Олтин ёз – ўтсин соз!

0
129

Сув — инсоният учун берилган  улуғ инъомлардан бири. Сувда сузишнинг ҳам инсон саломатлигига фойдаси катта.

Мунтазам сув спорти   билан  шуғулланиш эса кишининг ҳам жисмонан, ҳам руҳан соғлом бўлишига ёрдам беради.

Ёзни сув   ҳавзаларида мириқиб чўмилаётган болаларсиз тасаввур  қилиб бўлмайди.  Жазирама  кунларда нафақат болажонларимиз, балки  катталар ҳам салқин  жойларга  интилади. Айниқса,  бундай пайтда  сув  ҳавзаларида  чўмилиш танага ҳузур бағишлайди.

Воҳада саратоннинг  нисбатан иссиқроқ ва жазирамали келиши  боис аҳолида,  хусусан,  ёш болалар ва ўсмирлар ўртасида чўмилишга бўлган эҳтиёж янада  ортади. Бироқ ҳар доим ҳам чўмилиш қоидаларига амал қилавермаймиз.

Баъзан ота-оналарнинг фарзандларини қаровсиз қолдириши, уларнинг чўмилиш тақиқланган ҳудудларда чўмилиши айрим кўнгилсизликларга сабаб бўлади.

Шу боис,  вилоят   фавқулодда    вазиятлар   бошқармаси мутахассислари томонидан ҳокимликлар,  фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан ҳамкорликда аҳоли   ўртасида  белгиланмаган  жойларда  чўмилишни қатъий тақиқлаш  учун  “Чўмилиш таъқиқланади”  мазмунидаги белгилар ўрнатилиб, сув ҳавзаларида чўмилиш қоидаларига риоя этиш борасида    тарғибот тадбирлари олиб борилмоқда.   Вилоятимиздаги тақиқланган дарё, кўл ва анҳорларга жами ана шундай  44 та ёзув тахтачиалари ўрнатилди.

Ўтказиб келинаётган тарғибот тадбирлари асосан сув  ҳавзаларида чўмилиш қоидаларига риоя этиш ва хавфсизликни таъминлаш ҳақида бўлиб, унда мутахассислар   кенг жамоатчилик вакилларига сузиш ҳавзалари, уларнинг яроқлилик даражаси ҳақида   тушунтиришлар беришаяпти.

— Баъзан  ёз фаслида манзарали фаввораларда болаларнинг чўмилиш ҳолатлари  кузатилади, — дейди олий тоифали  шифокор Карим Хоннаев. — Аммо фавворалар чўмилиш учун эмас,  ҳудуддаги  микроиқлимни  мўътадиллаштиришга мўлжалланган иншоотдир.  Аксарият фаввораларнинг  суви айланма тарзда ишлайди ва ҳаво таркибидаги чанглар орқали ифлосланади.  Бундай жойларда чўмилганда кишиларда турли тери-таносил касалликлари юзага келиши мумкин. Чўмилиш  ҳавзаларидаги ифлосланган сув чўмилувчиларда ўткир ичак инфекциялари, гепатит, ичбуруғ, ич терлама каби касалликларнинг ривожланишига олиб келади.

Вилоят фавқулодда   вазиятлар бошқармаси   томонидан воҳамиз бўйлаб, хусусан, Қумқўр- ғон  туманидаги  “Сурхон  соҳили”, Жарқўрғон туманидаги “Исмоилтепа”,  “Улуғбек”  маҳаллаларида, Термиз шаҳридаги саноат ва транспорт,  ижтимоий-иқтисодий касб-ҳунар коллежлари,  “Дельфин” сузиш-соғ- ломлаштириш сув ҳавзаси, Узун  туманидаги  Х.Қулниёзов номли оромгоҳда  ҳам  махсус тадбирлар  ташкил этилди. Бу тадбирларда мутахассислар чўмилиш ҳавзаларида ўрнатилган тартиб-қоидаларга қатъий амал қилиш ҳар бир фуқаронинг нафақат  хавфсизлиги ва саломатлигини, балки  унинг ота-онаси, яқинлари хотиржамлигини ҳам   таъминлашини  алоҳида таъкидлашди.

С. КЕНЖАБОЕВ

ЖАВОБ ҚОЛДИРИНГ:

Илтимос изоҳингизни киритинг
Илтимос исмингизни шуерга киритинг