Бош саҳифа / Жамият / Оёқ изи ўғирликни фош этади

Оёқ изи ўғирликни фош этади

Жиноят оламида содир этилаётган ҳуқуқбузарликларнинг асосий қисми ўғирликлардан иборат.

Ишёқмас, дангаса, бирор ишнинг бошини тутмаган, касби, ҳунари йўқ киши турмуш қийинчиликларига дуч келиб чорасиз қолгач, яшаш учун нимадир топиш илинжида ўғирликка қўл уради, бировнинг мулкига кўз олайтиради. Аввалига ўғирликни майда-чуйдалардан бошлаган ҳуқуқбузар хонадон эгаларининг ишга, хизмат сафарига кетганидан фойдаланиб, буюмларини ўмариш пайига тушади. Шубҳасиз, рўзғоридаги зарур нарсасидан, қимматбаҳо буюмларидан мосуво бўлган кишилар ички ишлар бўлимига мурожаат қилиб келишади.

Изқувар суруштирувчилар эса ўғирликни содир этган шахсларнинг кимлигини аниқлаш учун ўғирлик содир этилган жойда биринчи навбатда пойафзал ёки одам оёқ изларининг жиноят ҳодисаси билан ўзаро боғлиқлигини аниқлаш учун синчковлик билан текшириш ўтказишади. Бунда излар ҳосил бўлишидан далолат берувчи белгиларга, ҳодиса жойидаги предметларнинг жойлашишига ва воқеа жойини кўздан кечириш жараёнида аниқланган ҳолатларга эътибор қаратилади.

Бузилган эшик, дераза, полдан топилган излар жиноят содир этган шахс томонидан қолдирилганидан далолат бериши мумкин. Воқеа жойида аниқланган оёқ ёки пойафзал изларини тасодифий бузилишлардан сақлаш учун фанер, картон ва бошқа нарсалар билан тўсиб қўйилади.

Ўнг ва чап оёқ излари қолдирган ботиқнинг чуқурлиги, изларнинг ўлчами,қўшимча излар (ҳасса, қўлтиқтаёқ) шакллари, жойлашиши ва ўлчамлари аниқлангач, гумон қилинаётган шахсларнинг изидан тушиб ҳаракатлари кузатилади. Шу тариқа ўғирлик фош қилинади.

Термиз шаҳар ички ишлар бўлими соҳавий хизматларида амалиёт ўташ жараёнида тажрибали изқуварлар ва тезкор ходимлар билан ўғирлик содир этилган объектларда бўлганимизда пойафзал ва оёқ изларини аниқлаш юзасидан уларнинг иш усуллари ва бой тажрибаларини ўргандик. Жумладан, пойафзалнинг ёғингарчилик вақтида ботиқ изларини суратга олиш, бўёқ, қон ва шунга ўхшаш моддалар орқали ҳосил бўлган юзаки излар ёруғлик фильтри ёрдамида фотосуратга олиниши, юзаки оёқ изларининг нусхасини олиш каби усулларини амалиётда кўргач, уларни назарий билимлар билан таққослагач, тасаввуримиз ҳамда дунёқарашимиз янада кенгайди. Хуллас, амалиёт жараёнида турфа кишилар томонидан содир этилаётган майда-катта ўғирликларни аниқлашда аввало, пойафзал ва оёқ излари кўздан кечирилиши бўйича қатор усуллардан хабардор бўлдик. Бу эса келгусидаги иш фаолиятимизда бизга тажриба мактаби вазифасини ўтайди.

Аббос БЎРОНОВ,

ИИВ академияси курсанти

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Газетанинг янги сонини ўқинг!

“Сурхон тонги” газетасининг 2020 йил 5 августдаги сонида сиз кутган мақолалар нашр этилган: — “Тез …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan