Бош саҳифа / Жамият / Олтинсойнинг олтинлари эди улар…

Олтинсойнинг олтинлари эди улар…

Олтинсой Оллоҳ назари тушган юрт,
Бу юртда ётурлар, дониш олимлар.
Сўфи Оллоёрнинг хоки шу ерда,
Мавлоно Зоҳид ҳам топди қўнимлар…

Инсон учун Ватан, киндик қони тўкилган юрт туйғуси барча нарсадан устундир. Биз унинг бағрида яшар эканмиз, тинч ва осойишта ҳаётимизнинг қадрига кўпам етавермаймиз. Аммо Ватандан айро яшаганимизда, сафарга чиққан пайтимизда бу неъматнинг қадри ниҳоятда билинади.

Шу боисдан ҳар доим унинг қадрига етишимиз лозимдир. Бу табаррук юрт кўплаб зиёли, ўз касбининг усталарини тарбиялаб вояга етказган. Касб байрамида шу юртнинг гуллабяшнашига меҳнати синган фидойилар ҳақида тўхталиб ўтишни жоиз деб билдим.

1981 йил 23 нобярда ташкил этилган энг ёш Олтинсой тумани ўз бағрига кўплаб зиёли инсонларни чорлади. Мана шундай инсонлардан бири ўз касбининг устаси, моҳир журналист, устозимиз Эшмирза Муҳаммадиев эди. Мен бу инсон билан 1983 йилда танишиш бахтига муяссар бўлганман. “Олтинсой тонги” — ҳозирги “Халқ ва ҳаёт” газетасига амалиёт ўташ учун кўнгилли бўлиб келиб, бу олийжаноб инсоннинг меҳр-муҳаббатидан баҳраманд бўлдим. Устоз меҳр-оқибатлилиги билан менинг юрагимда ўчмас из қолдирди. Кўп йиллар мана шу газетага бош муҳаррир сифатида раҳбарлик қилиб, кўплаб шогирдлар етиштиришга ҳам муваффақ бўлган инсонлардан саналади. Жумладан, бугунги кунда “Халқ ва ҳаёт” газетаси бош муҳаррири Нормурод Темиров, ёзувчи ва публицист Жўра Қодиров, ижодкорлардан Ҳайитали Раҳмон, Абдуғаффор Одинаев ва бошқалар устознинг шогирдлари саналади.

1986 йилда мана шу газета туфайли мен Ўзбекистон халқ ёзувчиси, ардоқли адибимиз Тоғай Мурод билан ҳам танишиш бахтига муяссар бўлдим. Ўша пайтлари бу ижодкор газета таҳририятида фаолият олиб бориш билан бирга “Отамдан қолган далалар” номли романига материал тўплаётган экан. Менинг хотирамда муҳрланиб қолган воқеалардан бири “Олтинсой тонги” газетасида ёзувчининг “Сўфи Оллоҳёр ким бўлган?” номли мақоласи эълон қилингани эди. Бу мақола катта шов-шувларга сабабчи бўлди. Чунки шўролар тузуми даврида бу каби буюк алломаларимиз ҳақида ёзиш ва уни матбуотга чиқариш учун улкан жасорат ва катта юрак керак бўларди. Тоғай Мурод мана шундай улкан қалб соҳиби эди. Мақоладан сўнг бош муҳаррир ва муаллиф кўплаб тазйиқларга учради. Уларга маломат тошлари ёғилди. Шундай бўлишига қарамасдан ёзувчи Тоғай Мурод кўпчиликка Сўфи Оллоҳёр ҳақида маълумот бериб, халқимиз қалбида бу улуғ бобокалонимизга нисбатан меҳр-муҳаббат туйғусини уйғота олди. Ҳамиша биринчи бўлиш қийин. Улуғ ёзувчи Тоғай Мурод биринчи бўлиб Сўфи Оллоҳёр номини дунёга ёйди. Бу ишлар осонликча бўлмаган эди.

Бугун Олтинсойда ерлар силкинди,   

Заминга қулади бу мовий осмон.

Ларзага келтириб ўксик дилларни,

Кузатамиз сўнгги манзилинг томон!

Мана шундай юртнинг севимли фарзандларидан яна бири истеъдодли шоир Сайфулло Тоғай эди. Бу камтарин инсоннинг номини тилга олишимиз биланоқ кўз ўнгимиздан унинг ёқимли сийрати ва ажойиб қўшиқ ёдимизга тушади.

Тўйинг куни тўйиб йиғладим,

Қисматимдан куйиб йиғладим.

Ўшал оқшом мушфиқ онамнинг,

Кўксига бош қўйиб йиғладим…

Ҳаётда яхши инсонлар ва беғубор қалб соҳиблари жуда кам умр кўришади. Сайфулло Тоғай ҳам қисқа умр кўрди. Лекин мана шу умри давомида шеьрият мухлисларининг қалбидан ўзининг ўтли ашъорлари билан мустаҳкам жой олишга эришди. Мен бу шоир билан кўплаб суҳбатлар қуриб, унинг ажойиб шеърларини тинглаш бахтига муяссар бўлганман. Бу ўтли қалб соҳиби ҳақида ёзар эканман хаёлимдан бир ўй сира кетмайди. 26 апрель унинг туғилган куни, шу куни Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф ҳам таваллуд топган. Сайфулло Тоғай ҳаёт бўлганида балки Муҳаммад Юсуфдек ажойиб мухлислар орттирармиди? деган ўй сира тинчлик бермайди. Бугунги кунда унинг икки нафар фарзанди ота изидан бориб шеърлар ёзмоқда. У яратган боғда яна гуллар очилмоқда…

“Олтинсойнинг олтинлари эди улар… ”деб номланган ушбу мақолани ёзиш мен учун осон бўлмади. Чунки юқорида номлари тилга олинган ижодкорлар ҳақида қанча гапирсак ҳам камлик қилади. Уларнинг ўчмас сиймолари доимо кўз олдимизда гавдаланаверади. Касб байрами арафасида уларнинг табаррук номларини яна бир карра ёд этиш мен учун ҳам фарз, ҳам қарздир. Мен учун бу авваламбор инсонийлик бурчимдир.

Ўтиб кетди деманглар,

Эслаганда, тирикмиз.

Яхши-ёмон кунларда,

Мададкормиз, шерикмиз.

Вужудимиз тупроқдир,

Гул руҳимиз ҳавода.

Бизни эслаганларни,

Умри бўлсин зиёда.

Ҳаёт инсонга бир марта берилади. Мана шу улуғ неъматнинг қадрига етиб, яхши кунларда яхшиларнинг табаррук номларини ёдга олиш ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиздир.

Тўрамурод РАҲМОНОВ,

Ўзбекистон Журналистлар

ижодий уюшмаси аъзоси

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Конференция бўлиб ўтди

Қизил ярим ой жамияти узоқ йиллик тарихга эга. Ушбу ташкилот табиий ва техноген тусдаги фавқулодда …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE