Бош саҳифа / Таълим / Олмос жилоси

Олмос жилоси

Қадим-қадимдан устоз ва мураббийлар ота ёки она мақомида қадрланган, эъзозланган. Агар ота-она 4-5 фарзандни баркамол қилиб вояга етказса, устоз ёки мураббий умри давомида юзлаб кишиларга илм, ҳунар ўргатади, тафаккурини чархлайди, интеллектуал маънавиятини юксакларга кўтаради.

Шу маънода ҳам устоз отангдек улуғ, деган ҳикмат бежиз айтилмаган. Уларни чин маънода сержило олмосга ўхшатгим келади. Йиллар ўтган сайин унинг рангин қирралари товланиб, юзлаб, минглаб мурғак дилларни ўзининг рангин жилоси билан мунаввар этади.

Муҳтарам Президентимиз ўқитувчи ва мураббийларга табрик хати йўллаб, уларнинг машаққатли хизматларига юксак баҳо берди. Бу тадбир Сурхон воҳасида ҳам жуда катта кўтаринкилик билан ўтказилди. Карнай-сурнай садолари байрам тантаналаридан дарак бериб, барчани ўзига чорларди. Аввало, вилоят ва шаҳар ҳокимлиги, халқ таълими, касб-ҳунар таълими бошқармалари, Термиз давлат университети, И. Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети, Тошкент давлат аграр университети Термиз филиаллари, ўқитувчилар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш институти жамоалари, фахрий ўқитувчилар, жамоатчилик вакиллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари эрталабдан Алишер Навоий номли хиёбонда ҳозир бўлдилар. Жамоалар байрамона безатилган хиёбонда вилоят ҳокими ўринбосари Р. Чориев бошчилигида мир Алишер Навоий ҳайкали пойига бирин-кетин анвойи гулчамбарлар қўйдилар.

Шундан сўнг автобусларга ўтириб, байрам тадбирига таклиф қилинган ўқитувчи ва мураббийлар “Амударё соҳили” оромгоҳига қараб йўл олдилар. У ерда устозларни оромгоҳ жамоаси қўлини кўксига қўйиб, гуллар билан қарши олишди. Вилоятимизнинг энг чекка қишлоқ ва туманларидан келган ўқитувчилар оромгоҳда яратилган шарт-шароит, қулайликлар билан яқиндан танишишди. Ташкил этилган тўгараклар, кутубхона, дам олиш жойлари, дарс ўтиш хоналари ва оромгоҳнинг умумий кўриниши уларда катта таассурот қолдирди. Оромгоҳ директори Шоҳида Холлиева ташриф буюрганларга бу масканда амалга оширилган ишлар ва унинг фаолияти ҳақида батафсил маълумот берди.

Бетакрор ва мафтункор оромгоҳда тантанали йиғилиш бўлиб ўтди. Унда вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Абдурасул Эргашев йиғилганларни касб байрамлари билан табриклаб, 18 нафар ўқитувчига “Халқ таълими аълочиси” фахрий нишонини топширди. Шундан сўнг бир гуруҳ ўқитувчи ва фахрийларга халқ таълими бошқармасининг фахрий ёрлиқлари тантанали суратда берилди.

Улуғ Навоий хиёбонидан бошланган тадбир Термиз шаҳридаги “Гранд Алмаз” тўйхонасида давом этди. Бу ерда ҳам байрам иштирокчилари карнай-сурнай садолари остида гуллар билан кутиб олинди. Ҳар бир иштирокчига “Сурхон тонги” газетасининг байрам сони тарқатилди. Вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов устоз ва мураббийларни самимий табриклаб, ўзининг эзгу тилакларини билдирди. Яқиндагина Президентимиз фармонига кўра орден ва медаллар билан тақдирланган 8 нафар сурхондарёлик устозларга вилоят ҳокимининг фахрий ёрлиғи ва қимматбаҳо совғалари топширилди. Шунингдек, бир гуруҳ устоз ва мураббийларга ҳам сов- ғалар улашилди.

Байрам тантаналари ТерДУ қошида ташкил этилган ансамбль жамоаси ва вилоятимизнинг эл суйган санъаткорлари тайёрлаган махсус концерт дастури билан очилди. Куй ва қўшиқлар бир-бирига уланиб кетди. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Ҳосила Раҳимова саҳнага чиққанда устоз ва мураббийлар қарсаклар билан кутиб олиб, мириқиб рақс тушдилар. Айниқса, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти Маҳмуд Номозовнинг Ватан, эл, садоқат ва муҳаббат ҳақидаги қўшиқларига барча бирдек жўр бўлишди. Байрамга таклиф этилган устоз ва мураббийлар бир пиёла чой устида бир-бирлари билан дилдан суҳбат қуришиб, дилрабо куй ва қўшиқларни тинглаб, рақсларни томоша қилиб, ажойиб ҳордиқ чиқардилар. Энг муҳими, бу галги касб байрамлари уларнинг хотирасида бир умр- га муҳрланиб қолади, десак ҳақиқатга яқин бўларди.

Бундай тадбирлар вилоятимизнинг барча мактаб, лицей, коллеж, олий ўқув юртларида, туман, шаҳар ва маҳаллаларида эҳтиром ва эътироф билан ўтказилди.

Сафар ОМОН,
“Сурхон тонги” мухбири

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Қалбни ёритувчи маёқ

Онам қишлоқдаги мўъжаз кутубхонада ишлардилар. Бутун ҳаётим давомида китобни севишни, уларга меҳр қуйишни онамдан ва …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE