Оилалар иноқлигида

0
25

хотин-қизлар мутахассисларининг роли

Санобар ўз ҳис-туйғуларини сўз билан ифодалай олмайди. Қанийди забони бўлсаю дилидагини яқинларига тушунтира олса… Куюниб қилган имо-ишоралари атрофдагиларнинг ғашига тегади. Аммо у ҳам барча қатори ҳаётини чиройли қилишни истайди.

Турмуш ўртоғи ҳам ўзидек безабон бўлгани етмагандек, икки қизи ҳам шундай туғилди. Бояқиш Санобар дардини кимга айтсин. Тўрт мучаси соғ овсини 3 хонали уйда яшаса, Санобар ва турмуш ўртоғи Эшмўмин тор ва қоронғу хонада яшашга маҳкум. Бундан сал норозилик бўлдими, қайнота ва қайнона икки ёшни ажратишга тушади. Санобар сира ажрашишни истамайди. Бошида Эшмўмин ҳам шундай фикрда эди, аммо баъзида ота-онаси томонга ҳам ён босиб қолади. Эшмўминнинг отаси бир неча бор маҳаллага, судга арз қилди. Яхшиямки, Ангор туманидаги “Занггиламбоб” маҳалласида хотин-қизлар билан ишлайдиган Зуҳра Туропова бор. Айни шу аёлнинг ҳаракатлари билан оила сақлаб қолинди.

— Эшмўмин ва Санобар туғма гунг бўлганлиги сабабли уларни тушуниш ва ниманидир тушунтиришимиз бироз қийинчилик туғдиради, — дейди маҳалладаги хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассис Зуҳра Туропова. — Логопед мутахассисларга шундай пайтларда эҳтиёж сезамиз. Тўғри, оддий имо-ишораларни тушуниб қолганмиз, лекин муаммоли вазиятларда маслаҳатларимизни етказиш қийин бўлади. Аммо қаловини топсанг, қор ҳам ёнади, деганларидек оиланинг яқинлари, қўни-қўшнилари ёрдамида уларни яраштирдик.

Санобар ва Эшмўминнинг қизлари Сарвара ва Дилнурани Шўрчи туманидаги махсус мактаб-интернатга Зуҳра опанинг ўзи олиб бориб жойлаштириб келди. Қизлар илм ўрганиб, тарбияси, ўзини тутишида ижобий ўзгаришлар сезила бошлади.

“Занггиламбоб” маҳалласида аёллар қалбига йўл топа оладиган, оилаларнинг мустаҳкамлиги йўлида елиб-югурадиган бу аёл мутахассис этиб тайинланганидан бери иш завқини бошқача туя бошлади. Олдингидан ҳам кўпроқ елиб югурди. Оилалар дардини тинглаб, муаммоларини ўрганишга астойдил бел боғлаган. “Занггиламбоб” маҳалласида ёрдамга муҳтож, ногиронлиги бўлган хотин-қизлар ҳолидан тез-тез хабар олиниб, уларга керакли маслаҳатлар, тадбиркорлик қилишлари учун таклиф ва тавсиялар бериб келинмоқда.

Жумладан, I гуруҳ ногирони 56 ёшли Зарбиби Азизованинг ногиронлик аравачасига муҳтожлиги аниқланиб, қисқа муддат ичида аравача билан таъминланди.

Маҳаллада ишнинг кўзини биладиган тадбирли хотин-қизлар кўп. Улар орасида Ҳафиза Дўсанова, Мавлуда Раҳматова, Соҳибжамол Қулманова каби аёллар ўз томорқаларида иссиқхона қуришиб деҳқончилик билан шуғулланишса, Муҳаррам Исматова каби меҳнасевар аёллар эса тандир ясаб, оила бюджетига даромад келтиришмоқда.

“Занггиламбоб”, “Зартепа” маҳаллалари аҳли узоқ йиллардан буён қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаб, тўю ҳашарларда, байрам тадбирлар, маъракаларда ҳам “лаббай” деб хизматга шай туришади, қиз олиб, қиз бериб қуда-андачиликни ҳам жойига қўйишган.

“Зартепа” маҳалласида хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-аҳлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассис Робия Назимова ҳам ўн икки йиллик умрини шу маҳаллага бағишлади. Маҳалла аёллари бошига ташвиш тушганда Робия опага мурожаат қилишади. Бу маҳалла аёллари ўз турмуш ўртоқлари билан елкама-елка туриб меҳнат қилади, оила бюджетига фойда келтиради. Ҳасановлар оиласи чилангарлик билан шуғулланиб келишса, Нигора ва Акбар Чоршанбиевлар оиласи меҳнатлари меваси бўлмиш тарнов ва шу каби уй-рўзғор ашёлари, карнай-сурнай чолғу асбоблари харидоргир.

— Ёлғиз она сифатида ўғлимни вояга етказдим, — дейди Момохол Маматалиева. — Жигаримда эхинакокк борлигини аниқлашди. Ҳозирда нафақадаман, мавсумий паллада далада меҳнат қиламан. Маҳалламиз фаолларига минг раҳмат, айниқса, Робияхонга. Уларнинг маслаҳат ва тавсиялари билан Республика касаба уюшмаларидан 10 миллион сўм ажратилиб, уйимиз таъмирдан чиқарилди.

Мутахассис нафақат маҳалла аёллари билан ишлайди, балки мактаб ёшидаги ўқувчи ёшлар тарбиясига ҳам катта масъулият билан қарайди. Эрта никоҳнинг олдини олиш, қизларни катта ҳаётга тайёрлаш борасида турли тадбирлар, кўрик-танловлар уюштириб, мактаб маъмурияти, тиббиёт мутахассислари ва Ёшлар иттифоқининг туман бўлими фаоллари билан ҳамкорликда иш олиб бормоқда. Ўз навбатида, маҳалла қизлари ҳам ҳар ишда фаол. Турли кўрик-танловлар, фан олимпиадалари, спорт мусобақаларида ўзларини синаб келмоқда. Спортнинг каратэ тури бўйича Элмира Бозорова, Мафтуна Жумаева каби Ўзбекистон чемпионларининг етишиб чиққанини алоҳида эътироф этмоқ лозим.

Ангор туманида Қум массив деган қишлоқ бор. “Зартепа” маҳалласига қарашли бу ҳудуд маҳалладан 7 километр узоқликда жойлашган. Шунга қарамай маҳалла раиси А. Турапов ва мутахассис Робия Назимовалар ҳар ҳафта, зарур пайтларда кун ора бориб туришади. Қишлоқ аҳли, хотин-қизларни ўрганиб, улар ҳолидан хабар олишади.

Вилоятимизда мана шундай намунали, ўрнак бўлишга арзийдиган маҳаллалар, уларнинг жонкуяр раислари ва хотин-қизлар билан ишлайдиган маслаҳатчилари ўз ишларига масъулият билан ёндашсалар, жамиятда оилалар мустаҳкамлигига хизмат қилади.

Сайёра АЛЛАЕВА

ЖАВОБ ҚОЛДИРИНГ:

Илтимос изоҳингизни киритинг
Илтимос исмингизни шуерга киритинг