Бош саҳифа / Адабиёт / Олтин китобимиз – “Алпомиш”

Олтин китобимиз – “Алпомиш”

Сурхондарёда “Алпомиш” достонини эшитмаган, билмаган киши йўқ. Бу қадимий қаҳрамонлик достони болалигимиздан чечан момоларимиз, боболаримиз ва тўю томошамизни файзли қилиб юрган бахшиларимиз тили билан қулоқларимизга қуйилган, қалбларимизга кўчиб улгурган.

Достондаги ҳар бир эпизод, Алпомишнинг мардлиги, тантилиги, алплиги, ўз эли, ори учун жонфидолиги, Барчиннинг садоқати, бир сўзлигию донолиги, Қоражон дўстнинг содиқлиги каби фазилатлардан улгу олиб ўсганмиз.

Энди эса фахру ғуруримизга айланган ушбу маънавий бойликни фарзандларимиз кўнглига сингдириш бизнинг вазифамиз.

“Алпомиш” достонининг кўплаб вариантлари яратилган, аммо айнан сурхондарёлик бахшилар тили билан қайта ишланган варианти ҳали китоб ҳолида чоп этилмаганди. Ниҳоят, беш йиллик машаққатли меҳнатнинг натижаси билан бу орзу ҳам амалга ошди. Достоннинг Ўзбекистон халқ бахшиси Абдуназар Поёнов яратган варианти 2018 йилда “Akademnashr” нашриётида минг нусхада чоп этилди. Вилоят Матбуот уйида I Халқаро бахшичилик фестивали олдидан ушбу китобнинг тақдимоти бўлиб ўтди.

— Китоб филология фанлари доктори Жаббор Эшонқул ҳамда педагогика фанлари номзоди, доцент Рўзимурод Чориевлар томонидан нашрга тайёрланиб, Республика Маънавият маркази ҳамда Сурхондарё вилоят ҳокимлиги ҳомийлигида чоп этилди, — дейди Республика Маънавият маркази вилоят бўлими раҳбари Фирдавс Шарипов. — 14 230 мисрани ўз ичига олган достондаги ҳар бир воқеа, эпизод ниҳоятда моҳирлик билан таъсвирланган. Энг муҳими, достоннинг бошқа вариантларига ўхшамайдиган жиҳати, яъни халқона тил ва услуб тўлалигича сақлаб қолинган.

Китоб дизайни ҳам ёрқин рангли анъанавий миллий безаклар билан бойитилгани ўқувчининг эътиборини тортади. Уни мутолаа қилиш жараёнида бу безакларнинг ўзи ҳам кишини завқлантиради, қувноқ кайфият беради.

Бир сўз билан айтганда, халқимизнинг қадим анъаналари, урф-одатлари, инсон фикратини буюк фазилатлар билан безайдиган маънавий хулосалар акс этган ушбу китобни бир бор мутолаа қилмаган киши катта хазинанинг сиридан бебаҳра қолади.

Феруза РАҲМОНҚУЛОВА

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Рамазон илҳомлари

Ўн саккиз минг олам сарвари Сен сан, Жамики кўзларнинг гавҳари Сен сан, Нега нил бузилди …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan