Бош саҳифа / Жамият / “Ойи, байрамда ўқ “ПАР-ПАР” кўйлак кияман!”

“Ойи, байрамда ўқ “ПАР-ПАР” кўйлак кияман!”

Боғчага қувноқ кайфиятда келаётган она-болани тарбиячи қарши олди.

— Аяжониси, кейинги ҳафта Янги йил байрам тадбиримиз бўлиб ўтади. Гуруҳдаги ҳамма қизлар оппоқпарпаркўйлак кийишаяпти. Сиз ҳам Ҳилолага шунақа кўйлакнинг ҳаракатини қилинг, — деди тарбиячи. Онанинг кайфияти ўзгарди. Ва тортиниброқ сўради:

—        Оппоқ “пар-пар” кўйлак кийиши шартми, қизимнинг бирорта чиройли кўйлагини байрамона қилиб безатиб берсам бўлмайдими? Яқинда қишки кийим олиб бергандим. Бунинг устига, шу ой бироз харажатимиз ҳам кўпайди, ҳозир бунақа кўйлак олиб беришга имкониятим йўқ.

— Йўқйўқ, нималар деяпсиз, оқ кўйлаги йўқ бўлса, “прокатга олинг. Қолаверса, битта бойвачча отаона телевидениенизаказқилган. Ҳамма чиройли оқ кўйлак кийсаю, битта сизнинг қизингиз ажралиб қоладими?

Онаси ва тарбиячисининг суҳбатини кузатиб турган Ҳилола эса оқ кўйлак киймаса, дугоналаридан ажралиб қолишини ўйлаб, йиғламсираб бошлади. Қизининг бу ҳолатини кўрган она баттар эзилди. Яна эътироз билдирган эди, тарбиячи мудира билан гаплашишини айтиб, хонасига кириб кетди. Болалар боғчасидан ташвишли кўйда чиқиб кетаётган она боласига шоҳона кўйлак олиб беролмаслигию рўзғорнинг охири йўқ ташвишлари олдида ожиз қолганини ўйлаб, кўзига ёш олди.

Дарвоқе, Янги йил байрамига доим ўзгача тайёргарлик кўрамиз. Айниқса, қорбобо ва қорқизни кўриш ва улардан совға олиш умидида болажонларимиз интиқиб кутган бу байрам мактабгача таълим муассасалари ва мактабларда кўтаринки кайфиятда нишонланади. Болалар эса турли эртак қаҳрамонларининг либосларини кийиб, шеър лар ёд олишиб, саҳна кўринишлари тайёрлашади. Бу албатта, фарзандларимизга қувноқ кайфият улашади. Бироқ, байрамда қандай либос кийиш ота-оналарнинг имкониятидан келиб чиқиб ташкил этилиши керак, назаримда.

Аксарият мактабгача таълим муассасаларида байрамларда келинларникидек оқ кўйлак кийиш урф бўлган. Тўғри, бу байрамга ярашиқли чиройли либос бўлиши мумкин, лекин бор-йўғи бир ё икки марта фақат байрамдагина кийиладиган бу кўйлакнинг нархи ҳамманинг ҳам чўнтагига тўғри келавермайди-да. Масалан, ўртача беш-олти яшар қизалоқлар киядиган бундай кўйлак бозорда ўртача 150 минг сўмдан 200 минг сўмгача сотилаяпти. Энди ҳисоблаб кўринг-чи, бир-икки кийгилик бунақа шоҳона кўйлак сотиб олиб берадиган ота-она унинг пулига фарзандига нечта китоб олиб бериши мумкин?

Оддий мисол, аксарият мактабгача таълим муассасалари фаолиятини ўрганиш жараёнида уларнинг кўпчилигида ўйинчоқлар, бадиий эртак китоблар етишмаслигига гувоҳ бўлдик. Ваҳоланки, ана шу мактабгача таълим муассасаларида ҳам боғчага ёки фарзандига китоб олиб беришни эмас, унинг бир кунлик байрамига қимматбаҳо кўйлак харид қилишни афзал биладиган ота-оналар йўқ эмас.

Ёки нега таълим муассасаларида ота-оналарнинг имкониятидан келиб чиқиб, байрамларда миллий кийимлар кийиш тарғиб қилинмайди? Биз келинларимизнинг елкаси очиқ, қимматбаҳо келин кўйлаги ўрнига миллий ва замонавий урфда тикилган либослар кийишсин, деб бонг урамизу лекин шунақа либосга бўлган муҳаббатни боғча ёшиданоқ қизларимизга байрамларда оқ кўйлак кийгизиб, онгига сингдираётганимиз ҳақида ўйламаймиз.

Фикримча, мактабгача таълим муассасаларидаги тарбиячилар, қолаверса, мудиралар ҳам бу ҳақда ўйлаб кўришса, ёмон бўлмасди. Бола учун байрамда қимматбаҳо кўйлак кийиш эмас, балки кўпроқ китоб ўқиш, билим олиш муҳимлигини тушуниб етишармиди. Қолаверса, ота-оналарни ҳам шунга ундашармиди!?

Феруза РАҲМОНҚУЛОВА

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Жарима тўлади

Бугунги кунда юртимизда тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган шахсларга ҳамма қулайликлар яратилган. Жумладан, кўпчилик шахсий …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE