Бош саҳифа / Жамият / Оналарнинг кўнгли тўқ

Оналарнинг кўнгли тўқ

Вилоят перинатал марказининг вақтинча иш фаолиятини давом эттириш мақсадида Ангор туман тиббиёт бирлашмасида 80 ўринга мўлжалланган бино таъмирланиб, қайта жиҳозланди. Марказнинг очилиш маросимида вилоят ҳокими ўринбосари Р.Чориев, қатор жамоат ташкилотлари вакиллари, тиббиёт ходимлари ҳамда журналистлар иштирок этди.

— 2018 йилда 160 ўринга мўлжалланган вилоят перинатал маркази ишга туширишилиши режалаштирилган, — дейди марказ директори Отабек Расулов. — Иш фаолияти узлуксизлигини таъминлаш мақсадида Ангор туман тиббиёт бирлашмаси терапия бўлимининг уч қаватли биноси таъмирланиб, замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланди. У ерда туғруқ ва туғруқдан кейинги, жарроҳлик, функционал диагностика, чақалоқлар ва бемор яъни муддатидан олдин туғилган чақалоқлар,  жонлантириш, бемор ҳомиладорлар, лаборатория бўлимлари ташкил қилинган. Бу ерда Ангор, Қизириқ, Музарбот ҳамда Термиз туманларидан келган беморларга сифатли тиббий хизмат кўрсатилади.

Марказда аёллар маслаҳатхонаси ҳам ташкил этилган. У ерда ҳомиладор, туғиш ёшдаги аёллар келиб, маслаҳат олиш имконига эга бўлишади.

— Фарзандим 34 ҳафталикда, яъни муддатидан олдин туғилди, — дейди шўрчилик Сурайё Мустанова. — Унда нафас етишмовчилиги кузатилганди. Марказдаги замонавий ускуналар ҳамда жонкуяр шифокорларимизнинг саъй-ҳаракати билан хавф орт да қолди. Албатта, бундай эътибор ва ғамхўрликдан миннатдорман. Ахир она учун уйга кетиш олдидан фарзандини соғ-саломат қўлига олишдан ортиқроқ бахт йўқ дунёда.

Марказ остонасидан ҳатлар экансиз, дунёга яшаш умиди билан боқаётган бахтиёр чақалоқларни кўрасиз. Улар гўё жўр бўлиб эрк қўшиғини куйлашаяпти, деб ўйлайсиз. Энди бу ердаги туғруқ даври яқинлашган аёлларнинг эса фарзандини эсон-омон бағрига босиши учун барча шароитлар мавжудлигига ишончи комил. Бепул ва сифатли хизматдан кўнгли тўқ бўлиб, остона ҳатлашади ва беихтиёр кўнглида шукроналик туяди.

Ф.РАҲМОНҚУЛОВА

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Газетанинг янги сонини ўқинг!

“Сурхон тонги” газетасининг 2020 йил 5 августдаги сонида сиз кутган мақолалар нашр этилган: — “Тез …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan