Бош саҳифа / Жамият / ОИВ тарқалишига кимлар сабабчи?

ОИВ тарқалишига кимлар сабабчи?

ЁКИ ИНСОНИЯТГА ХАВФ СОЛАЁТГАН КАСАЛЛИК

Бутун Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотига кўра, бугунги кунда дунё бўйича 45,4 млн. киши ОИВ инфекцияси билан яшамоқда. Хасталик глобал эпидемияси барча мамлакатларни қамраб олди.

Вилоятимизда ҳам бу касаллик эпидемияси бошланғич даврида хорижий фуқаролар орасида қайд этилган бўлса, кейинги йилларда маҳаллий аҳоли ўртасида ҳам кузатилмоқда. Кейинги беш йил ичида ОИВ инфекцияси тарқалишининг кўпайиши рўй бермоқда. Вилоятимизнинг барча ҳудудларида ОИВ инфекциясига чалинган шахслар рўйхатга олинган. Касалликнинг юқори кўрсаткичлари Термиз шаҳри, Термиз, Денов, Ангор, Сариосиё, Узун, Музработ туманларида кузатилмоқда. Вилоятимизда 2 мингга яқин киши ОИВ инфекцияси билан яшаяпти, 900 нафардан ошиқ ОИВ инфекциясига чалинганлар вафот этган.

Вилоятимизда ОИВ инфекцияси тарқалишининг биринчи ўринда бўлган йўли жинсий алоқа (80 фоиз) орқали юқишидир. Тартибсиз жинсий алоқа қилиш, хусусан, рағбатлантириш эвазига жинсий хизмат кўрсатувчи шахслар хизматидан фойдаланиш асосий сабаб бўлмоқда.

Юқиш хавфи юқори бўлган гуруҳлар вакиллари ўртасида вирусли гепатитларнинг В ва С турлари, захм касаллиги тарқалишининг юқори даражаси билан белгиланади.

Вилоятимизда эпидемия тарқалишига оид ички омиллар билан бирга ташқи омиллар ҳам сезиларли рол ўйнамоқда. Аҳолининг ўзаро миграцияси кучли бўлган давлатлар, энг аввало, Россия Федерациясида ОИВ инфекциясининг тарқалганлик даражаси юқорилиги шулар жумласидан.

Касалликнинг кўпайиши вилоятимиз чегара ҳудудида жойлашганлиги ва меҳнатга лаёқатли, репродуктив ёшдаги аҳоли бир қисмининг меҳнат миграциясида иштирок этиши билан изоҳланади. Масалан, 2018 йилда ОИВ инфекцияси мавжудлиги аниқланганларнинг 68 нафари (35,5 фоиз) миграцияга чиқиб, инфекция юқтириб келган. Шулардан 5 нафари касалликни (14 фоиз) жинсий шерикларига ҳам юқтирганлиги аниқланди. Миграцияга чиқиб, ОИВ инфекциясини юқтириб келган шахсларнинг 60 фоиздан кўпи эркаклар ва оила қурмаганлардир.

ОИВ инфекцияси сурункали касаллик бўлиб, уни бутунлай даволаш имкони ҳали мавжуд эмас. Шу сабабли беморлар бутун умрлари давомида тиббий ёрдамга муҳтож бўладилар.

ОИВ инфекцияси юқишининг олдини олиш борасидаги чора-тадбирларни амалга оширишни аҳолининг барча қатлами ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишдан бошлаш зарур. Нафақат тиббиёт ходимлари, ҳар бир инсон ўз соғлигини ҳимоя қила билиши керак. Ушбу инфекция тўғрисида ёшларимизнинг билим даражасини ошириш, соғлом турмуш тарзини шакллантириш мактаб, коллеж, олий ўқув юртларида, маҳалларда амалга оширилиши лозим.

Р. АБУЗЯРОВА,
вилоят ОИТСга қарши кураш маркази врач-эпидемиологи,
Х. ТАНГРИЕВ,
марказнинг Шеробод туманлараро ОИВ диагностика
лабораторияси врач-лаборанти.

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Газетанинг янги сонини ўқинг!

“Сурхон тонги” газетасининг 2020 йил 5 августдаги сонида сиз кутган мақолалар нашр этилган: — “Тез …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan