Бош саҳифа / Жамият / “Ойим ўттиз бўлган кунлар!..”

“Ойим ўттиз бўлган кунлар!..”

Худойберди Маҳмудов ҳақида кўп эшитганман, аммо ҳеч қачон юзма-юз бўлмаганмиз. Хонага кириб келганида, таниш сийратлар бирма-бир кўз олдимдан ўтди: жаҳон, Осиё ва Ўзбекистон чемпионлари, юртимизнинг фахри ва ори бўлмиш Маҳтумқули, Равшанбек, Арслонбек (Холбой), Жабборқул, Давлаткелди (марҳум), Баҳром  ва футболчи Тоҳир Маҳмудовларнинг отаси ва биринчи устози…

—…Шароф ота 1979 йили Москвага борганларида, у ердагилар “Шароф Рашидович! Сизга катта раҳмат! “Евровидение”да кўрдик, Термизда шундай ажойиб ҳайвонот боғингиз бор экан! Роса мақташди! Фахрландик!  Бу мамлакатимиз шаъни учун жуда яхши гап!..” деб миннатдор бўлишган экан.

Мен ўша вақтда Термиз ҳайвонот боғи директори бўлиб ишлардим. “Энг ёш ҳайвонот боғи” деган фильм суратга олинган эди.

Кунларнинг бирида эрта тонгдан ҳайвонларга озуқа берилишини назорат қилиб юрсам, ходимлар  нотаниш  аёл сўраётганини айтиб қолди. Йўлак бўйлаб чиройли бир аёл гулзорни айланиб юрган экан. Саломлашгач,  у киши ўзини таништирдилар: Шароф отанинг турмуш ўртоғи  Хосият Рашидова эканлар! Ҳайвонот боғимиз тўғрисида яхши фикрлар билдириб, акангиз (Шароф ота) сиз билан қизиқиб қолдилар, деб юқоридаги, яъни Москва билан боғлиқ ҳикояни айтиб бердилар. Ўша кунлари Шароф ота воҳамизга ташриф буюрган эдилар. Мен у кишига ота билан учрашишим лозимлигини, муҳим гапларим борлигини билдирдим…

Тунгги соат 3-4лар чамаси, дарвоза тақиллади. Очсам, вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғининг машинаси турибди. Рости, аввалига ҳайвонот боғидаги бирор йиртқич қафасидан чиқиб кетибдими, деб қўрқиб кетдим. Билсам, мени Шароф ота сўрабдилар!

Шундай улуғ зот билан бўладиган учрашув олдидан ҳаяжонимнинг зўридан кўзимга уйқу келмади. Тайинланганидек  эрталаб белгиланган манзил-“Саловат”да бўлдим. У ерда уч киши турарди: Обкомнинг биринчи секретари Абдуҳолиқ Каримов, вилоят ижроия қўмитаси раиси Нормўмин Туропов ва Шароф ота.

Ота яқинлашганимни пай- қамадилар. Шунда, Абдуҳолиқ Каримов  “Шароф Рашидович, мана, сиз сўраган йигит — Худойберди Маҳмудов шу киши бўлади,” деди. Улуғ зотнинг   салобатлари босганди. Шароф ота  салом бериб қўл узатдилар, стулга ўтиришга таклиф қилдилар.

— Раҳмат, ўғлим! Қилаётган ишларингиздан жуда миннатдормиз! Бу ерда ҳам сиз ҳақингизда кўп яхши гаплар эшитдик.

— Шароф ота! Биз Термиз ҳайвонот боғининг донғини дунёга таратишимиз мумкин! Бунинг учун  ёрдамингиз керак. 3 йилдан буён югураман, ҳеч ким мени эшитмаяпти. Сиз ёрдам бермасангиз, бошқадан умид йўқ!

— Мендан қандай ёрдам керак, ўғлим?

— Ҳайвонот боғимизда ҳозир 100 дан ортиқ турдаги 500 га яқин ҳайвон бор. Иқлимимизга мослашган ҳайвонлар, айниқса, мушуксимонлар жуда яхши кўпаймоқда. Бошқа ҳайвонот боғлари ва циркларни ҳам қўлга ўргатилган йўлбарс ва бошқа ҳайвонлар билан таъминлаяпмиз. Яқинда бизга, Термиз ҳайвонот боғига совуқ иқлимга мослашган ҳайвонларни юбормоқчи бўлишди. Аммо мен бунга қаршилик қилиб турибман! Чунки, биздаги мавжуд шароитда фақат иссиқ иқлимга мослашган ҳайвонларни боқиш ва кўпайтириш мумкин. Худди шунингдек тоғли, ўрмонли ҳудудларимизда ҳам иссиқ иқлимли баъзи ҳайвонларни кўпайтириш имкониятига эгамиз. Аммо совуқ ва субтропик ўлкаларнинг ҳайвонларини олиб келиб, сақлашимиз  учун 50-60 гектарлик янги ҳайвонот боғи қуришимиз, уларнинг иқлимимизга кўникиб, яшаб кетишлари учун махсус шароит яратишимиз керак. Акс ҳолда, улар ҳозирги шароитимизда иқлимимизга  мослаша олмай нобуд бўлишади. Аммо бу ҳайвонлар бизга жуда керак! Бу масалада ҳатто “Москва шаҳар қурилиш” ташкилотига қадар бордим. Розилик билдиришмади. Шунингдек, янги ҳайвонот боғининг чизмасини чизишга ҳам ҳеч кимнинг юраги бетламаяпти.

— Бу ерда неча йилдан буён ишлаяпсиз? — дея сўради Шароф ота.

— Беш-олти йил бўлиб қолди…

— Абдуҳолиқ Каримович! Бир талаба институтни неча йилда битиради?

— Тўрт-беш йилда, Шароф Рашидович — деди Абдуҳолиқ Каримов.

— Кўрдингизми!? Бу йигит беш-олти йилда ҳайвонот боғи тўғрисида ҳатто академикларингиз  билмайдиган нарсаларни ҳам  ўрганибди! Раҳмат, ўғлим! Биз халқ, пахта, режа деб югуриб ҳайвонот дунёси ҳақида унутиб қўйибмиз!  Сизга қандай ёрдам керак бўлса, қўллаб-қувватлашга тайёрмиз! Хўш, ўша, янги қурилиши лозим бўлган ҳайвонот боғи учун қанча маблағ керак бўлар экан?

— 22, 23 миллион атрофида! — дедим.

— Менинг фақат 3 миллионгача бўлган маблағни эркин ишлатишга ваколатим бор. Ундан кўпи учун Москванинг рухсатини олишим керак — деди ота.

Шунда Шароф отага қанчалар оғир эканлигини тушуниб етдим. Ота жилмайдилар:

—     Ўғлим! Қандай бўлмасин, янги ҳайвонот боғи учун рухсатни оламиз! Қурганда ҳам қойилмақом қилиб қурамиз!

Бу гапларни шунчалар самимий, қатъият ва ишонч билан айтдиларки, беихтиёр кўзларимга ёш келди.

— Абдуҳолиқ Каримович! Нормўмин Туропович! — Шароф ота воҳа раҳбарлари томон ўгирилдилар. — Ишлайдиган одамни қўллаб-қувватлаш керак! Иккингизга ҳам қатъий топшириқ, ҳар йили икки марта, ҳосил йиғим-теримига қадар бир марта, йиғим-теримидан сўнг яна бир марта ҳар бир туман аҳолисининг ҳайвонот боғини келиб кўришини ташкиллаштирасиз! Одамларимиз бундай гўзалликдан баҳра олишлари шарт! Ҳайвонот боғимизни хорижликлар тан олиб, эътироф этиб турса-ю, ўз ҳалқимизнинг буни билмаслиги, келиб кўрмасликлар қандай гап?

Шароф ота ёрдамчисига юзланди. — Сиз ҳозир бу киши билан бирга бориб, ҳайвонот боғини атрофлича ўрганиб чиқиб, тушгача менга  ҳисоботини киритасиз!

Кўп ўтмади, Термиз ҳайвонот боғини янгидан қуриш борасида қўшма қарор тасдиқлангани тўғрисидаги хушхабарни етказишди. Қурилиш ишлари бошланди. Режадагидек, аввал айиқхона қурила бошланди. Хурсандчилигимизнинг чеки йўқ эди…

Аммо… Шароф отанинг бевақт ўлими сабаб қурилиш ҳам таққа тўхтади. Шароф Рашидовнинг оламдан ўтиши барчамиз учун жуда катта йўқотиш, оғир жудолик бўлди. У зотга меҳрим бўлакча эди. Бу кунлар мен учун туркман халқ нақлида айтилганидек, “ойим охир бўлган”, яъни файзли кунлар тугагандек бир белги эди…

Мурожаат қилмаган кишим қолмади. Ота оламдан ўтгани билан, у кишининг қарорлари турибди-ку, бажариш керак дедим, эшитгувчи, тинглагувчи бўлмади. Кўп оввора, сарсон бўлишимга тўғри келди… Ниҳоят, вилоятнинг собиқ ҳокими Жўра Норалиев ҳузурига кирдим, вазиятни тушунтирдим. У киши, хайрли бу иш тўхтаб қолмаслиги керак, деди. Бир неча кун ўтиб, “Госплан”нинг бу борада рухсати олинганини билдирдилар. Янги ҳайвонот боғи  қуриш ишлари яна жонланди ва бугунги кунга қадар давом этмоқда.

Иқтисодий тақчиллик ҳайвонот боғимизни ҳам четлаб ўтмади. Ҳарчанд уринмайлик, егулик ва емиш олишга маблағ йўқлиги сабабли ҳайвонот боғимиздаги аҳвол ҳам кун сайин оғирлашиб бораверди. Шу сабаб  12 турдаги ҳайвонни асраб қолиш мақсадида Тошкентдаги ҳайвонот боғига бериб юборишга мажбур бўлдим…

Шу ўринда яна бир ҳақиқатни айтиб ўтишни жоиз топдим, Шароф ота қорабайир отларини кўпайтириш борасида қарор чиқариб, Сурхондарё, Қашқадарё ва Жиззах вилоятларида от  спорти мактабларини ташкил қилганди. Ўша вақтда Сурхондарё отчопари тасарруфида 30-35 та қорабайир от бор эди. Отанинг вафотидан сўнг барчаси талон-тарож бўлиб, дарахтлар кесилиб, ўтин қилинди, отчопар ҳудудидаги ерлар хусусийлаштирилиб, экинлар экила бошланди…

Ота шундайин, кўп файзлик ва барокатлик инсон эдилар!..

Яратганга шукур, бизга атагани ҳам бор экан, вилоятимизга яхши раҳбар келиб, бошқа барча соҳа ва жабҳалар билан бир қаторда узоқ йиллар эгасиз ва қаровсиз қолган Термиз отчопарига ҳам алоҳида эътибор қаратдилар ва катта ободончилик ишлари амалга оширила бошланди.

Бугун жамиятда бўлаётган ўзгаришлар мавжуд муаммолар юкини бир ёки икки кишининг елкасига ташлаб қўйиб бўлмайди. Ваҳоланки, бу йўлда барчамиз бирдек камарбаста бўлишимиз, ўзимиз, Ватан учун  қила олмаган, амалга ошира олмаган ишларимизни эса фарзандларимиз камолига қаратиб, уларни мамлакат шаъни-ори учун яшайдиган асл фарзандлар қилиб вояга етказишимиз лозим!

Фақат шундагина, Шароф отанинг руҳи биздан рози бўлади!

Суҳбатдош:
Эркин НОРСАФАР

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

“Аёл ва замон” марказида янги лойиҳа

Воҳамиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётида нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳам ўз ўрни бор. Бу борада “Аёл ва замон” …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan