанғароқнинг устида тўрт бурчак шаклли туйнук ёпгич туради. Унинг эчки қилидан пишитилган узун иплар боғланган тўрт учи ҳам ерга қоқилган қозиқларга маҳкам боғлаб қўйилади. Сабаби, шамол бўлганда, чанг-тўзон кўтарилганда туйнук туйқус очилиб кетмаслиги ва қишда совуқ ҳаво кирмаслиги учун ёпиб қўйилади. Уй ўртасида қазилган ўчоқда сут, гилагай, оқиз, атала, тўнтарма ва бошқа таомлар пиширилиб, тутун чиқиши учун туйнук суруғ (очгич) билан бир туртиб очиб қўйилади.

Ўтов безатишнинг  ана шу жараёнларини бошқариб, доим назоратдан ўтказиб турган онам ҳаммамизга: ”Ўрган! Ўрганганинг ўзингга, қилганинг менга фойда!” — деяр эдилар…

ЯХШИ ОТ БИЯДАН

Онам билан бир қишлоққа меҳмонга бордик, қайси қишлоқлиги ва кимникига борганимиз эсимда қолмаган. Ўшанда: “Шундай ажойиб аёлнинг қизи эканман-да, катта бўлсам мен ҳам онамдек бўламан!” — деган орзулар туғилган. Тўладан келган ёши каттароқ бир киши келиб, онам билан кўришиб: ”Қийналган пайтимда  менга кийим-бош, егулик берган халоскорим келибдилар!” — деб онамга сарпой ва бошқа совға-саломлар берди. Бир аёл келиб йиғлаб кўришди ва онамга: “Сизнинг панд-насиҳатларингиз туфайли мен сабр-қаноат нималигини билдим ва бахтимни топдим!” — деди.

Қишлоқдагилар онамни катта иззат-икромлар билан кузатишган эди. Кейинчалик билсам, онам анча илгарилар шу ердан бир аёлни соғ-саломат туғдириб олган экан.  Онамга миннатдорчилик билдириб, совға-салом инъом этган инсонлар шу оиладан бўлишган. Ўша одамларнинг  фарзанд-набиралари  шу аёлнинг зурёди бўлганимиз учун бизни ҳозирда ҳам ҳурмат қилишади. Эндиликда улар билан қишлоғимиз бир.

ФАРЗАНДЛАР КАМОЛИ,
ОТА-ОНА ЖАМОЛИ

Онам ўз фарзандларини билган ва ўзи тўқиган эртаклари, ҳикматли ҳикоялари, қолаверса, ибратомуз ҳаёт тарзи билан тарбияли, мулоҳазали, илмга чанқоқ, ҳозиржавоб инсонлар қилиб тарбиялади. Абдурауф, Абдусаттор, Абдужаббор, Абдувойид акамлар узоқ қишлоқ мактабига қатнаб билим олишлари учун  имконият яратди. Бугина эмас, балки уларнинг ўқиш жараёнини оддий қишлоқ аёли кузатди, улар билан савол-жавоблар қилиб турди, керак бўлганда койиди, баъзан қувонди. Алқисса, улар олий ўқув юртларида ўқиб, яхши мутахассис, кўзга кўринган инсонлар  бўлиб етишдилар. Масалан, Абдурауф акам бир қанча масъул вазифаларда ишлади, раҳбар бўлди. Эсимда қолгани, у Ангор туман райкоми (ҳокими)нинг ўринбосари ҳам бўлган. Абдусаттор акам Хўжан- қода умумўрта таълим мактаби биносини ҳашар йўли билан қуришга етакчилик қилди, умри бўйи унинг директори эди.  Онамизнинг ажо- йиб ҳикоялари таъсирида улғайган оғаларим орасида ижодкорлар ҳам бор.  Бири ўтган асрнинг 60-70-йилларида қалами ўткир журналист сифатида танилди, Жаббор Ваҳобов кўп йиллар Музработ (собиқ Гагарин) туман газетаси бош муҳаррири бўлиб ишлади, Абдувойид (Сафар) акамнинг ҳам суяги газетачиликда қотганди. Улар бадиий ижод билан ҳам шуғулланишган. Лекин умрлари қисқа экан, кўп яшамадилар. Оллоҳ у дунёсини берсин! Бу борадаги охирги сўзим, баъзилар илм олиш шароитини ўғлига қилолмаган ўша даврларда икки қизини ҳам ҳамшираликка ўқитган эди, онагинам.

ҚЎЛИ УСТА ГАВҲАРИМ,
КУЙ ОҲАНГНИ СЕВАРИМ

Уйимизда онамнинг чиройли доира ва чанқовузлари бўларди. Доирани ўзи ясаган. Бунинг учун сўйилган эчки терисини совимасидан ошловга ташлаб, тайёр бўлганида уни отам тол ёғочни эгиб ясаб берган қасқонга суюқ хамир билан ёпиштириб, сўнг  эса саричечак, қизғалдоқ ва  чиройли гулбарглардан қўллаган ҳолда нафис манзаралар чиқарарди. Хурсандчилик, қувноқлик пайтлари ва баъзи маҳзунлик, сиқилиш ҳолатларида уй тўрига илиб қўйилган доира ёки чанқовузни  қўлга олиб чаларди. Онам доира чалганда тоғ какликлари жўр бўлишини ва шунда тоғлар ҳам акс-садо бериб, жуда бошқача мусиқавий оҳанглар пайдо бўлишини кўп бора кузатганман. Бу асбоблар онамга худди дардкаш ва сирдош дўстлар каби эди. Баъзан йиғлаб, баъзан ҳорғин юзига табассум югурган  пайтлари чалган бадашлари қандай бетакрор бўлганлигини айтмайсизми!..

ГИЛАМ-КИГИЗ-НАМАТ-СЕП, ПЎСТАК-СУПРА СЕПГА ЗЕБ

Онажоним ўзидан орттириб  етти фарзанд ва улардан  кўпайган набираларининг барчасига атаган сеп гиламларини ўзи йигирган, ўзи ранг берган, ўзи тўқиган ва ўзи тиккан бўғчаларга тахлаб қўйган эканлар. Тўқсон ёшли аёл нафақат ўтирган, балки юрган ҳолатида ҳам бемалол урчуқ йигириб кетавериши ва гилам тайёрлашига ишонасизми? Онам шундай аёл эди. Урчуқни ҳеч ким онамдек тез ва сифатли йигира олмасди. Ҳозирги кунда қайси набирасининг уйига борсам, онам чинакам меҳр билан тўқиган гилам уйга зеб бериб турган бўлади. Бу гиламлар табиий ўчмас ранг-бўёғи билан кечагина тўқилган каби чўғланиб, товланиб туради.

Ўйлаб қоламан, рўзғорнинг битмас-туганмас юмушларидан ортиб қачон ва қандай қилиб шунча ҳунарни ўрганишга улгурди экан-а онажоним.  Ўша пайтлари қўй-эчкининг яхшилаб таралган жуни катта рўмолга тугилган ҳолда уй керагасига илиб қўйиларди. Аввал қанча катталикдаги кигиз ёки намат  тайёрлаш лозимлиги аниқлаб олинади. Ўша чамасига етганда текис қаттиқ ерга ёйилган бўйра устига гилам тўшалиб устига жун ёйиб чиқилади. Агарда намат қилмоқчи бўлса, унга ранг берилган жунлар асосида турли гул солинади. Сўнг гилам билан бирга ўралиб, махсус тайёрланган ёғоч бешикка солинади. Аёллар катта қозонда  қайнаб турган сувни сатилда олиб келиб устига қуядилар. Эркаклар эса бор куч билан бешикни бирваракайига босиб тебратганлар. Натижада иссиқни ҳам, нам ва захни ҳам ўтказмайдиган, чидамли ва чиройли намат-кигизлар  тайёр бўлади.

Пўстак қилиш учун сўйилган қўй-эчкининг жуни қирқиб ташланмаган териси олинади ва турли хил ранг берилган ишловдан ўтказилади. Кейин улар ранглар бир-бирига ярашиб турадиган қилиб  кесилади ва яна уланади. Пўстакнинг энг зўри асал пўстакдир. Уни  қиз узатаётган ёки ўғил уйлантираётган яқинларга тўёна қилганлар.

Сўйилган кийик, қўй-эчкилар териси оиламизда ҳеч қачон  увол  бўлмасди. Бунинг учун, аввало, тери юзаси кераксиз жундан тозаланади, кейин ишловга ўтилади, яъни ачитилган хамир суртиб ҳар куни, кейинчалик эса икки-уч кунда битта терини қаттиқроқ нарса билан қириб, ошлаб, ойлар давомида супра тайёрланади. Бу қизлар ва қиз набиралар учун аталган бўларди. Мана, орадан эллик-олтмиш йил ўтибдики, ҳамон онамиз тайёрлаб  берган супрани ишлатамиз…

Биз фарзандлар ва набиралар ҳам бу ҳунарни эслаб қолганмиз…

АНГЛАМАЙ ҚАЛБИМ СИЁҲ,
НЕ ЭДИ СИРЛИ ГИЁҲ?

Яна бир сирни айтсам. Онажоним ўзи тўқиган бежирим дастурхонларни оддий совунда ювишни хоҳламасди. Сабаби, ҳиди қоларди ёки дастурхоннинг ранги ўчади, деб ҳисобларди. Тоғдан қайсидир бир гиёҳни ўзи териб келарди-да, уни дастурхонга қўшиб кир тоғорага соларди. Сув қайнатилганда бояги гиёҳ хушбўй ҳид таратиб, ҳозирги замонавий кир ювиш воситаси сингари кўпириб-кўпириб кетарди. Мен ёшлик қилиб шу қайси гиёҳ эканлигини эслаб қолмаганман, сўраб ҳам олмаганман. Ке- йинчалик жуда кўп кишидан сўраб-суриштириб ҳам билолмаганимдан афсусланаман.

Онажонимнинг яна бир яхши одати,  каклик қаноти патидан  нонпар — жамоқ   тайёрлаб, бутун оғайни-дўстлар ҳамда уйга келган барча меҳмонларга улашардилар. Менинг онам ана шундай саховат соҳибаси эдилар.

Саодат ВАҲОБОВА,
Ангор тумани,
“Қорасув” маҳалласи

ЖАВОБ ҚОЛДИРИНГ:

Илтимос изоҳингизни киритинг
Илтимос исмингизни шуерга киритинг