Бош саҳифа / Таълим / Олтин куз – сарҳисоб палласи

Олтин куз – сарҳисоб палласи

Саховатли фаслда баҳор ва ёз давомида қилинган меҳнат бўй кўрсатади. Дала-боғлардаги тўкин-сочинлик бозорлару дастурхонларимизга кўчган сархил мева, сабзавотлар дилни яйратади. Кузнинг ана шу таровати, саховати бугун жажжилар кўнглига, тилига ва ҳаракатларига ҳам кўчиб улгурган.

Термиз шаҳридаги 4-мактабгача таълим муассасасида бўлиб ўтган “Меҳржон байрами”да тарбияланувчилар турли мева-сабзавотлар образига кириб, шеърлар айтишганда, рақсга тушишганда бунга яна бир бор амин бўлдик.

— Тайёрлов гуруҳимизда 25 нафар бола тарбияланади, — дейди гуруҳ тарбиячиси Матлуба Бозорбоева. — Улар билан “Меҳржон” байрамига мевалар номидан айтиладиган шеърлар билан бирга “Сахий деҳқон бобо” номли саҳна кўринишини ҳам тайёрладик. Унда болажонлар биз танавул қиладиган шириндан-шакар мевалар, фойдали сабзавотларни қанчалик машаққат эвазига етиштирилиши, уларнинг фойдали хусусиятлари ҳақида билиб олишди.

Болага минг марта айтгандан кўра, бир бор кўрсатсангиз, бир умрга ёдида қолади. Муассасада бу ақидага амал қилинади. Болаларнинг ҳар бир куни режа асосида, “Илк қадам” давлат дастуридаги машғулотлар асосида ўтилади.

— Айни пайтда боғчамизда 4 та гуруҳда 115 нафар бола тарбияланади, — дейди МТМ мудираси Гулжаҳон Усмонова. — Ҳар бир гуруҳ хонаси ёшига мос равишда барча жиҳозлар ҳамда дидактик ўқув-қуроллар билан таъминланган. Математик амалларни бажаришдан тортиб, йўл қоидаларига доир кўргазмали қуролларимиз етарли. Шунингдек, муассасамизда спорт, мусиқа, рус ва инглиз тилидан олий маълумотли педагоглар мунтазам равишда бепул машғулотлар олиб боришади.

Ф.УМИДУЛЛАЕВА

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Ҳарбий ўқув қуроллар

улардан фойдаланишни ўқувчилар ҳам ўрганади Вилоят мудофаа ишлари бошқармасида мактаб ва касб-ҳунар коллежларининг чақирувга қадар …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan