Бош саҳифа / Қишлоқ хўжалиги / Олтинсойнинг тотли узумлари

Олтинсойнинг тотли узумлари

Вилоят аҳолисини сифатли узум ва боғ ноз-неъматлари билан таъминлаш мақсадида ўтган асрнинг  саксонинчи йиллари бошларида Денов ва Шўрчи туманлари негизида боғдорчилик ва узумчиликка ихтисослаштирилган Олтинсой тумани ташкил этилган эди.

Ўтган вақт мобайнида олтинсойлик соҳибкорлар нафақат текис майдонларда, балки қир-адирликларда ҳам ток, хилма-хил мевали дарахтлар кўчатини ўтқазишганди. Бугун ўша саъйи-ҳаракатларнинг натижаси ўлароқ олтинсойлик боғбонлар  вилоят аҳолисини ширин-шакар узуму мева-чевалар билан таъминлашаяпти, ортгани эса пойтахт аҳолисига, шунингдек, Россия, Қозоғистон давлатларига жўнатилмоқда. Қисқаси, узумчилик ва боғдорчилик соҳа ходимларига, тажрибали боғбонларга мўмай даромад келтирмоқда.

Жорий йилда олтинсойлик боғбонлар 5300 гектар майдондаги токзорларни намунали парвариш қилдилар. Ҳосилга кирган 4500 гектар майдондаги узумзорларда мўл ҳосил етиштирилди.

Эл дастурхонига 48 минг тонна сифатли узум етказиб беришга қарор қилган соҳибкорлар бугунгача токзорлардан 40 минг тонна маҳсулот йиғиштириб олишди. “Хўжасоат”, “Хайрондара”, “Вахшивор”, “Ширин” уюшмаларида меҳнат қилаётган тажрибали боғбонлар етиштирилган узумнинг 15 минг тоннасидан майиз тайёрлашди. Туман ҳудудида фаолият кўрсатаётган “Сурхон шарбати”, “Мусаллас”, “Бобурмирзо” сингари олтита қайта ишлаш корхоналарида ўн минг тоннадан кўпроқ узум қабул қилиниб, винобоп материаллар тайёрланди. Боғларда ҳосил мўллиги туфайли шу пайтгача вилоят ва республика марказий шаҳарлари аҳолисига ўн минг тоннадан кўпроқ ширин-шакар узум етказиб берилди.

— “Олтинсой камалаги”, “Олтинсой шарбатлари” сингари агрофирмалар тадбиркорлари орқали узумнинг бир қисми Россия, Қозоғистон ва бошқа давлатларга жўнатилди, — дейди туман қишлоқ ва сув хўжалиги бўлими раҳбари Музаффар Қаршиев.— Бу эса узумчилик билан шуғулланган фермерлик жамоаларига катта даромад келтиради.

Айтиш керакки, охирги йилларда оптималлаштириш асосида узумзорлар майдони ихчамлаштирилгани туфайли жамоаларнинг боғбонлари мавжуд токзорлардан юқори ҳосил олишга ҳаракат қилдилар. Чунки, ихчам-ихчам токзорларда ишлаш осон, ҳар бир токни меҳр билан парваришлашга имкон бор. Тажрибали боғбон Аҳмад Мажидов бошлиқ “Янги турмуш” фермер хўжалиги миришкор боғбонлари тойфи, кишмиш, қоракишмиш, ҳусайни навли токзорларнинг ҳар гектаридан 120-130 центнердан ҳосил йиғиб олишди. Амир Жўраев етакчилигидаги “Гулистон”, Холмўмин Шералиев раҳбарлигидаги “Шерали Холмўминов”, Омон Мамашарипов бошлиқ “Мамашарипов” каби ўнлаб фермер хўжаликларида узумдан мўл ҳосил олинди. Айни пайтда боғбонлар токзорлардаги узумни йиғиб олиш билан бирга кузги-қишки тадбирларни ҳам юксак агротехника талаблари даражасида амалга оширишаяпти.

Н.УСМОНОВ

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Мўл ҳосилга замин

Денов туманида агросаноат мажмуи ва уруғчилик фермер хўжаликлари раҳбарлари иштирокида Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 5 …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE