Бош саҳифа / Жамият / Олис худуддаги мактаблар

Олис худуддаги мактаблар

қачон болалар орзусидаги илм масканига айланади?

Бола пайтимда момом қишлоғидаги эски мактаб ҳақида гапириб берарди. Унинг бор-йўғи иккитагина хонасида қўш синфларга досканинг қоқ ўртасидан бўр билан чизиқ тортиб дарс ўтилишию қишда қоронғу хонада болаларнинг қалин кийим-бошларда ўтириши ҳақидаги гаплар менга худди эртакдек эшитиларди…

Бойсун туманидаги “Қизилнавр” маҳалласидаги 24-умумтаълим мактаби ва унинг Кентала қишлоғидаги филиали фаолияти билан танишар эканман, момом ўқиган ўша мактаб кўз олдимга келди. 125 нафар ўқувчи таҳсил оладиган асосий мактаб биносида 10 та синфхона бор. Хоналарнинг линолеумлари йиртилиб кетган, деразаларнинг бирортаси ҳам очилмайди. Пастқамгина хоналарнинг захлиги етмагандек, 3 йилдан буён бу даргоҳда электр энергияси ёнмайди, иситиш печлари ишламайди.

— Мактаб биносидаги электр симлари куйган, — дейди 24-умумтаълим мактаби директори Ботир Сафаров. — Туман халқ таълими бўлимига электр муҳандиси юборишларини сўраб, бир неча марта мурожаат қилдик, аммо натижа бўлмади. Яқинда мактабимизга 16 та компьютер ва битта электрон доска берилди. Лекин электр энергияси бўлмаса, уларни ишлата олмаймиз. Печларга келсак, 2007 йилда давлат томонидан 20 миллион сўм маблағ ажртилиб, мактаб биноси таъмирланганди. Иситиш печлари ҳам ўшанда қўйилган. Аммо, қўйилгандан буён умуман ишламайди. Қишда эса хоналарни иситишда қўлбола печлардан фойдаланамиз.

Назаримизда, туман халқ таълими бўлими раҳбари бирор марта ҳам мактабдан хабар олмаган. Йўқса, мактабнинг аҳволи бу даражага келиб қолмасди. Жилла қурса, электр муҳандисини юбориб, муаммони бартараф этишга кўмаклашган бўларди. Қолаверса, мактабида шундай муаммолар бўла туриб, “олма пишиб, оғзига тушиши”ни кутиб ўтирмай, муассаса директори ҳам ташаббус кўрсатиши керакмасмиди аслида.

— Мактабимизда география, кимё, физика, биология, мусиқа фанларидан мутахассис йўқ, — дейди мактаб директорининг ўқув ишлари бўйича ўринбосари Баҳодир Бекмуродов. — Лекин, ўқувчи сони камлиги боис дарсликлар етарли.

“КОМПЛЕКТ” СИНФ
ДАРСИДА БОЛА
НИМАНИ ЎРГАНАДИ

Мактабнинг Кентала қишлоғидаги филиалида ҳам аҳвол қониқарли эмас. 2009 йилда қурилган мактаб биноси ўтган йилда 20 миллион сўм маблағ эвазига қайта таъмирланган. Шундан сўнг, мактаб биносидаги деразалар янгиланиб, иситиш печлари ўрнатилган. Ўтин ёқиб бўлсада печларни иситишнинг имкони бор. Бироқ, бу ерда ҳам чироқ йўқ. Ҳатто, хоналарда бирорта ҳам ёритгичларни кўрмадик. Бунга изоҳ сўраганимизда эса мактабдаги ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари Хушмамат Раҳмонов электр симларида қисқа туташув юз бериб, ёритгичлар куйиб қолавергач, электр энергияси асосий бошқаргичдан ўчириб қўйилганини айтди.

114 нафар ўқувчи таҳсил олаётган мактабда 1-,3-синфлар ҳамда 2-,4-синфлар битта хонада “комплект” тарзда ўқитиларкан. Қолаверса, мактабнинг 7-, 9-синф ўқувчилари учун рус тили, 6-,         7-синфлар учун эса математика  дарслиги етишмайди. Инглиз ти-ли фани ўқитувчиси йўқлиги сабабли ушбу фан умуман ўқитилмайди.

Мактабдаги дарс жараёнлари ҳақида қишлоқ болаларига юзланганимизда эса улар “Бир кунда 5-6 соат дарс ўтилиши кундалик дафтаримизга ёзилгани билан 1-2 соатгина дарс ўтилади, холос” деган жавобни олдик. Ҳарҳолда болалар ёлғон гапиришмайди. Демак, филиал ўқитувчилари ҳам ўз вазифасига сидқидилдан ёндашмайди. Буни синф журналларидаги талай камчиликлардан ҳам фаҳмлаш қийин эмас.

ДАРСЛИК ОРЗУГА
АЙЛАНДИМИ?

“Юқори Мачай” маҳалласидаги 46-умумтаълим мактаби биноси 1992 йилда қурилиб, фойдаланишга топширилган. 173 ўринга мўлжалланган муассасада 418 нафар ўқувчи таҳсил олади. Шу боис, хоналар етишмайди.

— Янги ўқув йилида 52 нафар ўқувчи 1-синфга қабул қилиниши керак, — дейди мактаб дирекори Ойбек Раҳимов. — Бироқ, уларни ўқитишга бўш хонанинг ўзи йўқ. Йил ора сел олиб турадиган мактаб ёнидаги қўшимча эски бинода ҳам синфхоналар банд.

6 та синфхонада 20 та синф алмашиб ўқийди. Ажабланарлиси, шундоғам хоналар етишмайдиган муассасада 25 нафар 10-синф ўқувчилари битта синфга сиғса-да, иккита синфга бўлиниб ўқитиларкан.

— Мактабда  4-, 6-, 7-, 8-синф ўқувчилари учун инглиз тили   дарслиги умуман берилмаган, — дейди мактабнинг инглиз тили фани ўқитувчиси Давлатмурод Саттаров. — Ўқувчиларга бир амаллаб ўзим сотиб олган дарсликдан ўтишга ҳаракат қиляпман.

Ўқув қуроли, айниқса, китоби йўқ ўқувчи қуролсиз жангчидай гап. Албатта, китобсиз ўқувчининг бу фанни ўзлаштириши ҳам қийин кечади. Ўқув йили охирлаб қолай деса ҳам бу муаммо наҳот мактаб директори, туман халқ таълими бўлими ходимларини қизиқтирмаса. Бу ҳолатнинг сабабини билиш учун вилоят халқ таълими  бошқармаси дарсликлар бўйича мутахассиси Суннат Қаюмов билан боғланганимизда, 4-,6-,7-синф инглиз тили дарслиги бу йил янги нашрдан чиққани боис кечикиб келгани, аммо янги нашр келгунча олдинги дарсликдан фойдаланилиши лозимлигини ва буни туман халқ таълими бўлимининг эътиборсизлигига йўйди. Туман халқ таълими бўлими бошлиғи билан мактаб директори эса айбни бир-бирига ағдаришдан нарига ўтмади.

ФИДОЙИЛИК ЎЗ
КАСБИНИ СЕВИШДАН
БОШЛАНАДИ

Бизни хафа қилган яна бир ҳолат. парта ва ўтирғичлар синган ҳолича ташлаб қўйилган. Учала мактабда ҳам хоналарда китоб жавонлар қўйилган бўлса-да, уларда на бирор китоб, на кўргазмали қуролларни учратдик.

Ўз касбини севган инсон мўъжиза яратиш қобилиятига эга бўлади. Бунга баъзан олис ҳудудда бўлсада, мактабини гулдек яшнатган, синфхонасини қўл меҳнати билан ясалган бири-биридан ажойиб, турли кўргазмали қуроллар билан таъминлаб қўйган таълим фидойиларини кўриб, яна бир бор ишонганмиз. Афсуски, мўъжизакор Бойсун тоғлари бағрида, ажойиб табиат қўйнида жойлашган таълим масканларидаги педагогларда бундай истакни, ташаббусни кўрмадик.

Мактаб — мамлакатнинг уриб турган юраги. У зиё улашадиган, эртамиз эгаларини илмли, маънавиятли қилиш учун фидойилик кўрсатадиган маскан. Аслида унга кун ўтказиш учунгина келиб-кетиб, атрофига оддийгина гул экиш учун ҳам юқори ташкилотларнинг буйруғини ёки ёрдамини кутиб ўтириш лоқайд одамнинг иши. Аксинча, бу даргоҳнинг ажойиб маърифат масканига айланишига, унинг бағридан салоҳиятли ўқувчилар етишиб чиқиши учун чинакам фидойилик керак. Зеро, фидойилик ишга ўз вақтида келиб-кетиш, мажлисларда қатнашиш эмас, балки алоҳида ташаббус кўрсатиш, ўзгалар манфаати учун жон койитмоқ демакдир.

Феруза РАҲМОНҚУЛОВА

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Тавсиялар берилди

Саноат хавфсизлигини таъминлаш давлат қўмитаси вилоят ҳудудий бошқармаси томонидан “Сурхондарёдонмаҳсулотлари” акционерлик жамияти тасарруфидаги корхоналарда навбатдаги …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE