Омонлик маскани

0
79

Атрофи туя ўркач чағатлар, паст-баланд қирадирликлар билан ўраб олинган сўлим Омонхона қишлоғи туман марказидан 16 чақирим шимолий шарқ томонда жойлашган. Бу масканда минг нафардан ортиқроқ киши умргузаронлик қилади.

Ақли донишларнинг нақл қилишларича, бу ердаги маҳаллий аҳоли юқумли касалликлар билан асло оғримаган.

У ерда жойлашган Омонхона булоғи юқумли касалликларга чалинган беморларни ҳаётга қайтарган. Бу шифобахш неъмат мустақиллик даврида янада довруғ таратди. Илмий тадқиқот институтлари олимларининг эътиборини қозонди. Одамлар мамлакатимизнинг турли гўшаларидан шифо излаб бу ерга ташриф буюришадиган бўлишди.

— Қорақалпоғистон Республикасидан келганман, — дейди Тилаб Жасбеков. — Бундан 15 йил илгари гепатит касаллиги билан оғриган эдим. Жигарим қаттиқлашиб, церрозга айлана бошлаган экан. Омонхона суви бу дардга даво деб эшитгач, йўлга чиқдим. Дастлабки йилнинг ўзидаёқ жигаримда ижобий ўзгаришлар юз берганлигини сездим. Ўшандан буён 7 йил ўтди. Ҳар йил келаман, омонхона суви мени яна жўшқин ҳаётга қайтарди.

— Омонхона суви нафақат жигарга шифо бахш этади, — дея суҳбатга аралашди узоқ Хоразм воҳасининг Ҳазорасп туманидан келган Қувондиқ Ортиқов. — Балки ошқозон-ичак касалликларига ҳам даво бўлади. Буни ўзимда синаб кўрдим. Ошқозоним яллиғланган, ўн икки бармоқли ичагимда эса яра пайдо бўлган эди. Уч йилдан буён эрта баҳор ва кеч кузда шу ерга келаман. Сувидан ичаман, ванна қабул қиламан. Энди касалликдан асар ҳам қолмади. Боз устига қоним таркибида қанд ҳам баланд эди. Орадан кўп ўтмай, меъёрига тушди. Биз Омонхонани омонлик маскани, деб атаймиз.

Хўш, Омонхона сувининг қудрати нимада? Гап шундаки, қишлоқ бошида тошларни ёриб, шаффоф сувли булоқ кўз очган. Чашманинг об-ҳаёти асосан, магний сульфат ионларига бойлиги билан хориждаги «Трусковец» сувидан устун туради. У киши танасидаги пешобни ҳайдаш, қабзиятни бўшатиш, қон босимини пасайтириш каби  ижобий таъсирга эга.

Дарвоқе, бу ерда соғломлаштириш маскани фаолияти ҳам йўлга қўйилган бўлиб, унда барча шароитлар яратилган.

Даволаш масканини ободонлаштириш учун икки юз тубдан ортиқ арча кўчати ўтказилиб, зиналарга  темир панжарали тутқичлар ўрнатилди, икки километр йўлга асфальт ётқизилди. Очиқ табиат қўйнида, нилийранг арчалар соясида юзтадан ортиқ чорпоялар ўрнатилган. Бу беморларга ҳам маъқул келмокда. Негаки, улар соф тоғ ҳавосидан баҳраманд бўлмоқда. Айниқса, 21 километр масофага қувур ётқизилиб, маъданли сув келтирилгани кўпчиликни қувонтирди. Яқинда ушбу маскан яна эллик ўринга кенгайтирилди.

— Мижозларимиз пул ўтказиш ёки нақд пул тўлаб, йўлланмалар олиш имкониятига эга, — дейди сиҳатгоҳ директори Шавкат Эрназаров. — Улар сурункали гепатит, холицистит, қандли диабед, ошқозон ости бези яллиғланиши, хафақон касаллигининг енгил тури, умуртқа поғонаси туз касалликлари, йўғон ичак яллиғланиши каби хасталикларни даволаш муолажаларини оладилар. Шунга яраша шароит яратганмиз, имкониятлар етарли. Омонхона булоқ суви жуда кўп дардларга даво эканлиги хорижда ҳам маълум ва маш-
ҳур. Шу боисдан бизга тушаётган талабномалар асосида сувни экспорт қилишни мўлжаллаяпмиз. Бундан ташқари, яна бир лойиҳа устида иш олиб бораяпмиз. Олча, шафтоли, ўрик, олма, нок мевалари шарбатлари аралашмасидан тайёр ланадиган чанқовбости ичимликларни ҳам савдога чиқармоқчимиз.

Шифо маскани виқорли тоғлар бағрида жойлашган. Агар  тоғ бағирлаб осма йўллар қурилиб, шу  орқали арчазор оралаб сайр қилинса, масканга ташриф буюрувчи меҳмонлар учун ҳам нақадар завқли ва фойдали бўларди. Қолаверса, бу сайёҳлар оқимининг кўпайишига ижобий таъсир кўрсатади.

Омон ШУКУРОВ,
Ўзбекистон Журналистлари ижодий
уюшмаси аъзоси

ЖАВОБ ҚОЛДИРИНГ:

Илтимос изоҳингизни киритинг
Илтимос исмингизни шуерга киритинг