Бош саҳифа / Жамият / Онасию боласини ҚАДРЛАГАН ЭЛ

Онасию боласини ҚАДРЛАГАН ЭЛ

Ҳар кунгидек ишдан қайтаётиб, фарзандларимни олиш учун мактабгача таълим муассасасига йўл олдим. Шоша-пиша югургилаб, муассаса дарвозасидан кириб, ичкарига аста разм солдим.  Бир гуруҳ болалар берилиб ўйинчоқ ўйнашаётган экан. Ана, ҳов четдаги болакай йиғма конструкциялардан антиқа баланд бино қуриш билан банд. Яна бири моҳир рассомлардек ҳар томонга сочилиб ётган мозайкалардан гулнинг суратини тузишга уринар, бошқаси эса қўлидаги ўйинчоқ самолёти билан гўёки юксакларда парвоз қиларди.

Уларга қараб, мурғак юракчаларда уста меъмор, моҳир рассом ёки довюрак учувчи бўлишдек беғубор орзулар куртак ёзаётганини фаҳмладим. Беихтиёр, жажжиларнинг келажакка дахлдор бундай ҳаракатларини кузата туриб, орзиқиб кетдим. Шу дам хаёлимга онам ва бувим сўзлаб берган ўтмиш хотиралари келди: бешикка эрталаб солиниб, кеч- қурун бир мартагина ечиб, яна шу мўъжаз қўрғончада михланиб ётган гўдаклар, ёзнинг чилласида ҳам кўча чангитиб ўйнайдиган болалар, бирор оғриқдан шикоят қилгудек бўлса, ўзи ўтиб кетишини кутиб, қандайдир хасталиклар билан қолган ўсмирлар…

Шуларни эслар эканман, аста-секин ўзгаришга юз тутаётган ва бугунга келиб, ушбу манзаралардан тамоман йироқ бўлган ҳодисаларга қараб, ўтмиш ҳақиқатан ўтмишга айланиб қолаётганига шукрона келтирдим.

Баъзан туғруқхона эшиги олдида қўлида гулдаста билан рафиқасини қутлашга келиб, хушкайфият билан гўдагини туғруқхонадан уйига олиб кетаётган оталарни кўраман. «Ахир бу оддий ҳол, бунинг нимасидан ҳайратланасиз?» дерсиз, аммо, масаланинг бошқа жиҳатига эътибор қаратайлик. Бундан ўн беш-йигирма йил илгари оталар орасида туғруқхонага келишни ор биладиганлари ҳам бор эди. Гўдагини эркалашга «йигитлик ғурури» йўл қўймай, оқибатда ота фақат кўчанинг одами деган нотўғри қарашларнинг ҳам юзага келгани ҳақиқат эди.

Бир қарашда оддий, аммо, бу каби муҳим ўзгаришлар тасодифан ёки оиладаги моддий фаровонлик яхшилангани учунгина юз бермади. Ҳар бир соҳага эътибор қаратилгани ҳолда аҳолининг тиббий саводхонлигини яхшилаш, таълим-тарбияда инновацион усулларни қўллаш, айниқса, она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш борасида кўплаб ишларнинг амалга олиширилиши ҳаётимиз, турмуш тарзимизга ижобий таъсир кўрсатди.

Мисол учун аҳоли саломатлигини сақлаш борасида қилинган ишларни олайлик: ўтган йилнинг ўзида вилоятимизда 13 та тиббиёт муассасаларида 31 миллиард 712 миллион сўмлик қурилиш ва таъмирлаш ишлари олиб борилди. Жумладан, Ангор туманида 70, Музработ туманида 55, Сариосиё туманида 60 ўринли туғруқ бўлими ва 45 ўринли болалар бўлимлари бинолари реконструкция қилингани, Қизириқ туманида 200 қатновли поликлиника биноси қурилгани оналик ва болаликни муҳофаза қилишдаги яна бир муҳим қадам бўлди.  Бу йил ҳам яна 11 та тиббиёт муассасаларида 25 миллиард 643 миллион сўмлик қурилиш-реконструкция ишлари амалга оширилди.

Қурилиш-реконструкция ишларидан ташқари, мустақиллик йилларида давлат ва жамоат, нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан соғлом турмуш тарзи борасида ҳам кенг кўламда тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилди. Туғиш ёшдаги аёлларни соғломлаштириш учун  тиббий кўрикдан ўтказилиб, касаллик аниқланган аёлларга даво муолажалари учун кўрсатмалар берилди. Хусусан, жорий йил бошидан буён 158 112 нафар хотин-қиз соғломлаштирилди.    Албатта, буларнинг барчаси аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш, соғлом турмуш-тарзини шакллантириш, асосийси оналик ва болаликни муҳофаза қилиш мақсадида қилинмоқда.

Ёки худди шундай таълим муассасаларидаги ўзгаришлар, ўқитиш тизимидаги янгиланишлар ҳақида ҳам кўплаб ана шундай мисолларни келтириш мумкин. Айниқса, мактабгача таълим муассасалари фаолиятини тубдан яхшилаш ва 2018-2023 йилларда 3-6 ёшли болаларнинг тўлиқ МТМларга қамраб олиниши бўйича дастур ишлаб чиқилаётгани айни муддао бўлди. Чунки вилоятимизда мавжуд 292 та мактабгача таълим муассасаси барча боғча ёшидаги болаларни тўла қамраб олиш имконига эга эмас. Қолаверса, мавжуд мактабгача таълим муассасаларидан айримларининг моддий-техник базаси етарли эмас. Аксариятининг эса биноси таъмир талаб. Мазкур лойиҳа ана шу муаммоларга ечим топади ва энг муҳими, ушбу муассасаларда фарзандларимизнинг буюк шахслар, кашфиётчию олимлар бўлиб етшиши учун мус- таҳкам пойдевор қўйилади.

Албатта, бугун ҳаётимизда рўй бераётган бу каби ўзгаришларнинг боиси бу — мустақилликдир. Бинобарин, ҳурлик берган имкониятлар калити туфайли биз ҳеч кимдан кам эмаслигимизни ва ҳеч кимдан кам бўлмаслигимизни исботлаяпмиз. Ҳатто, бунга бугун бутун дунё ҳам иқрор бўлиб турибди. Зеро, бундай шарафга фақат осмони мусаффо, хонадони тинч, онаси-ю болалари шодмон элларгина мушарраф бўлади.

Феруза РАҲМОНҚУЛОВА

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Улуғ инсон эди…

У пайтлар Ангор тумани маданият бўлими бошлиғи бўлиб ишлар эдим. Ташкилотчилигим, ташаббускорлигимни яхши билган туман …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE