Бош саҳифа / Иқтисодиёт / “Ойнақул”лик тадбиркор

“Ойнақул”лик тадбиркор

Халқимизда ҳунарли йигит хор бўлмас деган нақл бор. Эшпўлат Ҳасанов ҳам ушбу ақидага амал қилган ҳолда ўзининг ҳунари орқасидан бугун иккита иш ўрни очди.

Шўрчи тумани “Ойнакўл” маҳалласида истиқомат қилаётган Эшпўлат Ҳасанов ота-онамга рўзғор тебратишда ёрдам берай, деган мақсад билан Тошкентга иш қидириб бориб, бир цехга ишга кирди. У ерда ишлаб юрган маҳалида эркаклар ва аёллар, ёш болаларнинг оёқ кийимларини тикиш сирларини пухта ўрганиб олди. Уйига келиб, ота-онаси билан маслаҳатлашиб, ўз маблағи ҳисобидан тадбиркорлик ишини бошлаб юборди.

Бугун Эшпўлат Ҳасановнинг тайёрлаган пойабзаллари ўз харидорларини топяпти. У оддийгина тикиш машинаси ва электр печи, пойабзаллар қолипи ҳамда оёқ кийим тайёрлаш учун керак бўладиган хом ашё билан ҳам сифатли ва замонавийларидан қолишмайдиган оёқ кийимлар тайёрлаяпти.

— Цех очишим учун жой ва энг кам иш ҳақининг юз баравари миқдорида кредит олиш, шу билан бирга тайёрлаган маҳсулотимни бозорда сотиш учун шароит бўлганда яна учта иш ўрни яратган бўлар эдим, — дейди Эшпўлат Ҳасанов. — Кун давомида 15-16 та оёқ кийим тайёрлайман. Дастлаб, пойабзал қолипига ўлчаб, андаза оламан. Электр печида клейлаш ишларини бажариб, кейин чоклайман. Бир соатда бир дона замонавий қулай оёқ кийим тайёрлайман. Келгусида иш фаолиятимни кенгайтириб, маҳсулотларимни чет давлатларга экспорт қилишни мақсад қилганман. Тикув машинаси замонавий ускуналарнинг ўрнини босолмаяпти. Шунинг учун ҳозирча чармдан пойабзал тайёрлашни йўлга қўёлмаяпман.  Чунки чарм қаттиқ, уни чоклаш учун замонавий тикув дастгоҳ керак.

Эшпўлат Ҳасанов бугунги кунда ҳунармандлар уюшмаси аъзоси. Яқинда у Ўзбекистон Республикаси хусуссийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси тадбиркорлик фаолияти асосларини ўқитиш республика маркази томонидан ташкил этилган ўқув-семинарда тадбиркорлик йўналиши бўйича сертификат билан тақдирланди.

— Иккинчи гуруҳ ногирони бўлишимга қарамай, Эшпўлат мени ишли қилди, — дейди “Ойнакўл” маҳалласида истиқомат қилаётган Одил Исмадиёров. — Мен чоклашда ёрдам бераман. Бу иш мен учун ҳам қизиқ ҳам рўзғоримга фойдали. Эшпўлат Ҳасанов менга эринмасдан оёқ кийим чоклашни ўргатди. Маҳалламизда шундай тадбиркор борлиги, энг муҳими, мен каби кишини ишга олганидан хурсандман.

Ёш бўлишига қарамай, Эшпўлатнинг орзулари кўп. Муҳими, унда катта тадбиркор бўлиш иштиёқи баланд. Қаҳрамонимиз пойабзалларнинг янги турларини яратишда моҳир. Агар оёқ кийим тайёрлайдиган цех воҳамизда ташкил этилса, ҳам арзон, ҳам сифатли маҳсулотлар ишлаб чиқарилса, четдан кириб келадиган маҳсулотларга эҳтиёж қолмайди, экспортга йўл очилади. Кўплаб иш ўринлари яратилади.

Адолат МЎМИНОВА

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Yosh tadbirkor granuladan to’qima mebel ishlab chiqarmoqda

Termiz shahridagi “Yoshlar markazi” binosida yosh tadbirkorlar tomonidan ishlab chiqarilgan mahsulotlar ko’rgazmasidamiz. Bu yerda kiyim-kechaklar, …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan