Бош саҳифа / Иқтисодиёт / Олти туман пиллакорлари зафари

Олти туман пиллакорлари зафари

Халқимиз деҳқончилик, чорвачилик, паррандачилик, асаларичилик, балиқчилик, боғдорчилик билан бирга азалдан пиллачилик билан ҳам шуғулланиб келади. Бу йил воҳа меҳнаткашлари ипак қурти боқишнинг биринчи босқичида 1500 тонна сифатли “кумуш тола” етиштириш ташаббуси билан меҳнат қилишмоқда.

Инновацион қуртхоналар ва оилавий звенолар, фермер хўжаликлари пиллахоналарида 27300 қути ипак қурти намунали парваришланмоқда. Пиллакорларга зарур жиҳозлар етказиб берилди, барг таъминотида узилишлар бўлмади. Натижада, қуртхоналарда мўл ва сифатли хомашё етиштирилди.

Пиллакорларимизнинг ҳамжиҳатлик билан қилган меҳнатлари эвазига бугунгача қабул пунктларига 1310 тонна сифатли хомашё топширилди. Воҳамизнинг “кумуш тола” хирмони юксалишига режани бажарган Жарқўрғон (211 тонна), Қумқўрғон (210 тонна), Шеробод (144 тонна), Денов (120 тонна), Қизириқ (113 тонна) ва Музработ (104 тонна) туманларининг пиллакорлари муносиб улуш қўшдилар.

Ҳосилдорлик бўйича жарқўрғонлик пиллакорлар якка пешқадам бўлиб туришибди. Улар ҳар қути ипак қуртидан қарийб 60 килограммдан ҳосил топширишди. Қизириқ ва Денов туманларида бу кўрсаткич 58 килограммни ташкил этган бўлса, Музработ, Қумқўрғон ва Шеробод туманларида 57 килограммдан сифатли хомашё етиштирилди.

Пиллакорларимизнинг меҳнат зафарига юзлаб оилавий звенолар ҳамда фермер хўжаликларининг аъзолари қўшган ҳисса салмоқлидир. Маъмура Ҳасанова, Дилором Мўминова, Чиннихол Тўраева, Наргиза Эшбоева, Сайёра Жўраева, Лола Бердимуродова, Шафоат Тоштемиров, Сожида Манназова, Саида Боболиева, Бозоргул Муҳаммадиевалар бош бўлган оилавий звено пиллакорлари ҳар қути ипак қуртидан 80 килограммга етказиб ҳосил олишган бўлса, “Маматқул Жўра ўғли”, “Акмал Миржалол”, “Соатмурод Ўроз”, “Бекали Адҳамбек”, “Жарқўрғон”, “Юксак хирмон машъали”, “Акмал” каби ўнлаб фермер хўжаликларининг ҳар бири 1-1,3 тоннадан “кумуш тола” етиштиришга муваффақ бўлишди.

Воҳамиз пиллакорлари қуртхоналардаги қолган ҳосилни териш ва топширишни қизғин давом эттиришаяпти. Сариосиё, Шўрчи, Олтинсой, Термиз туманларининг меҳнаткашлари эса эрта-индин режани бажариш учун мусобақалашиб ишлашаётир.

Айтиш керакки, қабул масканларига топширилаётган “кумуш тола”нинг ҳаммаси “Сурхон ипаги” МЧЖ цехларида қайта ишланади. Тажрибали раҳбар Бекзод Тўрабоев бошлиқ “Сурхон ипаги” МЧЖ ишчи-хизматчилари аллақачон янги ҳосилдан ипак калава ва ипак мато ишлаб чиқаришмоқда. Чунки қуруқ пилладан кўра, тайёр маҳсулот вилоят иқтисодига катта даромад келтиради.

Ўз мухбиримиз

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Талабага имтиёзли кредит

Ҳар ҳафта кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари вакиллари билан ўтказилаётган мулоқотларда вилоят ҳокими Тўра …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE