Бош саҳифа / Таълим / Олий таълимга эътибор

Олий таълимга эътибор

Ўзбекистонда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар ва туб бурилишлар амалга оширилаётган даврда ёшларнинг танлаган касби бўйича етук мутахассис бўлиб камол топишида олий таълимнинг ўрни беқиёс. Айнан шу боис Президент ва ҳукумат олий таълимга эътибор ҳамда ғамхўрликни кучайтирмоқда.

Хусусан, олий таълим даргоҳларида меҳнат қилаётган профессор, доктор, фан номзодлари ва ўқитувчиларнинг ойлик маошлари оширилгани истиқлол ғояларига садоқатли кадрлар тайёрлаш учун қилинаётган ғамхўрлик ифодасидир. Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармони эълон қилингани ҳам бежиз эмас. ТерДУ профессор-ўқитувчилари фармонда белгиланган вазифаларни бажариш учун ўзларидаги билим ва тажрибани сафарбар этишмоқда.

Айтиш керакки, фармондан кўзланган асосий мақсад мамлакатимизда олий таълимни тизимли ислоҳ қилишнинг устувор йўналишларини белгилаш, замонавий билим ва юксак маънавий-ахлоқий фазилатларга эга бўлган, мустақил фикрлайдиган кадрлар тайёрлаш жараёнларини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш, олий таълимни модернизация қилиш, илғор таълим технологияларига асосланган ҳолда ижтимоий соҳа ва иқтисодиёт тармоқларини ривожлантириш кўзда тутилган.

Олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясида олий таълим соҳасида давлат — хусусий шерикчилигини ривожлантириш, ҳудудларда давлат ва нодавлат олий таълим муассасалари фаолиятини ташкил этиб, ёшларнинг камида 50 фоизини олий маълумотли қилиш назарда тутилмоқда. Шунингдек, халқаро тажрибалардан келиб чиқиб, олий таълимнинг илғор стандартларини жорий этиш, жумладан, ўқув дастурларида назарий билим олишга йўналтирилган таълимдан амалий кўникмаларни шакллантиришга йўналтирилган таълим тизимига босқичма-босқич ўтиш белгиланмоқда. Бир сўз билан айтганда, олий таълим мазмунини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариб, ижтимоий соҳа ва иқтисодиёт тармоқларининг барқарор ривожланишига муносиб ҳисса қўшадиган, меҳнат бозорида ўз ўрнини топа оладиган юқори малакали миллий кадрларни тайёрлаш асосий вазифа этиб қўйилмоқда.

 Ҳозирдан олий таълимнинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш, хорижий таълим ва илм-фан технологияларини жалб этиш, талаба-ёшлар таълим-тарбияси учун қўшимча шароитлар яратишга қаратилган комплекс чора-тадбирларни ўз ичига олган бешта ташаббусни амалиётга татбиқ этишга эътибор кучайтирилмоқда. Фармонда кўзда тутилганидек, халқаро молия институтларининг имтиёзли маблағларини кенг жалб қилиш ҳисобига олий таълим муассасаларининг инфратузилма ва моддий-техник базасини яхшилаш, уларни босқичма-босқич ўзини ўзи молиялаштириш тизимига ўтказиш ҳамда молиявий барқарорлигини таъминлаш, таълимнинг ишлаб чиқариш корхоналари ва илмий-тадқиқот институтлари билан ўзаро манфаатли ҳамкорлигини йўлга қўйиш муҳим вазифа бўлиб қолади. Олий таълим тизимидаги очиқлик, шаффофлик ва коррупцияга йўл қўймаслик орқали таълим тизимида сифат ўзгаришларига эришилади.

Бундан кейин олий ўқув юртларида халқаро алоқалар мустаҳкамланади, профессор-ўқитувчилар, илмий изланувчилар, докторантлар, бакалавриат ва магистратура талабаларининг илмий ишлари ҳамда мақолаларини нуфузли халқаро илмий журналларда чоп этиш талаби кучайтирилади, чет эл профессор-ўқитувчилари ва хориждаги ватандошларни олий таълим тизимига жалб этиш ишлари яхшиланади.

Олий таълимда тизимли ўзгаришлар қилинаётган экан, ТерДУда ишлаётган профессор-ўқитувчилар ҳам таълим-тарбиянинг сифат даражасини кўтариш учун бор маҳоратларини сафарбар этишмоқда.

Эркин БОБОМУРОДОВ,

Термиз ДУ профессори,

фалсафа фанлари доктори

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Ҳарбийлар-ёшлар даврасида

“Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарорига асосан мамлакатимизда …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE