Бош саҳифа / Жамият / Она шундай бўлса, қизда нима гап?

Она шундай бўлса, қизда нима гап?

“Оммавий маданият” таъсирида ёшларимизнинг кийиниш борасида чегарадан чиқиш ҳолатлари кузатилаяпти. Айниқса, қизларимизнинг енгил-елпи, очиқроқ айтадиган бўлсак, беҳаёларча кийинишларига баъзи тенгдош-йигитларнинг ҳам қарши эканлигига амин бўламиз.

Чунки қизлар азал-азалдан миллатнинг шаъни, ғурури, ор-номуси сифатида қараб келинган. Қизларимизнинг йилдан йилга янада очиқроқ кийиниши ғурурли, йигитларнинг ориятини келтираётгани ҳам бор гап.

“Дунё мода мактаби” таъсирида жуда калта юпка, тор, йиртиқ-ямоқ шим, кези келганда шортикда кўча бўйлаб кезаётган қизларимиз, елкаси, куракларининг ўртаси очиқ либосларда ҳам кўриниш бера бошлашди.

Наҳот, фарзандларининг жамоат жойларида шунақа, “реклама” тарзида юриши ота-оналари учун уят ҳисобланмаса?

Кунларнинг бирида жуда калта юбка, ҳаддан ортиқ очиқ-сочиқ кийинган икки қизнинг кетиб боришаётганига кўзим тушди. Обдон бўяниб, ўзларига оро беришганидан бирор тўй ёки зиёфатга боришаётганига амин эдим.  Рости, уларнинг бу юбкаларда столда қандай ўтиришларини кўз олдимга келтира олмадим. Разм солиб, уларнинг она-бола эканликларига амин бўлдим. Она қизига ўрнак бўлиш ўрнига, ўндан ўзишга ҳаракат қилгани янада ачинарли ҳол. Дабдурустдан, уларни орқаравотдан ажратиш қийин кечди…

Нафақат иссиқ, илиқ кунларда баъзида янги йил олдидан қизларимизнинг жуда очиқ- сочиқ, енгил-елпи кийиниб олишганига гувоҳ бўласиз. Қор ёғаяпти ёхуд изғирин совуқ, кўкариб кетишган, дилдираб туришибди, аммо улар учун олифтагарчилик муҳим. Бахтини, йўлини берсин, бу қизлар бир кун бирор хонадоннинг бекаси бўлгач, бундай енгил юришу совуқлар ўз ишини кўрсатмайди, деб ким айта олади?

Ўзлари маданият, миллийлик, ғурур, ҳаё, номус каби тушунчага эга бўлмаган бу каби ёшлар эртага келинлик ва оналик каби вазифаларини бажара олишадими? Шундай табиат ва қарашдаги қиз эртага уйим-рўзғорим, дейдиган аёл бўлиб, ҳаётнинг ҳар қандай қийинчилиги-ю, машаққатини матонат билан енгиб ўта олади, деб ким кафолат бера олади? Шундай ёшлардан ташкил топган оиланинг бахтли бўлишига сиз ишонган бўлармидингиз?

Халқимизда кўзингни чиқмасдан қўри, деган нақл бор. Бугунги биргина хатоимиз келажакда бизга жуда катта муаммоларни келтириши мумкинлигини унутмайлик!

Шоира ДАВЛАТОВА,
ТерДУ ўқитувчиси

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Газетанинг янги сонини ўқинг!

“Сурхон тонги” газетасининг 2020 йил 5 августдаги сонида сиз кутган мақолалар нашр этилган: — “Тез …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan