Бош саҳифа / Жамият / Олтин олма, дуо ол!

Олтин олма, дуо ол!

Донишманд халқимизнинг бой ҳикматлар хазинасида дуонинг хосияти ҳақида жуда кўплаб ибратомуз ҳикоятлар, нақл ва иборалар мавжуд. Ушбу қадриятлар ҳаётимизнинг бир бўлагига айланиб улгурган. “Олтин олма, дуо ол”, “Элнинг дуоси кўл”, “Дуо билан эл кўкарар” каби мақолларнинг замирида дуо олишга бўлган рағбат, ибрат ва ташаббусни пайқаймиз.

Эрта тонгдан уйдан чиқаётган фарзанд ота-онасининг дуосини олишга интилади. Бу халқимизга хос бўлган гўзал фазилатлардан саналади. Оила аъзоларининг шахсий намунаси  ёш авлодга ибратдир. Зеро, дуо олган кишининг руҳияти баланд, бошлаётган эзгу ишининг ривожидан кўнгли тўқ бўлади. Ўз-ўзига бўлган ишонч, ички руҳий қувват ана шу дуоларнинг сабабидан, дейиш мумкин.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф: “Дуо ибодат турларидан бири бўлиб, инсон билан Аллоҳнинг орасини боғлайди”, дея дуонинг муҳим маънавий-руҳий эҳтиёж эканлигини таъкидлайди. Маълум бўладики, кишининг Яратганга яқинлигини таъминловчи ришта — бу дуодир. Шу боис, инсон доимо эзгу дуода  бўлиши, амалда ҳам дуосидагидек йўл тутмоғи жоздир.

Аллоҳ таоло муаддас Қуръони каримда дуо қилувчиларга қарата шундай марҳамат қилган: “Агар бандаларим сендан Мени сўрасалар, Мен, албатта яқинман. Дуо қилувчи дуо қилганда ижобат қиламан. Бас, Менга ҳам ижобат қилсинлар ва иймон келтирсинлар. Шоядки, тўғри йўлни топсалар”, (“Бақара” сураси 186-оят).

Инсон доим дуога эҳтиёж сезади. Қалбни Яратганга боғлаб унга юзланмоғи, шукр ва сабрининг  изҳорини дуоси билан билдирмоғи лозим. Мусо (алайҳиссалом) дуо қилиб: “Ё Аллоҳ! Менга жаннатда мен билан бирга бўладиган дўстимни кўрсат”, деб илтижо қилди. Аллоҳдан ваҳий келиб: “Фалон шаҳарнинг фалон бозорига бор, У ерда бир қассоб бор, унинг кўриниши шундоқ, у жаннатда доим сен билан бирга бўлади”, дейди. Мусо (алайҳиссалом) бориб, мазкур дўконни топиб, кун ботгунча қассобни кузатди. Кун ботгач, қассоб бир парча гўштни саватига солиб, дўконидан чиқди. Мусо  (алайҳиссалом) унинг олдидан чиқиб, уйингда бир кеча меҳмон бўлсам, майлими, деди. Қассоб рози бўлди ва уйига олиб борди. Гўштдан мазали шўрва тайёрлаб, каптар боласи каби бир заифа  кампирни саватда кўтариб келди. Таомни кампирнинг оғзига солиб, қорнини тўйғазди. Кейин кийимларини ювди, тоза  кийим кийдириб, яна саватга қўйди. Шу лаҳзаларда Мусо (аллайҳиссалом) қулоқ тутди. Кампир пичирлаб: “Ё Парвардигор! Ўғлимни жаннатда Мусо билан бирга қил!” деб дуо қиларди. Қассоб саватни бир қозиққа илиб қўйди. Мусо (алайҳиссалом): “Нима учун бундай қилдинг?” деди. Қассоб: “Онам қариб, кучлари кетиб, ҳатто ўтира олмайдиган бўлиб қолганлар”, деди. Шунда Мусо (алайҳиссалом): “Эй биродар! Сенга хушхабар бор. Мен Мусо пайғамбарман, сен эса менинг жаннатдаги  қўшнимсан”, дедилар.

Инсонни икки дунё саодатига мушарраф айлагувчи эзгу дуолар барчамизга насиб этсин.

Абдурашид НОРМУРОДОВ,
Жарқўрғон туман “Исмоил Мирохур Шоназар ўғли” жомеъ масжиди имом хатиби

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Газетанинг янги сонини ўқинг!

“Сурхон тонги” газетасининг 2020 йил 5 августдаги сонида сиз кутган мақолалар нашр этилган: — “Тез …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan