Бош саҳифа / Жамият / “Оммавий маданият” ва унинг зарарли таъсири

“Оммавий маданият” ва унинг зарарли таъсири

“Оммавий маданият” XIX асрнинг 30-йилларида пайдо бўла бошлаган ва унинг кескин ривожи XX асрнинг ўрталарига тўғри келади. Маълумки, коммунистик мафкура — “темир девор” “оммавий маданият”га йўл бермас эди.

Бу девор йиқилгач, у собиқ совет республикаларига, жумладан, Ўзбекистонга ҳам селдек бостириб кира бошлади. “Оммавий маданият”нинг учта: кич маданият (паст даражадаги вульгар, беҳаёлар маданияти); мид (ўрта миёна) маданият; арт маданият (маълум бадиий мазмун ва эстетик қийматга эга) маданият даражалари бор.

Маълумки, меҳнаткашларнинг маълум қисмида бўш вақт етарлича. “Бўш вақтини ёпиш” эҳтиёжи “оммавий маданият” ривожига йўл очмоқда. Кейинги ўн йилликда маданиятни демократлаштиришда кино, телевидение, хусусий каналлардаги кўнгил очар шоулар, кассета, спорт кўрсатувлари катта роль ўйнамоқда.

“Оммавий маданият” бозордаги товарга айланиб, муайян хусусиятлар касб этди. Чунки кўпинча бу жўн маҳсулотлар кўча одамига мўлжаллангандир. Аҳоли билан уларга тушунарли бўлган ўртача тилда мулоқот ва муносабат қилиниши “оммавий маданият” оммавийлигини таъминлашнинг муҳим жиҳати ҳисобланади.

Ахборот технология воситаларининг кучайиб кетганлиги боис бўш, ўта саёз маданият маҳсулотлари ҳам бозорга чиқарилмоқдаки, уларнинг кўпчилиги маданиятни юксалтириш мақсадида эмас, балки тижорат мақсадида жамият аъзоларининг паст онгли табақаси томонидан тарқатилмоқда. Натижада, анъанавий маданият маконида мумтоз халқ ижодиёти ёнида аҳоли онгини,билим ва тафаккурини ўтмаслаштирадиган ижод маҳсулотлари ҳам кўпайиб бормоқда.

“Оммавий маданият”га катта ёшдагиларнинг маълум даражада қаршилик кўрсатгани, қабул қила олмагани анъанавий маданий қадриятлар улар онги-шуурига анча чуқур ўрнашганлиги натижасидир.

Аммо ўсмирлар, ёшлар янгиликка интилувчан, тенгқурларига ҳавас қиладиган, модапараст, хориж андозаларини осон қабул қилишга мойил бўлади. “Оммавий маданият” эса ташқи кўриниши, осон ўзлаштирилиши билан уларни қизиқтирмоқда.

Таассуфли томони шундаки, бугунги кунда исталган дўконлардан паст савияли қўшиқ, клип, аудио, видео тасма ва кинофильм, мультфильмларни харид қилиш мумкин.

“Оммавий маданият”да тўртта иллат: ахлоқий бузуқлик ва зўравонлик, индивидуализм, эгоцентризмни маданият деб ҳисоблаш назарда тутилади. Унинг таркибида эса ахлоқий бузуқлик, кашандалик, алкоголизм каби иллатлар қарор топган.

“Оммавий маданият”нинг яна баъзи кўринишлари борки, улар миллий менталитетимизга ҳам, одоб-ахлоқ тамойилларига ҳам тўғри келмайди: ҳаддан ташқари тор ва очиқ, бадани, ҳатто, аёллик белгилари яққол кўриниб турадиган даражадаги кийимлар кийиш, балоғатга етмаган, балоғат ёшидаги йигит-қизларнинг жамоат жойларида ўпишиб, қучоқлашиб туришлари, аёлларнинг эркакча сўкинишлари, ота-онага ва ёши катта кишиларга ҳурматсизлик, порнография, старизм (субъектив эҳтиросларга берилган ҳолда эстрада артистлари, актёрлар, спортчилар, теледикторларни илоҳийлаштириш), билимсизлик, ахлоқсизлик ва тартибсизликни қўллаб-қувватлаш, татиуровка (баданга суратлар чиздириш), бир жинсли никоҳ, эркакларнинг аёллар кийимида юриши ва уларнинг пардоз воситаларидан фойдаланишлари, зўравонлик, йўқ жойдан жанжал қўзғаш, жамият манфаатларини менсимаслик, ҳар қандай вазиятда ўзини ҳаммадан устун қўйиш, яъни манманлик шулар жумласидандир. Биз, ким бўлишимиздан, ёшимиз ва жинсимиздан қатъий назар уларга қарши кураш олиб боришимиз лозим.

Хуллас, “оммавий маданият” жамиятимиз учун, айниқса, келажагимиз эгалари бўлган ёшларимиз учун катта маънавий зарардир. Биз ақл ва ирода эгалари бўлган, эътиқодли инсонларни тарбиялаш учун “оммавий маданият” келтирадиган зарарни яхши англашимиз, айниқса, ёшлар тарбиясида ҳушёрлик билан иш тутишимиз лозим.

А.УЛУҒОВ,
Республика Маънавият ва маърифат
маркази бош мутахассиси

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Газетанинг янги сонини ўқинг!

“Сурхон тонги” газетасининг 2020 йил 5 августдаги сонида сиз кутган мақолалар нашр этилган: — “Тез …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan