Бош саҳифа / Жамият / Оила—юрт таянчи

Оила—юрт таянчи

Газета ўқиётиб, қашқадарёлик Лола Ўроқованинг қатралари эътиборимни тортди. Унда икки қайнонанинг келини ҳақидаги суҳбати берилган эди. Аёл дугонасига хонадонига янги келин туширганини, келинининг хислатларини тўлиб-тошиб гапиради.

— Яратганга шукр, худди кўнглимдагидек келин учради. Ҳамма иш қўлидан келади. Овқатининг мазаси оғзингдан кетмайди. Каллайи саҳарлаб туриб, ҳовлию кўчаларни супуриб-сидириб, нонушта тайёрлайди. Ишга кетаётсам, ширинсуханлик билан кузатиб, қайтганимда ёруғ юз билан кутиб олади. Қўлимдан ҳамма ишимни олган. Мен, фақат елпиғич елпиб, ҳузур ҳаловатда ўтирибман, деган мазмундаги гапларни айтади.

Орадан бир йил ўтиб, улар яна учрашиб қолишади:

— Яхши юрибсизми? Келин қандай, хизматингизни қилаяптими?

Бу сафар ҳалиги аёл:

— Бўлади, — дея зўрға жавоб қайтарган экан.

Демак, келинлар қанчадир муддатгача асл юзини ниқоб билан яширар экан-да, деган фикрга боргандирсиз. Ҳақиқатдан ҳам ниқобда юришнинг нима кераги бор? Боз устига шу ниқоб ярашган экан, нега энди бир умр ўша ниқобда қола қолмайди…

Ишхонамизда ҳам қайнона-келин муносабатлари ҳақида гап кетди. Суҳбат асносида бир оила ҳақида эшитиб, қани эди ҳамма оилага ҳам ана шундай келинлар насиб бўлса, деган хаёлга бордик. Ўша оиланинг қайнона-келин муносабатлари ҳақидаги воқеаларни қайнона тилидан айтиб бермоқни лозим топдик. Зеро, келинларимиз айни шундай келин бўлсинлар. Қайноналаримиз мулоҳазали, тадбирли қайнона бўлишса, оилаларимиз мустаҳкам, ҳаётимиз бахтли онларга тўла бўлади.

— Битта ўғлим бор. Хонадонимизга келин туширсам, қандай келин чиқаркин? Ишқилиб келиндан ёлчий-да, деган ҳадикда эдим. Айтганимдек, элга тўй бериб, ўғлимни уйлантирдик. Келинимиз шунчалик яхши, меҳрибон ва ғамхўрки, ишга ёруғ юз билан кузатиб, келганимда ҳам ана шундай кутиб олади. Ҳол-аҳвол сўрашни ҳам жойига қўяди. Мана, келганига бир неча йил бўлди, ширингина неваралик ҳам бўлдик. Ишдан келганимда дастурхон тузаб, ҳурматимни жойига қўяди. Боласи йиғлаб ётган бўлса, хонасига киради-да, билмадим сеҳр қилгандек, бола ҳам бирданига овунади. Овқатланиб бўлиб, чарчоқларим чиқиб ўтиргандан кейин, набирамни ёнимга олиб келади. Қачон, қандай муомила қилишни жуда яхши билишига қойил қоламан. Ишдан келганимдан боласини тутқазиб, чойга уннаши ҳам мумкин эди-ку! Аммо келиним ҳеч қачон бундай йўл тутмайди.

Мана шундай, келинимдан кўнглим тўқ бўлиб юрган кунларнинг бирида бир воқеа юз берди-ю, кўнглимда ҳадик ўрмалади. Доимгидек ишдан келсам, набирамнинг иссиғи баланд. Келинимнинг юзида эса доимгидек хотиржамлик ҳолати. Табассум билан елиб-югуриб хизматни қилиб юрипти. Балки ёдидан чиққандир, дея:

— Қизим, ўғлингизнинг иссиғи юқори-ку, — десам, келин пинагини ҳам бузмади.

— Ҳаммаси яхши бўлади, — деди етмаганига жилмайиб.

Аммо набирамнинг иссиғи тушадиганга ўхшамасди. Зудлик билан тез ёрдам чақиртирдик. Бир неча кунлик муолажалардан сўнг бола соғайиб кетди. Аммо, келинимнинг ўша кунги ҳолати, ўзини тутиши-ю, юз қиёфаси ҳеч ёдимдан чиқмасди. Эси жойида бўлганда, фарзанди бетоблигида шундай хотиржам юрармиди? Жилла қурса, номига ҳам қайғурмаганига ажабландим. У билан гаплашиб олиш учун ёнимга чақирдим. Ўша кунги воқеадан ҳайратда эканимни тушунтириб, сабабини сўраган эдимки, келиним йиғлаб юборди.

— Келин ойим боласи иситган куни акамга ҳам, онамга ҳам ўшқириб, бутун уйни бошига кўтарарди. Боласи касал-да, деб бунга ҳеч ким эътибор бермасди. Аммо жияним ҳам онасининг бу инжиқликлари сабабдек, ҳа деганда тузалавермасди. Шунинг учун, оила қурсам ҳеч қачон бундай йўл тутмайман, деб ўз-ўзимга ваъда бергандим,— деган гапларини эшитдиму, келинимнинг оқилалигига яна бир бор тан бердим ва ўрнимдан туриб, бағримга босдим. Қизларимга ҳам доимо келинойисини намуна қилиб кўрсатаман. Ана шундай оқила, меҳрибон ва фаросатли келин бўлиб, борган жойида тошдек қотишини насиҳат қиламан, — дея Гулнора опа Равшанқулова гапларини тугатди.

Орамизда ана шундай, ҳамма ҳавас қиладиган оилалар жуда кўп. Бундан баъзи келинларимиз тўғри хулоса чиқарар. Қайноналаримиз келинлари билан муносабатларини йўлга солар. Оилаларимиз тотувлиги, тинчлиги, эл ободлиги, юрт мустаҳкамлигидир.

Зарина ЛОДОНОВА

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Газетанинг янги сонини ўқинг!

“Сурхон тонги” газетасининг 2020 йил 5 августдаги сонида сиз кутган мақолалар нашр этилган: — “Тез …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan