Бош саҳифа / Жамият / “Она тупроқ қўшиғи”

“Она тупроқ қўшиғи”

Менгзиё Сафаров

1956 йили ўрта мактабни аъло баҳоларга тугатиб, бир йил Хайробод пахта тозалаш заводида ишчи бўлиб ишлади. 1957 йили Тошкент давлат университетининг тарих ва археология бўлимига ўқишга кирди, ўқишни муваффақиятли тамомлади. Икки йил Узун туманидаги Ойдин номли ўрта мактабда ўқитувчилик қилди, икки йил Ўзбекистон халқлари тарихи музейида илмий ходим бўлди.

У том маънодаги қадимшунос эди, мана унинг қадимшунос ҳақида айтганлари: “Қадимшунос ўтмишга саёҳат қилади… Тупроқ қадимшунос учун аждодлар тарихининг буюк китобидир. У ўтмиш аждодлар ҳаётини шу топилдиқлар орқали тирилтиради. Тарих манзараларини кашф этади…”. “Ер устида тирик юрганларни ёзадиганлар кўп, мен ернинг тагида, индамаслар оламида ётганларни ёзишни истайман…”. Менгзиё Сафаров узоқ йиллар ҳозирги “Сурхон тонги” вилоят газетасида таржимон, адабий ходим, бўлим мудири, вилоят радиоэшиттириш қўмитасида муҳаррир, ўн йилдан ортиқ даврда “Пайғамбар ороли” қўриқхонасида илмий ишлар бўйича директор ўринбосари вазифаларида ишлади. У 1974–1994 йиллар давомида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг вилоят бўлимини бошқарди.

Менгзиё Сафаровнинг илк қиссаси 1965 йили “Шарқ юлдузи”да “Турналар учади” номи билан эълон қилинган бўлса, 1971 йили эса “Олис қирлар ортида” асари нашрдан чиқди. Ёзувчининг “Она ер қўшиғи” номли ҳикоялар тўплами 1969 йилда алоҳида китоб ҳолида эълон қилинди. Кейинчалик “Боботоғ” , “Табиат эҳроми”, “Пайғамбар ороли”, “Айришох” асарлари ҳам дунё юзини кўрди.

Воҳамиз тарихининг билимдони, табиат шайдоси, юрт жонкуяри, беғубор инсон Менгзиё Сафаров яратган асарларнинг аксариятида мозий мавзуси устувор мавқега эга. Ўлкамизнинг тарихини бошқалардан кўпроқ биладиган қадимшунос олим воҳамиз бўйлаб олиб борилган қадимшунослик изланишларининг фаол иштирокчиси эди. Унинг “Она тупроқ қўшиғи” номли эссесида Холчаён, Далварзин, Бадрачтепа – Будрачтепа, Оқмозортепа (амир қароргоҳи), Дунётепа (шаҳар) ва воҳанинг қатор тарихан қадимий осори-атиқаларга бой марказларида олиб борилган кузатувлар асосида олинган ажойиб таассуротлари китобхон ила баҳам кўрилади. Асарнинг ҳар бир сатрида шу қадим гўшага бўлган жўшқин фарзандлик муҳаббати уфуриб туради.

Кўҳна Холчаён харобаларида олиб борилган қазув ишларида шахсан Менгзиё Сафаровнинг ўзи иштирок этади ва у бутун жараённинг жонли гувоҳига айланади. Қазув ишлари давомида рўй берган қизиқ воқеа ёки қўлга киритилган ҳар бир янгилик ва топилма, ҳатто оддий топилдиқ ҳам унинг назаридан четда қолмайди. Адибнинг Холчаён ҳайкалчалари ҳақидаги синчков кузатувлари эътиборга моликдир: “Баъзи маъбудалар қўлида олма, анор тутиб туради. Бу – ободончилик, фаровонлик худоси. Иккинчи бир хилининг қўлида кўзгу бўлади. Бу гўзаллик ҳомийси, порлоқ истиқбол маъбудасидир…”. Менгзиё Сафаровнинг “Турналар учади” қиссасида ҳам худди шу мавзу теварагида баҳс юритилади. Муаллифнинг фикрича, юнонлар ясаган ҳайкалларда ташқи гўзаллик, инсон жасорати, жисмоний баркамоллик етакчилик қилса, бизнинг ҳайкалтарошларимиз кўпроқ инсон ички туйғуларини очиб беришга интилишади. Воҳамизда ана шу хил ажойиб анъаналар кейинги асрларда ҳам давом этгани диққатга сазовор. Тўғри, бу давр мўъжаз санъат намуналари гарчанд кам сонли бўлсада, ўзига хос жиҳатлари билан ажралиб туради. Булар аёл маъбуданинг бир қўлида қўзичоқни ушлаб олган тасвири (Зартепа арки аълоси, 6-аср), одам бош қисми туширилган исириқдон (Болаликтепа, 7-аср), фарзандига меҳрини бераётган она сиймоси тажассум топган шиша тақинчоқ – медальон (Болаликтепа, 7-аср)лардир. Ангор тумани ҳудудида қадимшунос олимлар қўлга киритган бу каби топилдиқлар эътиборга лойиқ, айниқса, Зартепа арки аълосига тааллуқли қўлида қўзичоқ ушлаб турган маъбуданинг тасвири, бизга табиат ва инсон ажралмас қутблар эканини англатади. Қўзичоқ нафақат дунёга янги келган фарзанд рамзи, мажозан кўркам табиатни ифодалайди, биз табиатни қучоғимизда асрашимиз лозим, чунки биз ҳам унинг қучоғидамиз, деяётгандек гўё. Зартепа топилдиқларида яхлит бақтр, юнон, ҳинд, юнон-бақтр, кушон, сосон ва туркийлар санъати анъаналарининг муштарак кўриниши ўз ифодасини топган. Қолаверса, Менгзиё Сафаров “Дарё – ҳаёт, мангулик” (кейинчалик “Сарбаста Сурхон”) эссесида эслатишича, етук археолог олим М.Е.Массон ҳикоя қилиб берган, атиги ўнг қўл панжасигина омон сақланиб қолган оҳактош аёл ҳайкали ҳам диққатлидир. Муаллиф шахсан шу ҳайкалчани топиш илинжида Бештахта, Ҳовуз, Хўжаипок, Оқсув, Бодиҳаво, Чинор, Вахшивор, Сина, Хўжасоат қишлоқларини, Онгқақшар, Осмонталаш, Қалъаи Шерон, Деги Канор тоғларини, Мунжоқ ва талай бошқа тепаларни, минг афсус, бесамар кезиб чиқади.

“Она тупроқ асари” бағрига турли ривоятлар сингдирилган, яъни Искандар Зулқарнайн ва у никоҳига олган Бақтрия гўзали Рохшанак ёки Далварзин ҳақидаги нақллар шулар жумласидандир. Юқоридаги нақллар шунчаки ривоят эмас, улар тарих саҳифаларига муҳрланган ва такрор-такрор тилга олинувчи севимли афсоналардир. Шулардан Искандар ва бақтриялик Оксиартнинг қизи Роксана (Рохшанак) қиссаси жозибаси билан киши эътиборини ўзига тортса, Дал подшо ва унинг эрка қизи гўзал Варзин (ёки Варзина) ривояти “Она тупроқ қўшиғи” орқали, демакки, муаллиф туфайли элга — китобхонларга илк бор тақдим этилган. Ана шунинг таъсирида кейинчалик Болтажон Содиқовнинг “Дол подшо ва унинг қизи малика Варзина ҳақида эртак” ва Мамат Бобомуродовнинг “Варзиншоҳ ва Даллиой” асарлари пайдо бўлди.

Менгзиё Сафаров “Она тупроқ қўшиғи”нинг Искандар ривоятини “Тарихга бир назар” фасли ила бошлайди: “Сурхондарё воҳаси эрамиздан аввалги V асрда мавжуд бўлган ва Амударёнинг юқори ирмоқларини ўз ичига олган қудратли Бақтрия давлати таркибида эди. Билсангиз, ҳали 60-йилларда бизнинг замин — Сурхон воҳасининг Бақтрия таркибига тобинми ёки тобин эмас масаласи анча тортишувли бўлиб, узил-кесил ҳукм йўқ ҳисобида эди. Ғарб олимлари Сурхон заминини кўпинча, Сўғдиёнага тобе деб келишган, аммо Менгзиё Сафаров иккиланмасдан баралла Бақтрия давлати билан боғлаши катта жасорат намунаси бўлиши баробарида ўз асосларига ҳам эга эди. Дарҳақиқат, юнон муаррихи Арриан (мил. аввалги II аср) “Искандар юришлари” китобида Искандар саркардаларидан Аристобул сўзларига таяниб (боиси Аристобул ҳам Искандар тарихини ёзган, лекин бизгача етиб келмаган) Роксана (Рохшанак)ни бақтриялик Оксиартнинг қизи дейди. Аристобул китобини ёки у истифода этган манбаларни яхши ўзлаштириб олган Арриан тағин Аристобулга ҳавола қилиб, эллин ва македонларга қарши Ватан озодлиги учун курашган Спитаменнинг ҳам (“Она тупроқ қўшиғи”да у ҳақда кичик эслатма бор) баралла бақтриялик эканига шоҳидлик беради. Менгзиё Сафаровнинг ўзи айтганидек, Рокшанак ва унинг отаси Оксиарт қалъасини ёхуд Хориен қўрғонини излаб, истаб Ҳисор ва Бойсун тоғларини кезиб чиққанини яхши биламиз.

“Она тупроқ қўшиғи”да илк дафъа Чағониён ўлкаси ва унинг қўйнида олтин тасмадек мавжланиб оққан Чағонруд (ҳозирги Сурхондарё) ҳамда бу юртни обод қилган, шоирпарвар амирлар ҳақида маълумотлар оламиз. Дақиқий ва Фаррухий сингари ўша замоннинг таниқли шоирлари, уларнинг Чағониён амирлари саройида мулозимлик қилганликлари мароқ билан сўзланади. Менгзиё аканинг суҳбатлари таъсирида Чағониён амирлари саройида нашъу намо топган илк шоҳноманавис Дақиқий ва ўткир ҳажвчи шоир Мунжик Термизийлар ҳақида 1993 йилдан бошлаб битта-яримта мақолалар ёза бошладик. Ниҳоят Бекмурод Қодиров билан ҳамкорликда “Чағониён адабиёти” номли мўъжаз рисоламиз дунё юзини кўрди. Бу рисоламиз не чоғлик яхши-ёмон билмайман, аммо Менгзиё акага рисолани кўриш насиб этмади.

Марҳум шоир Болтажон Содиқов адиб Менгзиё Сафаровни эслаб шундай ёзган эди: “Бир воқеани яхши эслайман: телефон жиринглади, гўшакни олсам, Менгзиё: “Бизникига тез келсангиз, Тошкентдан Шукур Холмирзаев келган” деди. Бордим. Дастурхон тўла, кўнгил тусаган нарса бор, суҳбатлашдик. Мен ҳам меҳмонларни уйимга таклиф қилдим. Шукур, Менгзиё, Шафоат, собиқ вилоят комсомол саркотиби Тилла Менглиев, доцент Асқар Хўжақулов, маҳоратли ўқитувчи, ташкилотчи Зикир Умаровлар келишди. Ўша пайт суҳбат ёзувчи, адабиёт, бадиий ижод ҳақида бораётган эди. Шукур:

— Ижод эркин бўлиши керак, — деди. Менгзиё:

—Партиявийлик ижодни бўғиб қўйган, социалистик реализм методи бўлса, ёзувчининг тушови. Мен:

— Эҳтиётлик яхши. Сиёсатга дарз кетмасин, дедим. Менгзиё бирдан қизишиб:

— Сизнинг “Ленин бобом”, “Ленин бобомга”, “Партиям” каби шеърларингизни ҳозир ўқишади. Келажакда-чи? Шўрорлар тузумини абадий, емирилмас, деб ким кафолат бера олади?”, деди.

Менгзиё шундай жасоратли, қўрқмас, келажакни олдиндан кўра оладиган назарли хислатга ҳам эга эди, десам хато қилмаган бўламан. Айтганлари рост бўлиб чиқди. Қизил Империя қулади, биз истиқлолга эришдик. У мана шу кунларни кўрмади, афсус.

Мен Менгзиёни “Менгзиё закки” дер эдим. У ўша донишлигича дорилбақога рихлат қилган бўлса ҳам, у билан боғлиқ хотиралар ҳамон қайта тикланаверади, бир умр қалбимизда сақланади.

Бобоназар
МУРТАЗОЕВ,
филология
фанлари номзоди

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

“Аёл ва замон” марказида янги лойиҳа

Воҳамиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётида нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳам ўз ўрни бор. Бу борада “Аёл ва замон” …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan