Оилани асранг, одамлар!

0
34

Ангор тумани ҳокимлигида Ўзбекистон Республикаси Олий суди, хотин-қизлар қўмитаси ҳамда “Оила” илмий маркази ҳамкорлигида очиқ мулоқот ташкил этилди.

Сир эмаски, кейинги пайтларда жиноятчиликнинг олдини олиш, унинг сабабларини ўрганиш ҳақида кўп фикр-мулоҳазалар билдирилмоқда. Таҳлиллар ва ўрганишлар шуни кўрсатмоқдаки, содир этилаётган жиноятларнинг аксариятида оилаларнинг дарз кетганлиги бош сабаб сифатида намоён бўлмоқда. Оилавий ҳаётга тайёр бўлмаган ва қадриятларимизга беҳурмат қараган кишилар, афсуски, турмушда ҳам кўп йўқотишларга учрамоқда. Энг ачинарлиси, бегуноҳ болалар ота-она меҳридан мосуво бўлишаяпти. Катталардан илиқлик кўрмаган меҳрсиз болаларнинг ҳаёти ҳам, афсуски, жиноят кўчасида давом этаяпти. Бундан эса бутун жамият зарар кўрмоқда.

Хотин-қизлар ва вояга етмаган фарзандлар ҳуқуқини самарали ҳимоя қилиш, оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш ва ажралишларнинг олдини олишга қаратилган ушбу тарғибот тадбирида шулар хусусида сўз юритилди. Дастлаб туман ҳокими Б.Ибатов ушбу мулоқот бугунги куннинг долзарб мавзуси эканлигини таъкидлади. Сўнгра Олий суд раисининг ўринбосари Холмўмин Ёдгоров, вилоят ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Мавлуда Қобулова аниқ рақамлар асосидаги таҳлилларни баён этди. Маълумотларга кўра, жорий йилнинг 6 ойида вилоятимизда 784 та оилавий ажрим рўй берган. Яна кўплаб фуқаролар томонидан судларга шу мазмундаги аризалар тақдим қилинган. Маърузачилар томонидан оилавий ажримлар натижасида юзага келаётган ижтимоий муаммоларга барҳам бериш, бу борада кенг жамоатчиликнинг иштирокини таъминлаш ниҳоятда муҳим эканлиги таъкидланди. Аввало, ишсиз аёллар бандлигини таъминлаш, улар ўртасида доимий мулоқотлар ва психологик хизматни тўғри йўлга қўйиш, мавжуд муаммоларни ўз вақтида бартараф этиш лозимлиги қайд этилди.

Айтиш жоизки, мазкур учрашув республика миқёсидаги ана шундай тадбирларнинг навбатдагиси бўлиб, очиқ мулоқотларда хотин-қизлар қўмитаси, “Оила” илмий маркази, ФҲДЁ бўлимлари, ёшлар иттифоқи, “Маҳалла” жамоат фонди, “Нуроний” жамғармаси, фуқаролик ишлари бўйича вилоят суди вакиллари, имом хатиблар, маҳалла фаоллари иштирок этишмоқда. Тадбирда мамлакатимиздаги жазони ўташ муассасаларида вояга етмаганлар ва аёллар билан ўтказилган мулоқотлардан видеолавҳалар намойиш қилинди. Адашганлар қисматининг бош сабаби оила ҳаётига енгил қараганлик, қаноатсизлик эканлиги лавҳаларда ўз аксини топди.

Шу куни фуқаролик ишлари бўйича судларга оилавий ажримлар билан мурожаат қилган фуқаролар билан ҳам мулоқотлар ўтказилди. Унда Олий суд вакиллари, вилоят хотин-қизлар қўмитаси ҳамда “Оила” маркази раҳбарлари ва ходимлари иштирок этишди. Узоқ давом этган мулоқотлардан сўнг 4 та оиланинг тикланишига эришилиб, уларга масъуллар бириктирилди.

Баҳром НОРМУРОДОВ

ЖАВОБ ҚОЛДИРИНГ:

Илтимос изоҳингизни киритинг
Илтимос исмингизни шуерга киритинг