Бош саҳифа / Жамият / Олтинсой: экотуризм манзиллари

Олтинсой: экотуризм манзиллари

Вилоятимизда экотуризмни ривожлантириш учун жуда катта имкониятлар мавжуд. Биргина Олтинсой тумани мисолида айтсак, Хўжаипок ота зиёратгоҳи ва булоқлари, Вахшиворсой, Сўфи Оллоҳёр ва бошқа зиёратгоҳлар каби табиий ва маданий мерос объектлари чет эллик сайёҳларни жалб қила оладиган ажойиб манзиллардир.

Вахшиворсой — Олтинсой туманидаги баҳаво гўша. Қадимдан вахшиворсойликлар қурғоқчилик нима, сув тақчиллиги нима, билишмайди. Катта бир тегирмон сув чиқадиган Чинорбулоқ уларга тақдири илоҳийдан туҳфа қилиб берилгандек гўё. Бу ердан оқиб ўтадиган сойнинг икки соҳилида одамлар уй-жой, боғ-роғлар бунёд этишган.

Бундан ташқари, Вахшиворсойга зеб бўлган аломатлар кўп. Қишлоқ масжиди ёнида ўсган тутнинг ёшини жуда улуғ деб айтишади. Бу тут 100 ёшдан ошган табиий ёдгорлик сифатида муҳофазага олинган. Тутнинг кавагига икки-уч киши бемалол жойлашади. Машҳур “Чинорбулоқ” болалар оромгоҳи ҳам сой бўйида жойлашган бўлиб, болажонлар ҳар ёз табиат гўзаллигидан баҳра олишади.

Хўжаипок зиёратгоҳи ҳам Олтинсойнинг энг маҳобатли тарихий масканларидан биридир. Булоқдан олтингугуртли сув чиқади. Айтишларига қараганда, ушбу булоқ суви минг дардга давомиш.

Вахшиворсойга баҳор ва ёз мавсумида борган киши ўзини худди Кавказ ёки Швейцарияда юргандек ҳис этади. Сабаби, табиатан бу ернинг одамлари тетик, бақувват бўлади. Энг қизиғи, вахшиворсойликларда буйракда тош тўпланиш касаллиги деярли кузатилмайди.

Хулоса шуки, чет эллик сайёҳларни бундай гўзал манзилларга жалб қилиш осон кечмайди. Энг аввало, бу манзилларга етказувчи йўлларни жаҳон стандартларига мос равишда реконструкция қилиш керак. Биринчи навбатда, инфратузилма — меҳмонхона, кемпинг, дам олиш зоналарини барпо этиш зарур.

И.ЁҚУБОВ,
Ўзбекистон Экологик партияси вилоят Кенгаши раиси
Х.ШУКУРОВ,
Ўзбекистон Экологик партияси Олтинсой
туман Кенгаши раиси

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Жарима тўлади

Бугунги кунда юртимизда тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган шахсларга ҳамма қулайликлар яратилган. Жумладан, кўпчилик шахсий …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE