Бош саҳифа / Жамият / Оилалар маънавий соғлом бўлсин!

Оилалар маънавий соғлом бўлсин!

Оила — ўзбек ҳалқининг инсоний фазилатлар, эзгуликлар шаклланадиган, қадриятлар улуғланиб, юксак маънавияти бўй кўрсатадиган муқаддас ошёнидир.

Мустақиллик йилларида жамиятда оиланинг мавқеини ошириш, манфаатларини таъминлаш ва муҳофаза қилиш, ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, кам таъминланган оилаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, баркамол авлодни тарбиялашдаги ролини кучайтириш борасида изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Маънавий етук ва жисмонан соғлом авлодни тарбиялашда оиланинг ўрни беқиёс. Шу боис, халқимизнинг азалий қадрият ва анъаналари эътиборга олиниб, Конституциямизга «Оила» боби киритилган. Шунингдек, ўтган давр мобайнида Оила кодекси, оила билан боғлиқ 50 дан ортиқ қонун, Президентимизнинг 20 дан ортиқ фармон ва қарорлари қабул қилинди.

Бугун ахборот технологиялари тобора ривожланмоқда. Бу фарзандларимиз тарбиясидаги янги муаммоларни юзага келтираяпти. Халқимиз менталитетига бутунлай ёт бўлган, оилавий қадриятларни топтайдиган ахборотларнинг кўплиги ҳам оилавий ва қариндошлар ўртасидаги муносабатларга салбий таъсир этмоқда.

Бунга мисол қилиб, жорий йилнинг 5 ойида содир этилган 188 та қасддан одам ўлдириш ва унга суиқасд қилиш каби жиноятларнинг 84 таси оилавий келишмовчиликлар сабабли содир этилганини келтириб ўтиш мумкин. Бу умумий жиноятларнинг 45 фоизини ташкил этган.

Республика миқёсида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятларнинг барвақт олдини олиш борасида қатор тадбирлар амалга оширилган бўлса-да, айрим ҳудудларда оила-турмуш муносабатлари билан боғлиқ маиший жиноятлар ҳамон учраб турганлиги бу борада ишларни янада ривожлантиришни талаб этмоқда.

Халқимизнинг минг йиллик урф-одат ва қадриятлари, жамиятимизда шаклланган ҳулқ-атвор нормаларига хилоф равишда бундай жиноятлар содир этилаётганлиги ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва жамоатчиликнинг масалага қай даражада ёндашаётганини кўрсатиб турибди. Яъни бундай ҳолатлар ҳудудлардаги ички ишлар органлари, маҳалла фаоллари, хотин-қизлар қўмиталари ҳамда бошқа мутасадди идораларнинг ўзаро ҳамкорлиги, маълумот алмашув тизими лозим даражада йўлга қўйилмаганлигини, нотинч оилаларни аниқлаш, улардаги зиддият ва келишмовчиликларни ўрганиш, мавжуд муаммоларга барҳам бериш ҳамда жанжаллашаётган қариндошларни яраштиришга қаратилган ҳаракатлар тўлақонли ўз самарасини бермаётганини кўрсатмоқда.

Хусусан, юқоридаги жиноятларнинг 16 таси рашк туфайли, 13 таси ичкиликбозлик таъсирида, 7 таси руҳий касаллик туфайли, 5 таси ғараз ва таъмагирлик ниятида, 36 таси маиший муносабатлардаги турли келишмовчиликлар ва 7 таси бошқа сабабларга кўра содир этилган. Албатта, бу тоифадаги жиноятларни содир этиш ҳақидаги ўй-фикр ҳеч қайси инсон онгига бир кечада келиб қолмайди, бунга йиллар давомида газак олиб келган аччиқ муносабатлар сабаб бўлади. Ҳар нарсанинг чораси бўлгани каби бу тоифада содир этилаётган жиноятларнинг олдини олишга эришиш ҳам мумкин. Бунда нафақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари, балки ҳокимлик, таълим, соғ лиқни сақлаш, маҳалла, ўзини ўзи бошқариш органлари мутасаддилари ва кенг жамоатчилик ҳамжиҳатликда ҳаракат қилиши даркор.

Бунинг учун жамиятнинг барча бўғинида бефарқлик кайфиятига қарши қатъий курашишимиз, нотинч оилаларнинг аниқ рўйхати асосида профилактик ишлар самарадорлигини оширишимиз, улардаги муаммо ва низоларни ҳал этиш чораларини кўришимиз лозим. Чунки ҳар бир содир этилган жиноят ортида, аввало, инсон такдири, фуқаролар ҳуқуқ ва манфаатларининг ҳимояси, қолаверса, жамият ва давлат манфаатлари турганлигини эсдан чиқармаслик керак.

Хулоса қилиб айтганда, ҳуқуқий демократик жамият инсоний муносабатлар эъзозланган, қонун устувор бўлган жойда тараққий этади. Жамиятнинг кичик бўғини бўлмиш оила, унинг аъзолари тотувлиги таъминланиб, оилаларимизда мустаҳкам маънавий муҳит барқарор бўлса, бундай жамият асло парокандаликка юз тутмайди.

Алишер ИМОМНАЗАРОВ,
Бош прокуратура бошқарма бошлиғи

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Сувга чўкишдан сақланинг!

Сўнгги вақтларда вилоятимиз ҳудудида фуқароларнинг, айниқса вояга етмаганларнинг сув ҳавзаларида чўкиб кетиши билан боғлиқ нохуш …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE