Бош саҳифа / Жамият / Оламафрўзнинг жасорати

Оламафрўзнинг жасорати

Россиянинг Магнитогорск шаҳрида турар-жой биносининг портлашидан жабр кўрганларни қутқаргани учун Ўзбекистон фуқароси Оламафрўз Абдуллаевнинг жасорати интернетдаги ижтимоий тармоқлар орқали бутун жаҳонга тарқалди.

О. Абдуллаев Сариосиё туманида туғилган. Термизда коллежни тугатган, 7 йилдан буён Россияда қурилишда ишлайди. Бўш вақтида спортнинг “кудо” тури билан шуғулланади. Унинг онаси Лайло Бердимуродова Олтинсой туманидаги “Халқобод” маҳалласида хотин-қизлар масалалари бўйича мутахассис бўлиб ишлайди.

Челябинск вилояти губернатори Б. Дубровский ва ҳудуднинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили М. Павлова Ўзбекистон фуқаросига “Яхшилик қилишга шошилинг” (“Спешите делать добро”) медалини тантанали суратда топширди. У тантанада сўзга чиқар экан, “Мен қаҳрамон эмасман, инсонийлик бурчимни бажардим”, дейди.

Яқинда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вакиллари О. Абдуллаевни Тошкент халқаро аэропортида кутиб олишди. Довюрак ватандошимизни мамлакатимиз ташқи ишлар вазири ва бош консулхона вакиллари ҳам муносиб рағбатлантиришди. Кўп қаватли уйдаги ёнғиндан 8 нафар инсонни қутқариб қолган қаҳрамон йигит жорий йил Ўзбекистон Миллий гвардияси ҳарбий техника институтига ўқишга кирмоқчи эканлигини маълум қилди.

Биз Шофиркон туманидан мактуб олдик ва О. Абдуллаевга бағишланган шеърни муштарийлар ҳукмига ҳавола қилишни лозим топдик.

ТАҲРИРИЯТ

ЯХШИЛИК ҚИЛИШГА ШОШИЛИНГ!

Оламафрўз Абдуллаевга

Магнитогорск… Cаҳар маҳали,
Бутун шаҳар аҳли уйқуда ҳали,
Кўкларга ўрлади оловнинг тили,
Яхшилик қилишга шошилинг!
Етиб келгунича қутқарувчилар,
Дунёни чулғарди балки бу шаҳар,
Қатра ёш томмасин то рўзи Маҳшар,
Яхшилик қилишга шошилинг!
Яхшилик танламас на манзил, макон,
Хоҳи ўзбек бўлинг, хоҳ рус, хоҳ туркмон,
Кимдир мадад сўраб чинқиргани он,
Яхшилик қилишга шошилинг!
Олов бош кўтарди бамисоли ёв,
Бир ўзбек йигити кўксин қилди дов,
Сиз унинг шаънига кўтаринг ялов,
Яхшилик қилишга шошилинг!
Жасорат туфайли олам афрўздир,
Ер юзи жаннатдир, одам афрўздир,
Ҳар бир сўз, ҳар битта қадам афрўздир,
Яхшилик қилишга шошилинг!
Дунё ғала-ғовур, дунё бир бозор,
Онасиз бир гўдак йиғлайди зор-зор,
Кимдир унга ногоҳ бермасдан озор,
Яхшилик қилишга шошилинг!

Сайфулла ҒАФУР,
Шофиркон тумани,
фахрий ўқитувчи

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Жарима тўлади

Бугунги кунда юртимизда тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган шахсларга ҳамма қулайликлар яратилган. Жумладан, кўпчилик шахсий …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE